date

НАТО ядровий машғулот бошлади: “Қатъий туш” Европани ҳушёрлантирди

НАТО ядровий машғулот бошлади: “Қатъий туш” Европани ҳушёрлантирди

13 октябрь куни НАТОнинг ядровий тийиб туриш бўйича анъанавий йиллик машғулотлари — Steadfast Noon («Қатъий туш») расман старт олди. Бу йилги манёврлар Шимолий денгиз ҳудудида ўтказилмоқда ва икки ҳафта давом этиши режалаштирилган.

Машғулотларда НАТОга аъзо 14 давлатдан қарийб 2000 ҳарбий хизматчи ва 71 та самолёт иштирок этмоқда. Улар орасида ядровий қурол билан ишлашга мослаштирилган замонавий қирувчи ва бомбардимончи учоқлар ҳам бор.

Америка Қўшма Штатлари бу сафар анъанавий ва ядровий қуролларни олиб юришга қодир бўлган тўртта икки мақсадли F-35 қирувчи самолёт билан иштирок этмоқда. Германия эса учта Tornado қирувчи-бомбардимончиси ҳамда тўртта Eurofighter Typhoon кўп мақсадли самолётини юборган.

НАТО бош котиби Марк Рюттенинг таъкидлашича, “бу машғулотлар ҳар йили ўтказилади ва улар ядровий тўхтатувчи салоҳиятнинг хавфсизлиги, ишончлилиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш учун муҳим”. Унинг сўзларига кўра, манёврлар шу билан бирга “ҳар қандай эҳтимолий рақибга НАТО барча иттифоқчиларни ҳимоя қилишга қодир” эканлигини кўрсатади.

Шунингдек, экспертлар бу машқлар Россияга аниқ сиёсий-ҳарбий сигнал юбориш мақсадида ўтказилаётганини таъкидлашмоқда. Яъни НАТО, зарурат туғилса, ўзини ядровий қурол орқали ҳимоя қилишга тайёрлигини англатмоқда.

Бу йилги операциянинг асосий ҳаво базаси Нидерландиядаги Волкел авиабазаси бўлади. Ёрдамчи кучлар эса Буюк Британиядаги Лейкенхит, Белгиядаги Кляйне-Брогел ва Даниядаги Скридструп базаларида жойлаштирилган.

Машғулотлар тафсилотлари сир сақланмоқда. Аммо ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, улар ерости омборларидан ядровий қуролларни самолётларга хавфсиз ўтказиш, жанговар каллакларни қирувчи самолётларга ўрнатиш ва уларни бошқариш амалиётини ўз ичига олади. Албатта, машқларда ҳақиқий ядровий каллаклар эмас, қўғирчоқ бомбалар ишлатилади.

Бу каби манёврлар НАТО учун нафақат ҳарбий машқ, балки стратегик ҳушёрлик рамзи ҳам ҳисобланади. Улар орқали иттифоқ ўз жавоб бериш тайёрлигини ва ядровий таҳдидларга нисбатан умумий позициясини намоён этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » НАТО ядровий машғулот бошлади: “Қатъий туш” Европани ҳушёрлантирди