12:25 / 22.03.2023
451

Юлдуз Усмонова ижоди давомида неча марта концерт бергани, қўшиқлари сони ҳақида гапирди

Фото: “Дарё”

Фото: “Дарё”

Юлдуз Усмонова сўнгги йилларда ўзбек шоу-бизнес оламидаги энг кўп кунлик концерт дастурини тақдим қилаётган хонанда бўлиб қолмоқда. У 2023 йил 16–28 февраль кунлари “Халқлар дўстлиги” санъат саройида 17 сеанслик навбатдаги мега дастурини ўтказди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова “Дарё” мухбири Феруз Муҳаммадга қисқа интервью берди.

Суҳбат давомида Юлдуз Усмонова ижоди давомида неча кун концерт бергани, қўшиқлари сони ва аслича кўринишдан уялмаслиги ҳақида гапириб берди.

“Қўшиқларимнинг сонини аниқ билмайман. Умримда ҳеч нарсани санамабман. Мен билан ижод бошлаганларнинг кўплари ўлиб кетди. Динозавр бўлиб кетдик шекилли. Одам олға юравериши керак. Концертларимиз, қўшиқларимиз сонини биздан кейингилар санайверсин. Биз тинмай олға юраверайлик. Санасам жойимда қолиб кетаман. Мен ишимни қилаверай. Умримда бировга бош кўтариб, қарашга вақтим бўлмади. Ёшлигимдан изланиш, олдинга юриш, ўрганиш билан бандман. Лекин кам бўлмадим”, — дейди хонанда.

“Қиммат кийиниб бой бўлишни ҳам, йиртиқ майкада бахтли бўлишни ҳам биламан”

— Ҳозир ҳам уйда йиртиқ майкаларимни роҳатланиб кияман. Кўпчилик “Юлдуз Усмонова уйида пахмоқ шиппакда, пўрим бўлиб юради” деб ўйлайди. Ундай эмас. Ундай юришни ўзига хиёнат қилганлар қилса керак. Чунки мен вилоятнинг, қишлоқнинг ва намоз ўқиганларнинг боласиман, меҳнаткашларнинг боласиман, мен ҳам улардек яшайман.

Кўнглинг, ниятинг тўғри бўлса, Аллоҳ хоҳлаган жойига, хоҳлаган дарожотига олиб чиқиб қўяр экан. Бундан уялмаслик керак. Мен шу гапларни гапирганим билан нима “Юлдуз Усмонова бўлмай қолдимми?”, худога шукр қанчалик бўйнимга олаётган бўлсам, шунча Аллоҳ юксакка олиб чиқмоқда. Тамом, гап шу, ўзлигингиздан уялманг.

Кеккайиб, бугун зар чопон кийганингда, кеча йиртиқ чопон кийганингни унутма. Ўша ҳам меники эди, бу ҳам меники, кеча у ерда эдим, бугун бу жойдаман. Лекин яна тушиб қолишим мумкин, Аллоҳ ўзи билгувчи, олиб бораверади. Шунда йиқилсанг ҳам уялмайсан, “ҳа нима кутгандинглар, юряпман йиқиляпман, ишлаяпман, хато қиляпман”. Инсон шунақа бўлиши керак.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонова ижоди давомида неча марта концерт бергани, қўшиқлари сони ҳақида гапирди