date

Отабек Шукуров кечаги учрашувдаги жароҳати ҳақида гапирди

Отабек Шукуров кечаги учрашувдаги жароҳати ҳақида гапирди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Уругвайга қарши ўртоқлик баҳсида 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Беллашувнинг 61-дақиқасида жамоамиз ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров жароҳат сабаб майдонни тарк этди.

Учрашувдан кейин Отабек Sports.uz нашрига қисқача интервью бериб, соғлиғи ва жамоадаги муҳит ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, янги бош мураббий Фабио Каннаваро раҳбарлигида терма жамоада ижобий муҳит шаклланмоқда.

“Янги бош мураббий билан жамоада руҳият жуда яхши. Ҳар бир ўйинчида ишонч ва мотивация бор. Ҳозирча жароҳатлар кўп бўлаяпти, лекин бу табиий жараён, чунки жамоа янги услубга кўникиб бормоқда. Каннаваро ва унинг мураббийлар штаби берган кўрсатмаларни аста-секин тушунаяпмиз. Ин Шаа Аллоҳ, тез орада бу тизимни тўлиқ ўзлаштирамиз”, — деди Шукуров.

Футболчи шунингдек, ўз жароҳати ҳақида ҳам очиқ гапирди:
“Ёзда оёғимни операция қилдирган эдим, у ҳали ҳам тўлиқ тузалиб кетмади. Буни аввал айтмаган эдим, лекин айрим ўйинларда оғриқ сезиляпти. Худо хоҳласа, яқин вақт ичида соғайиб, формага қайта кириб оламан.”

Терма жамоамизнинг етакчиларидан бири бўлган Шукуровнинг бу сўзлари мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди. Чунки у нафақат майдондаги ҳаракатлари, балки жамоа учун бўлган садоқати билан ҳам ажралиб туради.

Маҳаллий футбол экспертларининг фикрича, Каннаваро раҳбарлигида жамоа тўлиқ янгиланиш босқичига кирди. Отабек Шукуров каби тажрибали футболчилар эса бу жараёнда ёшларга намуна бўлиб хизмат қилмоқда.

Шундай қилиб, жамоа янги бош мураббий билан янги йўналишни бошлади ва футболчиларнинг ички муҳитида ишонч ва жипслик янада мустаҳкамланмоқда. Шукуров эса тез фурсатда соғайиб, яна миллий жамоа марказида кўринишига ишонч билдирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Отабек Шукуров кечаги учрашувдаги жароҳати ҳақида гапирди