date

АҚШ ва Хитой TikTok фаолияти бўйича келишувга эришди

АҚШ ва Хитой TikTok фаолияти бўйича келишувга эришди

АҚШ ва Хитой ўртасида бир неча ойдан бери давом этаётган музокаралар ўз самарасини берди. Мамлакатлар ўртасида TikTok масаласи бўйича асосий келишувга эришилгани маълум қилинди. АҚШ Молия вазири Скотт Бессентнинг таъкидлашича, келишувнинг якунловчи қарорлари Трамп ва Хитой раҳбари Си Жинпингнинг мулоқотидан сўнг эълон қилинади.

Бу жараён АҚШда TikTok фаолияти тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки охирги йилларда бу илова миллий хавфсизлик ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш масалаларида тортишувларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Доналд Трамп ўзининг Truth Social’даги баёнотида музокаралар жуда самарали ўтганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, ёшлар орасида машҳур бўлган компания масаласида келишувга эришилгани катта аҳамиятга эга. Трамп: «Америка ва Хитой ўртасида Эвропадаги йирик савдо учрашуви жуда яхши ўтди. Мамлакатимиз ёшлари сақлаб қолишни истаган компания бўйича келишувга эришилди. Жума куни Президент Си билан мулоқот қиламан», — дея таъкидлади.

Келишув шартлари орасида TikTok’нинг америкалик инвесторлар иштирокида қайта ташкил этилиши, АҚШнинг миллий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиниши ва маълумотлар устидан назорат кучайтирилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, Oracle корпорацияси раҳбари Ларри Эллисон асосий харидор сифатида тилга олинмоқда.

Хитой делегацияси раҳбари Ли Ченггангнинг таъкидлашича, келишув нафақат TikTokнинг тақдирини ҳал этади, балки икки давлат ўртасида савдо ва инвестиция соҳасидаги тўсиқларни қисман камайтириши мумкин. Бироқ Пекин ўз миллий манфаатларига зид шартларга ҳеч қачон рози бўлмаслигини очиқ билдирган.

TikTok ва унинг асосий эгаси ByteDance ҳозирча ҳеч қандай шарҳ бермаган. Бироқ аниқки, келишувсиз мазкур компаниянинг АҚШда фаолият юритиши қийин эди. Шу боис бу келишув нафақат компания, балки миллионлаб фойдаланувчилар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » АҚШ ва Хитой TikTok фаолияти бўйича келишувга эришди