09:00 / 06.04.2021
2 192

Миллий университет ходими рўмолли қизларни ибодат либосида келишда айблади

Миллий университет ходими рўмолли қизларни ибодат либосида келишда айблади
2021 йилнинг 2 апрель куни Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани ўринбосари Равшан Омонов талабалар билан ўтказган мажлисда яширин ёзиб олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Лавҳадан маълум бўлишича, мажлисда декан ўринбосари талаба қизларга университет ҳудудига ибодат либосида келиш тақиқланишини, бундай кийинган талаба қизларни дарсга киритган ўқитувчиларга ҳам чора кўрилишини билдирган.

«Ўқишга ибодат либосида келиш тақиқланади, бундай кийинганларни дарсга киритган ўқитувчиларга ҳам чора кўрилади. Ташқарида қандай юриш ўзингизнинг ихтиёрингиз, лекин университет ҳудудига кирган вақтда рўмолни орқа тарафга ўраб олишга мажбурсизлар.

Агар университетнинг бу тартиби, қонун-қоидаси сизларга тўғри келмаса, марҳамат қилиб университет билан шартномани бекор қилишингиз ва шунга рухсат берган бошқа ОТМга ўтишингиз мумкин
», – деган у.

Ўзбекистондаги энг катта олийгоҳда бўлиб ўтган ушбу мажлис ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозиликларига сабаб бўлди. Кўпчилик бу ҳолатни ички тартиб-қоидалар баҳонасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш дея баҳолади. Шунингдек, олий таълим муассасалари қачонгача илм-фан қолиб, кийиниш ва «форма» каби майда-чуйдалар билан ўралашиб юриши танқид қилинган.

Ушбу видеолавҳа тармоқда тарқалган куннинг ўзида декан ўринбосари Равшан Омонов Facebook саҳифасида ҳолат бўйича изоҳ ёзди.

«Аввало ризқ Аллоҳдан. Бу университет ички тартиб-қоидалари ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддаси талаби бўйича кечки таълим йўналишида ўқийдиган 1-курс талабалари билан ўтказилган профилактик суҳбат ва тавсиявий характердаги кўрсатма бўлган, холос. Лекин, ҳеч бир талабага мажбурий равишда бу талабларга бўйсуниш шарти қўйилмаганини маълум қиламан. Қолаверса, ҳеч ким қизларнинг рўмол ўрашига қарши эмас. Мен топшириқ ижрочисиман. Яъни ички тартиб-интизом ва кодексини мен ишлаб чиқмаганман», – дея ёзган у.

Кўп вақт ўтмай бу пост ўчириб ташланган.

Кейинчалик, Равшан Омонов ўша видео бўйича постлардан бири остида бундай топшириқни аслида кимлар беришига шама қилиб кетади, лекин айнан қайси ташкилотлигини очиқламайди.

«Хафа бўлманг-ку, ўшалар сизга кўрсатма берса 10 марталаб бажарасиз. Менимча, тушундингиз гап ким ҳақидалигига», – дейди у.

Вазиятга изоҳ олиш учун Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати билан боғландик. Вазирлик вакили Равшан Омоновга талабаларнинг рўмол ўрашини тақиқлаш бўйича вазирлик томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаганини маълум қилди. Ушбу вазиятда декан ўринбосарининг хатти-ҳаракатларига Ўзбекистон Миллий университети ички тартиб-қоидалари ва ОТМ жамоатчилик кенгаши қарори асосида баҳо берилиши қўшимча қилинди.

Ўзбекистон Миллий университети Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Камолиддин Мирзааҳмедов Kun.uz'га берган изоҳида ушбу ҳолатдан ректоратнинг хабари борлигини билдирди. Айни вақтда журналистика факультети декани ўринбосарига ким бундай топшириқ бергани ва нима учун дарсда бу гаплар айтилгани юзасидан университет ички суриштируви ўтказилмоқда.

Камолиддин Мирзааҳмедов ишга доир барча ҳолатлар аниқлангач, Ўзбекистон Миллий университети жамоатчилик олдида очиқ ҳисобот беришини маълум қилди.

Ўзбекистон қонунчилигидаги «ибодат либоси» тушунчаси амалиётда қўллашдаги доимий тушунмовчиликлар ҳамон муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ислом динида бундай тушунча йўқлигини ва қонунчиликдан ушбу термин чиқариб юборилиши кераклигини айтган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳам бу масала эркин бўлиши кераклигини таъкидлаган. «Аслида, ҳар миллатнинг ўз либоси бўлган. Масалан, паранжи бизда бўлган, аммо мусулмон давлатларда паранжи деган тушунча йўқ. Бу нуқтада миллий ва диний либос тушунчалари аралашиб кетган. Менинг ўйлашимча, шу масала эркин бўлиши керак», - деганди у.

Шунингдек, 2020 йилнинг сентябрь ойида Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини тақдим қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов унда аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланаётганини билдирди.

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев эса Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоида бекор қилинаётганини, ибодат либоси тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги билан изоҳлаган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллий университет ходими рўмолли қизларни ибодат либосида келишда айблади