09:38 / 10.12.2021
1 876

Давлат хизматчилари ҳар қандай турдаги мукофот ва совға олиши тақиқланиши кутилмоқда

Давлат хизматчилари ҳар қандай турдаги мукофот ва совға олиши тақиқланиши кутилмоқда
Қонунчилик палатасига «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси киритилди, деб хабар бермоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов.

Унинг маълум қилишича, ҳужжатда давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматига кириш очиқ танлов асосида амалга оширилиши, давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси, хизмат сафарлари, ижтимоий ҳимояси, хусусан, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти ва соғлиғи давлат бюджети ҳисобидан мажбурий суғурта қилиниши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, эндиликда давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳлар, тоифаларга бўлинади ва малака даражалари ҳамда давлат фуқаролик хизмати лавозими туркумлари тартибга солинади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар белгиланиб, ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорат остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият тури билан шуғулланиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, мавқейидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифаларини бажариши эвазига ҳар қандай турдаги мукофот ёхуд совға олиш, чет эл фуқаролигига эга бўлиш, республика ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва эгалик қилиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланмоқда.

«Аҳамиятлиси, коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида боб ажратилган бўлиб, унга кўра, давлат фуқаролик хизматчисининг манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгиланиши ва риоя қилиш юзасидан мониторинг ва назорат ўтказилишини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматчисининг совға олиш ва бериш тартибини белгилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари, хусусан, давлат фуқаролик хизматчисининг хизматда ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворининг асосий қоидаларини белгилаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда», — деган Акмал Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2020 йил 22 майдан 6 июнгача умумхалқ муҳокамасига қўйилганди. Лойиҳа бўйича мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ушбу лойиҳаси айнан давлат фуқаролик хизматчилари орасида коррупцияни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилганини таъкидлаганди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021—2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурида 2021 йил 1 сентябргача «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги лойиҳасини хорижий экспертларнинг тавсиялари ва кенг жамоатчилик фикри асосида такомиллаштириш ва ҳукуматга киритиш вазифаси қўйилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат хизматчилари ҳар қандай турдаги мукофот ва совға олиши тақиқланиши кутилмоқда