22:26 / 13.11.2021
2 535

Чанг бўрони пайтидаги сусткашлик учун ким айбдор?

Чанг бўрони пайтидаги сусткашлик учун ким айбдор?
Кеча, 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Атроф табиий муҳитнинг, жумладан, атмосфера ҳавоси, ер усти сувлари ва тупроқ ифлосланиши манбалари мониторинги натижалари» юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари шу кунгача амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Мутасаддилар томонидан берилган маълумотлар шунчалик чигалки, эшитган одам боши ва охирини англай олмайди. Ҳатто журналистлар томонидан берилган саволларнинг бирортасига батафсил жавоб берилгани йўқ.

Kun.uz мухбири Илёс Сафаровнинг «Нега Тошкент шаҳрида чанг кўтарилганда тезкор чоралар кўрилмади? Шаҳардаги фавворалар очилмади?» деган саволига Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари шундай жавоб қайтарди: «Бу табиий ҳолат, уни биргина фаввораларни очиш ёки дарахтларни ювиш билан бартараф этиб бўлмайди. Фақат дарахтлар бундай ҳолатларнинг олдини олиши мумкин, биз шунинг ҳаракатидамиз. Жуда кўп дарахт кўчатлари экилмоқда. Биз тезкор чора кўришимиз учун аввал ҳолатни ўрганишимиз керак эди. Чанг 4 ноябрь куни кўтарилди, биз 5 ноябрда чанг миқдорини ўргандик. Бунинг учун бизга вақт керак эди».

Ушбу анжуманда қатнашган Azon.uz мухбири Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддиларига шундай саволлар билан мурожаат қилди:

«Юқорида берилаётган саволларга аниқ жавоб ололмаяпмиз. Чанг кўтарилган вақтда фаввораларни қўшиш фойда бермас экан, нега сизнинг қўмитангиз иш соатларини камайтириш ёки онлайн иш режимига ўтиш, вазият жиддийлиги, чанг-тўзон инсонлар саломатлигига кучли таъсир қилишини инобатга олиб, фавқулодда ҳолат эълон қилиш юзасидан ташаббус билан чиқмади? Тўғри, бу ишни амалга ошириш қийин, лекин қўмита ўз ваколатидан келиб чиққан ҳолда юқори орган вакилларига таклифлар бериши керак эмасмиди? Нега чанг 4 ноябрда кўтарилган бўлса ҳам, лаборатория 5 ноябрь куни ўрганиш олиб борган? Энг замонавий техникалар билан таъминланган лаборатория нега шу куннинг ўзида тезкор иш олиб бормаган? Чанг таркибида заҳарли моддалар бўлган тақдирда нима бўларди?

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг ўзида сунъий кўллар деярли йўқолиб кетди. Буларга нега эътиборсиз қаралмоқда? Дарахт экаяпмиз дея жар солинмоқда, лекин йилдан-йилга дарахтлар кўпайиши ўрнига камайиб бормоқда-ку! Ҳозир 200 млн туп дарахт экилган дейилмоқда, аммо уни парвариши ҳақида ким қайғуради? Асосийси бу каби чанг бўронларидан қандай хулоса чиқарилди? Келажакда шундай чанг яна кўтарилса, уни бартараф этиш учун қандай тайёргарлик кўрилмоқда? Биз билган қўмита, партия ҳамда экологик ташкилотларда фидойилик етишмаяпти. Агар фидойилик бўлганида эди, биринчи ўринда ўзлари атроф-муҳит учун қайғуриб, электромобилдан фойдаланишган бўлар эди. Биз ўзимиз ўзимиз учун қайғурмасак, натижага эриша олмаслигимиз кундек равшан
».

Бу саволларга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Озод Ражабов жавоб берди:
«Биз бу борада кўплаб ишларни амалга оширяпмиз. Ўзингиз келиб гувоҳи бўлишингиз мумкин. Электромобиллар масаласига келадиган бўлсак, Россиянинг “Спутник” агентлиги бундан бир ой муқаддам бизга айнан шу саволни берган эди, яъни биринчи ўринда экологик ташкилотлар ўрнак бўлмайсизларми деган маънода. Биз ўша пайтда жавоб берганмизки, ҳар бир марказий аппаратдаги хизмат кўрсатиш автомобилларини электромобилларга алмаштириш тўғрисида маълумот берганмиз. Бу борада ишлар олиб борилмоқда. Биз ҳозирда электромобилларга қувватлантирадиган шоҳобчаларни бутун вилоятларда қуриш режаларини ишлаб чиқмоқдамиз. Сиз фидойилик ҳақида гапирдингиз, биз республикамизнинг чекка ҳудудларини бориб ўрганаётганимизни кўрганингизда, фидойилик қанақа эканлигини кўрган бўлардингиз».

Аммо юқорида кўтарилган «Нега қўмита иш соатларини камайтириш ёки онлайн иш режимига ўтиш, вазият жиддийлиги, чанг-тўзон инсонлар саломатлигига кучли таъсир қилишини инобатга олиб, фавқулодда ҳолат эълон қилиш юзасидан ташаббус билан чиқилмади?» деган саволимизга аниқ жавоб ололмадик. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари бу вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги иш кўриш кераклигини, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бир нечта вазирликларга боғлиқ экани таъкидлади.

Биз вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот ва ПР хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғланишга ҳаракат қилиб кўрдик, лекин боғлана олмадик. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходими Муҳаммаджон Бозоров билан боғланганимизда, у бизга бу бўйича табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси шуғулланиши, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фақат шу офатлар оқибатида кассалликлар келиб чиққан тақдирда чора кўришини таъкидлади.

Нурбек Ғофуров

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чанг бўрони пайтидаги сусткашлик учун ким айбдор?