18:08 / 26.06.2021
1 952

«Эмланишнинг ҳимояси касаллик ўтказгандан кейинги ҳимоядан яхшироқ» - Зангиотадаги шифохона директори

Хўш, COVID-19 инфекциясига қарши эмлаш пандемияни тўхтатишга қодирми? Аслида коронавирусга қарши вакцинация нима учун керак? Нега бугун эмлаш тадбирларига бу қадар жиддий эътибор берилмоқда?

ССВ матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановга мурожаат қилди.

— Мутахассис сифатида айтинг-чи, дунё тажрибасига кўра, вакцинация жараёнлари касалликнинг олдини олишда қандай самара бермоқда?
— Маълумки, бугун COVID-19 инфекцияси одамларни қўрқув ва таҳликада ушлаб турган жиддий касалликлардан бирига айланди. Афсуски, ўтган бир йилдан ортиқ вақт давомида касаллик қанчадан қанча инсонлар ёстиғини қуритди.

Айтиш лозимки, шундай оғир ва мураккаб шароитда бу хасталикка қарши самарали курашиш учун бир нечта вакциналар яратилиб, айрим мамлакатларда ушбу восита ёрдамида пандемияни жиловлашга эришилмоқда.

Мисол учун, ҳозирги пайтда Исроилда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари бўйича дунё мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткич қайд этилмоқда. Ушбу юрт аҳолисининг 53 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ 2 дозада эмланиши шифохоналарда COVID-19'ни даволашга мўлжалланган бўлимларнинг бутунлай ёпилишига сабаб бўлди.

Ҳиндистонда эса аксинча эмлаш билан боғлиқ тадбирлар суст кетаётгани сабабли эпидемик вазият қалтис бўлиб турибди. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу мамлакатда кунига 50-100 мингдан ортиқ инсон коронавирусни юқтириб олмоқда. Шу билан бирга, бундай мураккаб вазият вируснинг янги мутациялари пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлаётир. Шундай бўлса-да, вакцина ер юзи аҳолиси ўртасида вируснинг барча мутацияга учраган турларига қарши тура олади.

— Нима яхши: эмланишми ёки касалликни бошдан ўтказиш?
— Шуни айта оламанки, эмланишнинг ҳимояси касаллик ўтказгандан кейинги ҳимоядан яхшироқдир. Чунки эмлашда нейтралловчи антитаначаларнинг миқдори касаллик ўтказгандан кейин шаклланадиган антитаначалар миқдоридан анча юқори бўлади. Шу билан бирга, вакцина олмаган инсонларда касалликнинг оғир кечиши ва ўлим ҳолати кузатилишидан ташқари, уларни касалликнинг асоратлари қийнайди, бундай инсонларда узоқ муддатли нафас олиш, юрак қон-томир тизими ҳамда бош миянинг шикастланиши давом этиши мумкин.
Маълумки, бугун халқимиз саломатлигини асраш, уларни бу касалликдан ҳимоя қилиш мақсадида юртдошларимиз бепул эмланмоқда. Бу ҳам бўлса, инсонпарварликнинг чинакам ифодасидир.

Бироқ яратиб берилган мана шундай имкониятдан фойдаланмаслик, нафақат ўзимиз, балки яқинларимиз саломатлигини ҳам жиддий хавф остига қўяди. Афсуски, эмланишга ана шундай беписанд муносабатда бўлган ва бугун шифохонамизнинг реанимация бўлимида ҳаво етишмаслиги ва нафас қисишидан қаттиқ азоб чекаётган беморларнинг ҳолатини кўриб, очиғи, юрагим эзилади. Ўрни келганда, ҳатто, уларга биз шифокорлар ҳам ёрдам бера олмаётганимиздан қийналаман. Зеро, пандемияни фақат вакцинация билангина тўхтата оламиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Эмланишнинг ҳимояси касаллик ўтказгандан кейинги ҳимоядан яхшироқ» - Зангиотадаги шифохона директори