date

The Athletic: Ҳусанов Гвардиола муаммосига тайёр ечим бўлди

The Athletic: Ҳусанов Гвардиола муаммосига тайёр ечим бўлди

Англия Премьер-лигасининг тўртинчи туридан ўрин олган Манчестер дербиси нафақат ҳисоб, балки ўйин таҳлили билан ҳам эътибор марказида қолмоқда. «Этихад»да 3:0 ҳисобида “Сити”нинг йирик ғалабаси билан якунланган тўқнашувдан сўнг турли нашрлар фикр билдиришди. Нуфузли The Athletic эса ўз таҳлилини ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановга бағишлади.

Нашр қайд этишича, “Юнайтед” етакчиси Бруну Фернандеш учрашувда асосий босимни “Сити”нинг ўнг қанотига қаратди. Тажрибали португалиялик плеймейкер рақибнинг энг нозик нуқтаси айнан ўнг қанот ҳимояси эканини аниқ биларди. Бу бежиз эмас эди. Чунки сўнгги баҳсларда ушбу позиция муаммоли бўлиб келаётганди. “Тоттенхэм”га 0:2 ҳисобида бой берилган учрашувда Рико Льюис бу позицияда жуда бўш ўйнади. “Брайтон”га қарши 1:2 ҳисобида якунланган баҳсда ўнг қанот ҳимоячиси Матеуш Нуньеш хатога йўл қўйиб, пенальтига сабабчи бўлди.

Кайл Уокер кетганидан кейин бу позиция Хосеп Гвардиоланинг энг катта ташвишига айланган. Ўйинчилардан ҳеч бири бу позицияда ишончли ўйнай олмаяпти. Аммо дербида бу вазифа Абдуқодир Ҳусановга топширилди. У асли марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, ўнг қанотда қатъият ва ишонч билан ҳаракат қилди.

Бир эпизодда ўзбек футболчиси рақиб Патрик Доргуга қарши қўпол ўйнади ва бу очиқ фол сифатида қайд этилди. Доргу тўпни ўзига тўғрилаб олгунича ўзбек футболчиси камида 20 метрдан ўқдек учиб келди, рақибни елкасига урилди. Гвардиола ҳам бош чайқашдан бошқа илож тополмади. Лекин бу Ҳусанов бутун ўйин давомида йўл қўйган биргина хато эди холос.

Нега айнан мана шу эпизод эътибор тортяпти? Гап шундаки, асли марказий ҳимоячи бўлган ва бу гал ўнг қанотда ўйнаган ўзбек ҳимоячиси вақтини нозик ҳаракатларга сарфламайди. Унинг футболдаги қоидаси шундай: тўпни кўрдим, тўпга ҳужум қилдим ва тўпни олдим!

Тўғри, Абдуқодир қўпол ўйнаши мумкин, лекин унинг қатъияти ва ишга ўзини бағишлаши жамоага қатъий ҳаракатлар етишмаётган ҳудудда жуда ишончли ва барқарор элементга айланади.

Дербида у бир неча бор ўз вақтида подкат ташлаб, 12 та ҳимоявий ҳаракатни муваффақиятли якунлади ва етти марта тўпни боши билан узоқлаштирди. Бу рақамлар унинг қай даражада самарали ўйнаганини кўрсатиб турибди.

Ҳусанов дербида қудратли фигурага айланди. Қизиғи, “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Рой Кин маҳаллий футболчиларда шиддат етишмаслигини танқид қилган паллада Ҳусанов Рой Кин кутган ўйинни намойиш қилди, яъни “қаршингда “қизиллар”ни кўрдингми, ҳаммасини қулат”, қабилида ўйнади.

Аслида “шаҳарлик” фанатлар январда “Ланс”дан келганидан бери эндигина 13-учрашувини ўтказган футболчини айнан мана шунақа кескин ва шиддатли ҳаракатлари учун яхши кўриб қолган.

“Манчестер Сити”га қарши ҳужумларда ва юқори чизиқли ҳимояни қўллашда тезлик етишмаслиги муаммога айланган ва бундай вазиятда айнан тезкор Ҳусанов Гвардиоланинг асосий қуролига айланиб бормоқда.

“Манчестер Сити” ёзда нега муаммоли ҳудуд – ўнг қанот ҳимоясига янги ижрочи олмади?

Клуб бозорни ўрганмоқда. Гвардиоланинг ҳар бир позицияда ўйнайдиган ижрочига аниқ талаблари бор. Келадиган футболчи топ-даражада бўлиши керак. Скаутлар бир неча номзодларни таклиф қилди. Асосий нишон “Ньюкасл”даги Тино Ливраменто эди. Клуб трансферга уриниб кўрди, лекин рад жавобини олди.

Мураббийлар штаби таркибдаги бошқа футболчиларни ўнг қанот ҳимоясига мослаштиришга ҳаракат қиляпти. Йил бошида улар Матеуш Нуньешдан қанот ҳимоячисини ясашга уриниб кўришди. Кейин бу позицияга Рико Льюис қўйилди. Лекин иккиси ҳам ишончни оқлагани йўқ.

Шу боис, дербида ўнг қанот Ҳусановга топширилди. Тўғри чизиқли ҳимоя – Абдуқодирнинг кучли томони ҳисобланади. Унинг тезлиги баланд, тўп учун курашда ақл билан ҳаракат қилади. Замонавий АПЛда Ҳусановнинг хусусиятлари ҳужумкор ўйин кўрсатадиган жамоа учун идеал даражада қўл келади.

Бундан ташқари, Гвардиола Ҳусановга учрашувлар давомида яхшироқ очилиш, ҳужумга қўшилиш каби янги ва муҳим фазилатларни сингдириб боряпти. Тўғри, Ҳусанов қанот ҳимоясида ўйнаб, Рико Льюис сингари майдон марказига бормайди ёки Матеуш Нуньеш даражасида қанотлардан мунтазам ҳужумга ўтиб кетмайди, аммо у орқа чизиқда бугунги кунда энг муҳим нарса – ишончли ҳимояни таъминлаб беради.

Ҳусанов ҳимоя марказида зўр ўйнайди. “Брайтон”га қарши баҳсда жароҳат олгунича ўз позициясини мустаҳкам қўриқлади. Аммо у захирага олинганидан кейин “Сити” ҳимояси сезиларли даражада сустлашди. Энди Йошко Гвардиолнинг сафга қайтгани дербида Ҳусановга ўнгга сурилиб ўйнаш имконини берди.

Абдуқодир ҳали 21 ёшда бўлишига қарамай, дербидаги ўйини билан катта таассурот қолдирди. Унинг Англиягача бўлган йўли ҳам қизиқарли: “Бунёдкор”нинг ёшлар таркибидан Беларуснинг “Энергетик-БГУ”сига, у ердан Франциянинг “Ланс” клубига, ва ҳозирда эса “Сити” сафида майдонга тушмоқда.

“Реал” ва “Ньюкасл” билан рақобатда Ҳусановни қўлга киритган “Манчестер Сити” бошида уни келажак учун трансфер қилиб, секин-аста таркибга қўшиб боришни режа қилганди. Вазият тақозоси билан ёш ҳимоячи Англияга келиши билан катта синовларга рўбарў келди.

Ҳусанов жисмоний куч-қувватига таянган ҳолда мағлубиятли вазиятларнинг етмиш фоизида ҳолатни ўз фойдасига ўзгартириб юбориш қобилиятига эга. Унинг бу хусусияти ҳимояда мустаҳкам пойдевор ўрнатишга ҳаракат қилаётган “Манчестер Сити” учун муҳим аҳамият касб этади.

The Athletic таҳлилчиси Жордан Кэмпбеллнинг ёзишича, Ҳусанов ҳозир “Сити” учун муаммоли бўлиб турган позицияда энг ишончли вариантга айланиб бормоқда. Унинг жисмоний кучи, тезлиги ва майдондаги қатъияти жамоага хавфли вазиятларда катта ёрдам бермоқда.

Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусанов энди нафақат “Сити” мухлисларининг севимлиси, балки Хосеп Гвардиола муаммосига тайёр ечим сифатида кўрила бошланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » The Athletic: Ҳусанов Гвардиола муаммосига тайёр ечим бўлди