00:02 / 16.11.2021
8 292

Давлат байроғи — халқ тарихи ва истиқболи рамзи

Давлат байроғи — халқ тарихи ва истиқболи рамзи
Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади.

Агар тарихга назар ташласак, байроқ – инсоният тарихини акс эттирадиган ўзига хос рамздир. Хусусан, дастлабки байроқлар олис ўтмиш қаърида, эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлиб, улар қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги сифатида қўлланилган. Кейинчалик улар ҳукмдорлар, лашкарбошиларнинг ҳукмронлигини билдирадиган рамзга айланган.

Бизнинг ҳудудимизда ҳам байроқлар жуда қадим замондан пайдо бўлиб, биз уларни қадимги адабий ёдгорликларда, тасвирий санъат асарларида кўришимиз мумкин.

Соҳибқирон Амир Темур салтанатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради.

Давлат байроғида одатда, мамлакат тарихи, миллий қадриятлари билан боғлиқ муҳим воқеалар хусусидаги турли рамзий суратлар акс эттирилган. Ҳозирги вақтда давлат байроқларининг баёни барча мамлакатларда бошқа давлат рамзлари қатори қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимиз мустақилликка эришгач қабул қилинган дастлабки қонунлардан бири ҳисобланади. Мазкур қонун Давлат байроғининг шакли ва тузилиши, унинг мақоми, ундан қаерларда ва қандай фойдаланиш тартибларини белгилаб берган.

Тегишли мутахассисларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзини билдиради. Тимсоллар тилида бу - яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Байроқдаги оқ ранг - муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёриткичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқбўлиб, айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча даврларда илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор бўлиб, ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.

2010 йил 24 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни мустақил давлатчилигимизнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлган давлат рамзлари тўғрисида қонунларни илғор халқаро тажрибага мослаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Хусусан, ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб, тегишли тартиб-таомилларни янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, давлат рамзларининг аҳамиятини янада юқори даражага кўтарилиши учун асос бўлди.

Мазкур қонунга мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг Давлат байроғини кўтаришга оид қоидаларни белгиловчи 5-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонуннинг Давлат герби тасвирини акс эттиришга оид 4-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Уларда Давлат байроғини доимий равишда, байрам, сайлов ёки референдум кунларида, спорт майдонларида ва бошқа жойларда кўтариш, шунингдек, Давлат гербини давлат органларининг биноларида, хизмат хоналарида, қонун ҳужжатлари бланкаларида, давлат органлари ва ташкилотларнинг муҳрлари ва ҳужжат бланкаларида, бошқа объект ва предметларда акс эттириш ҳолатлари кенгайтирилди ва аниқлаштирилди.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахслар нисбатан жавобгарлик белгиланганлигини айтиб ўтиш лозим.

Ушбу кодекснинг 2031-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 215-моддасида Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланди.

Бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда.

1992 йилнинг 2 мартидан бошлаб давлатмизи байроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи биносида ҳилпираб турибди. Давлатимиз байроғи халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўзига хос ўрни, мустақиллигимиз эътирофи, халқимиз ғурур ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Ана шундай лаҳзаларда қалбларимизда шу байроққа, унинг тимсолида она Ватанимизга бўлган чексиз ҳурмат, чуқур дахлдорлик ҳисси жўш уради.

Дарҳақиқат, дунёда миллат ва элатлар, халқлар ва давлатлар кўп, лекин Ўзбекистон битта. Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

Анвар Эминов, Равшан Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходимлари

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат байроғи — халқ тарихи ва истиқболи рамзи