Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (JSST) огоҳлантиришича, сўнгги йилларда дунёда вабо билан боғлиқ ҳолатлар сезиларли даражада кўпайган. Хусусан, 2024 йил давомида мазкур хасталикни юқтириш ҳолатлари 2023 йилга нисбатан 5 фоизга ўсган. Энг ташвишлиси, ўлим кўрсаткичлари 50 фоизга ошгани қайд этилди. Яъни ўтган йили 6000 нафардан зиёд инсон вабо қурбонига айланган.
Шунингдек, ўтган йилда эпидемия ўчоқлари аниқланган давлатлар сони 60 тага етган. Бу эса олдинги йилга нисбатан 15 тага кўп кўрсаткичдир. Ҳозирги пайтда энг юқори ўсиш суръатлари қайд этилган ҳудудлар рўйхатида Африка мамлакатлари, Осиё қитъасидаги айрим давлатлар ва Яқин Шарқ минтақаси етакчилик қилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, қурбонларнинг камида тўртинчи қисми ҳеч қандай тиббий муассасага мурожаат қилмасдан ҳаётдан кўз юмиши ҳолатлари кузатилган. Бу эса тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари чекланган ҳудудларда муаммо кескин эканини кўрсатади.
2025 йилга келиб ҳам глобал вабо инқирози тўлиқ тўхтамади. Жорий йил бошидан буён 31 мамлакатда ушбу касаллик тарқалиши қайд этилгани бунинг яққол исботидир. JSST бу вазиятни жиддий таҳдид сифатида баҳолаб, барча давлатларни, халқаро донорларни ва маҳаллий жамоаларни ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чақирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!