09:09 / 25.04.2021
3 170

Миллат орзуси уй-жой ва қимматбаҳо машинага эга бўлиш-у ҳашаматли тўй қилишми?

Аксарият миллатдошларимиздан бу дунёдаги орзунг нима, деб сўрасак, ҳашаматли уй-жой қуриш, қимматбаҳо машиналар олиш, «ёғли» жойларда ишлаб, «орзу-ҳавас»ларга тўла дабдабали тўй қилиш ҳақида сўзлашади.


Хўш, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам одамлар шундай орзу-ҳаваслар билан яшайдими ёки бу фақат ўзбекларга хос хислатми? Бир ўйлаб кўрайлик, инсонларнинг моддиятни ҳаётий мақсад деб билиши қанчалик тўғри?
Ривожланган мамлакатлар инсон капиталига диққатини қаратаётган бир вақтда фарзандлар таълим-тарбиясидан кўра моддий қимматликлар-у ҳашаматга муҳаббат қўйган миллатнинг эртаси қандай бўлади?  
Бугун биз ўз соҳасининг малакали мутахассислари бўлган жамоатчилик фаоллари билан мавзу юзасидан фикр алмашамиз.

«Одамлар англаши керак: дунё қаёққа қараб кетяпти ва биз қайси манзилларни кўзлаяпмиз»
Социолог Завқиддин Гадоев:
«Моддий дунёга берилиш бутун инсониятга хос туйғу ва у миллатларда турли кўринишга эга. Ташқи кўриниш: уй-жой, машина, қимматбаҳо буюмлар орқали ўзининг кимлигини кўрсатиш, бу аввало, миллат, халқ ёки мамлакатда илмий нуқтайи назар, таълимнинг даражаси билан боғлиқ. Таълим қанчалик юксак даражага етадиган бўлса, тафаккур қилиш, дунёни тушуниш шу даражада юқори бўлади.

Инсон маънавий дунёсини бойитгани сари моддий дунёнинг ҳам ўзига ярашасини белгилаб олади. Ҳаддан ташқари моддиятга берилиш тафаккур қилишнинг чекланиши билан боғлиқ. Ривожланган дунёга эътибор берсак, машина, уй ҳеч қандай кўрсаткични белгилаб бермайди. Одамларнинг уй-жойи йўқ ва бу улар учун фожиа эмас. Ижарада яшашади, чунки уйга кўп пул тикишни исташмайди.

Моддиятга берилиш менталитет билан боғлиқ. Бизда ўзбек менталитети йиллар давомида материализмни асосий ўринга қўйди. Бу ҳолатдан чиқиб кетишнинг ягона йўли таълим. Айниқса, олий таълимдир, чунки миллатнинг кейинги ҳаётини белгилаб берувчилар айнан олий маълумотли кадрлардир. Таълим олиш орқалигина моддий ва маънавий дунёни ажратишни бошлаймиз.
Инсон учун моддият муҳимми ёки маънавий дунё? Албатта, моддиятсиз бўлмайди. Масалан, уй сизга нима учун керак: бошпана, дам олиш маскани. Биз эса бу дунёда худдики бир умр яшайдигандек уй қурамиз, топган пулимизга машина минишни истаймиз. 

Мактабда ва оилада болаларга ҳаётда яшашдан мақсад нима эканини тўғри тушунтиришимиз керак. Тириклик фақат машина олиш, фарзанд кўриш, уни уйлантириш, тўй қилишдан иборат эмас. Болаликдан бизнинг онгимизга сингдиришади: қиз бола туғилса, албатта, келинлик учун тайёрланади, ўғил бола эса моддий жиҳатдан тўкин бўлиши керак. Уй қуриши, улғайгач ота-онани таъминлаши зарур. Одамлар англаши керак: дунё қаёққа қараб кетяпти ва биз қайси манзилларни кўзлаяпмиз.

Миллат буюк ишни амалга ошириши учун аввал унда ғоя бўлиши керак. Бу ғояни таълимда ижтимоий фанлар беради. Олий таълимда ижтимоий фанларнинг салмоғи анча пасайиб кетмоқда ва бу ачинарли ҳолдир. Миллат онги яратувчилик ғояси томон олға боришини истасак, мустаҳкам ва аниқ белгиланган ғоямиз бўлиши керак».

«Таълимга эътиборни оширмасак, ёшлар онгида журъатни тарбиялай олмасак, майда орзулар жамиятига айланамиз»
Ёзувчи, «Қўрқма» романи муаллифи Жавлон Жовлиев:
«Мустақиллик йилларида туғилган ҳар бир ёш Ўзбекистонда материалистик қарашлар билан тўқнашади, ҳаётнинг мураккаблиги, тирикчилик ташвишида юрган ота-онани кўриб улғайган болага муҳит яхшигина таъсир қилади. Бу эса боланинг орзуларидан воз кечиб, тирикчилик қилишига мажбур қилади, жамиятда яшашнинг қийинлигини исботловчи далил бу.

Атрофимдаги одамлардан ҳам биламан: бизга қандай иш қилишимиз эмас, қанча маош олишимиз, нима эвазига ҳақ олишимиз эмас, қанчалик осон олишимиз қизиқ. Одамларнинг уй, машина олишга қизиқишининг сабаби шундай моддий буюмлари бор инсонлар яхши яшаяпти. Жамиятда илм-фан, маърифат тарқатиш билан ишлаётганлар эса хорликда яшаётгани ҳам асосий сабабдир.

Тасаввур қилинг: инсон атрофидаги бу ҳолатни кузатган ҳолда, жамиятда ўрни йўқлигини, ўзида уйи, машинаси йўқлигини кўради. Нима қилиб бўлса ҳам уларга эришиш учун умр ўтказади. Бошқача орзулар қилмайди. Масалан, ёш йигит 80 миллион сўмга машина олиши учун Россияда 5 йил ишлайди. Пул топиб келгандан сўнг уйдагилари уйлантирамиз, дейишади. Уйланиши учун яна 2-3 йил ишлаши керак. Тўйдан кейин яшаши керак. Яна Россия. Кейин уй қуриши керак. Қаранг, ҳаёт уни шундай қилиб моддиятга буриб қўйяпти.

Умумий онг билан эмас, индивидуал жасорат кўрсата олган одамларгина моддий дунёда тирик қолиши мумкин ва шунда ўзининг катта орзу-мақсадларини амалга оширолади. Миллатнинг материалистик қарашлари менталитетга ҳам боғлиқ. Биз, ўзбекларда, қўни-қўшничилик, оғайничилик кучли, бир-биримизни ўйлаймиз. Агар фақат ўзимизни ўйлаганимизда, бизда индивидуал қарашлар янада кучли ривожланган бўларди.

Оилада фарзандлар улғайгач, ота-онага ғамхўрлик қилиш, қариндошларга ёрдам бериш каби вазифалар туради, буларни қилмаса, одамлар гап-сўзлари ҳам бор. Ёки бўлмасам, ёш оилада эркак кишининг улкан орзулари бўлса-ю, рафиқанинг материалистик истакларини амалга ошириш, фарзандларнинг моддий таъминоти инсонда ўз-ўзидан моддиятга интилишни кучайтиради.

Жамиятда ҳар бир инсоннинг шахсий фикри бўлса, материалистик қарашлар ўз-ўзидан чекинади, ўша шахсий фикр шаклланмаслигига йўл қўймайдиган тўсиқлар талайгина. Масалан, 100 минг доллар пули бўлган одам бирон бизнесга пул тикмасдан, кўчмас мулк олиб, уни ижарага беришни афзал кўради, чунки у бизнеси касодга учрашидан, ерини ноқонуний тортиб олишларидан қўрқади. Уни ҳимоялайдиган қонун йўқ.

Таълимга эътиборни оширмасак, ёшлар онгида журъатни тарбиялай олмасак, майда орзулар жамиятига айланамиз. Ўсаётган ҳар бир ёш тўғрисўзлиги учун одамлар калтакланмаётганини кўриб улғайиши керак. Ҳар ким ўз фикрини қўрқмасдан ифодалай оладиган жамиятда мустақил фикрли шахсларни тарбиялай оламиз.

Яна бир фикр: қизлар таълимига алоҳида эътибор берилиши керак. Улар бўлажак она. Миллатни тарбияловчи буюк куч. Агар улар бутун умрларини ошхонада ёки сериал кўриб ўтказмаслигини хоҳласак, зудлик билан қизларни ўқитишимиз керак. Улар уйғонса, миллат уйғонади».

«Қачонки биздаги комплекслар камайиб, одамлар боридан уялмаса, ўзи учун яшаса, вазият ўзгаради»
 Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси Феруз Аллаев:
«Аввало, биринчи сабаб оғир иқтисодий вазият ва совет иттифоқининг таъсири, деб биламан. Собиқ иттифоқ даврида маҳсулотлар танқислиги, машина олиш учун йиллаб кутиш кераклиги инсонлар онгида мол-мулкка ўчликни шакллантирган. Ундан кейин ҳам иқтисодий вазият оғирлигича қолгани учун машина, яхши уй-жой ва бошқа буюмларга етишиш осон бўлмади.

Демак, аҳолида ўз-ўзидан қийин нарсага эришганлар сифатида мол-мулкнинг ижтимоий аҳамияти пайдо бўлди.
Менталитет ўзгариб турувчи нарса. Халқимизнинг бир аср олдинги менталитети билан бугунгиси кескин фарқ қилади. Бугунги менталитетда материализм жуда кучлилигини рад этиб бўлмайди. Инсонлар жамоа бўлиб яшашга мослашган. Ҳаракатлар жамоада ўз ўрнига эга бўлишга, жамоа ичида муҳимлигини кўрсатишга қаратилган бўлиши табиий. Ҳозирги ҳолатда яхши машина, уй-жой, қиммат смартфон ва бошқалар жамоа ичида кўпроқ ҳурмат топиш учун воситалар бўлиб қолмоқда.

Бахт шунчаки пул ёки бойликдан каттароқ нарса. Шахсий ривожланиш, инсон сифатида ўсаётганингни ҳис қилиш бахтнинг асосларидан биридир. Бугун сиз ўзингизни бир йил олдингидан ақллироқ, соғломроқ ва яхшироқ ҳис қилсангиз, ич-ичингиздан бахтли бўласиз. Шуни тушунган инсонгина шахсий ривожланиш аҳамиятини тушуниб, ўзи учун инвестиция киритади.

Ҳеч эътибор берганмисиз: жамият ичида ҳурматга эга бўлиш учун одамларимиз ўзини борича кўрсатишга қўрқади. Натижада, оддий эмас, қиммат машина олиб йиллаб кредит тўлайди. Қарзга тўй қилиб, уни тўлаш учун Россияга кетади. Қачонки биздаги комплекслар камайиб, одамлар боридан уялмай қолса, ўзи учун яшаса, вазият ўзгаради. Шунинг учун ҳам бу кўплаб факторларга боғлиқ. Вазиятни ўнглаш учун одамларни китоб ўқишга ундаган бўлардим. Шу холос».

«Ўзбекчилик» тушунчаси бойлик, обрў-эътибор, устунлик маъносини англатмайди»
Буюк Британиянинг Сассекс университети, Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти Дилмурод Юсупов:
«Биз, ўзбекларда, ҳаёт мазмунини моддиятда, деб билишимизга сабаб таълим сифати пастлиги. Мисол учун, Ўзбекистонда олий таълим билан қамраб олиш даражаси кўп йиллар мобайнида 10 фоиздан ошмаган эди. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич 15 фоиздан ошди, деб айтишяпти, аммо бу жуда ҳам паст кўрсаткич. Олий таълимда таҳсил олганлар синфида материалистик ғоялар камроқ бўлади. Бу ҳеч кимга сир эмас.

Бизда «ўзбекчилик» деган алоҳида тушунча бор. Шахсан мен «ўзбекчилик» деганда материализмдан йироқ бўлган, ўзбек халқига хос анъана ва урф-одатларни тасаввур қиламан. «Ўзбекчилик» тушунчаси бойлик, обрў-эътибор, кимдандир устунлик маъносини англатмайди. Ҳашаматли тўй қилиш, мингта одамни тўйга таклиф қилиш ва бошқа дабдабалар кейинроқ «ўзбекчилик» тушунчасининг нотўғри талқинига сабаб бўлган. Жамиятда, афсуски, илм қадрланмайди, инсон ўз қобилияти билан маълум муваффақиятга эришиши қийин. Коррупция ва таниш-билишчилик «ўзбекчилик» ортига яширилади.

Қарашларни ўзгартиришнинг имкони йўқ, дейдиганлар адашади. Бунинг учун ота-оналар ўз фарзанди билим олишлари учун илк йилларданоқ сармоя киритишлари зарур. Мамлакатда таълим сифатини оширишдан ташқари, масс-медиа орқали билим қадри, ўз кучи орқали муваффақиятга эришган инсонларнинг моделларини тарғиб қилиш лозим».

Таълим биз учун ё ҳаёт, ё мамот...
Авлонийнинг бу гапи айтилганига 100 йилдан (!) ошиб кетди. Биз ҳали ҳам ўша пайтдаги илмсизлик ботқоғидан чиқолмаяпмиз ёки буни истамаяпмиз. Юқорида айтилганидек, бизни тубсизликдан фақат таълим қутқара олади. Бунинг бошқа сеҳрли формуласи йўқ. Агар бизга кимдир шароит яратиб беришини кутиб яшасак, ҳали-бери ўзгармаймиз. Ҳаракатни бугундан ва ўзимиздан бошламасак, келажакни ҳам зулматда ўтказамиз.
Муҳаббат Маъмирова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллат орзуси уй-жой ва қимматбаҳо машинага эга бўлиш-у ҳашаматли тўй қилишми?