date

Президент Наманган аэропортидаги янги лойиҳалар билан танишди

Президент Наманган аэропортидаги янги лойиҳалар билан танишди

Наманган аэропортида улкан қурилиш ишлари авж олмоқда.

Ҳудуддаги бунёдкорлик суръати шаҳар дарвозаси саналадиган аэропортданоқ кўзга ташланмоқда. Ҳозирда аэропортда кенг кўламли ва замонавий юк терминали барпо этилмоқда. Бу терминал кунига 50 тоннадан ортиқ юк ташиш имконини беради ҳамда 90 дан ортиқ хорижий мамлакатларга экспорт қилишга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Наманган вилоятига ташриф буюриб, маҳаллий аҳоли ҳаёти ва ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишди. Унинг диққати асосан аэропортдаги бунёдкорлик жараёнига қаратилди. Бунёдкорлик ишлари учун 140 миллион долларлик инвестиция ажратилган бўлиб, бу маблағ янги терминаллар, чегара назорати ва замонавий визалар бўлимларини қуришга йўналтирилмоқда.

Президентнинг Наманган вилоятига ўтган йилги ташрифи чоғида мазкур лойиҳа тақдимот қилинган эди. Бугунги кунда қурилиш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Янги 3 қаватли терминалда йўловчи ташиш қуввати ҳозирги аэропортга нисбатан 2,5 каррага ошиши кўзда тутилган. Шунингдек, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси ва Duty free дўконлари замонавий услубда ташкил этилади.

Наманган аэропортида улкан юк терминали ҳам барпо этилмоқда. Бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади ва ҳудуднинг экспорт, бизнес ва транзит салоҳияти сезиларли даражада ошади. Масалан, бу йил Наманган вилоятига 1,5 миллион хорижий ва 2 миллиондан зиёд маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек хизматлар экспортини 210 минг долларга етказиш режалаштирилмоқда. Андижон ва Фарғона вилоятлари экспорти ҳам бу жараёндан фойда кўрмоқда.

Аэропортда махсус техник воситалар ҳам янгиланмоқда. Бу турли ҳажмдаги самолётларни қабул қилиш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради. Шунингдек, кейтеринг хизматлари, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва бошқа хўжалик бинолари ҳам барпо этилади. Янги терминаллар келаси йил ишга туширилиши кўзда тутилган.

Давлат раҳбари аэропорт атрофидаги инфратузилмани унга мутаносиб ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Дунё тажрибасидаги каби аэропорт атрофида меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар ҳамда барча замонавий хизматлар ташкил этилиши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, автотураргоҳ ва сервис объектлари барпо этилиб, меҳмонлар учун қулайликлар кенгайтирилиши вазифаси қўйилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент Наманган аэропортидаги янги лойиҳалар билан танишди