date
views 393

“Пора эвазига дори киритиш ҳолатлари бор” — вазир тан олди

“Пора эвазига дори киритиш ҳолатлари бор” — вазир тан олди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги навбатдаги “Ҳукумат соати”да соғлиқни сақлаш соҳасидаги молиявий шаффофлик ва маблағлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилиш “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ташаббуси билан ташкил этилди.

Партия вакили, депутат Зуҳриддин Мавлонов йиғилиш давомида давлат бюджети маблағлари самарасиз сарфланаётганини қайд этиб, Соғлиқни сақлаш вазирига танқидий саволлар йўллади.

“Кўп вилоятларда дори етишмайди, борлари эса муддати тугаётган бўлади”

Мавлоновнинг таъкидлашича, республика бўйича деярли барча ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида зарур дори-дармон ва тиббий анжомлар таъминоти ўрганилган.

“Айрим муассасаларда яроқлилик муддати жуда қисқа бўлган дорилар сотиб олинган, Баъзи ҳолатларда эса кафолатланган пакетга кирадиган дорилар умуман харид қилинмаган.”

У Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 34-сонли оилавий поликлиника мисолида шундай деди:

“Кафолатланган пакетда 27 турдаги дори керак бўлса, фақат 15 таси харид қилинган. Улардан 4 таси эҳтиёждан ортиқ, яроқлилик муддати тугаётган. Бу ерда бюджет маблағлари самарасиз сарфланаётгани яққол кўринади.”

Худоёров тан олди: “Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар бор”

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров депутат танқидларига очиқ жавоб берди ва муаммоларни инкор этмади.

“Бундай ҳолатлар бор. Қайси фирма дорисини ўтказа олмаса, бориб масъулларга пора таклиф қилади, улар эса ушбу дорини клиникага олиб киради. Лекин бу дорилар беморга етмайди — шунчаки “списание” қилинади, йўқ қилинади. Бу коррупцион схема бизга маълум ва унга қарши курашмоқдамиз.”

Дори муддати бўйича учта тоифа жорий қилинган

Вазирга кўра, харид жараёни прокуратура билан биргаликда назорат қилиняпти, ва дори муддатлари учун учта тоифа жорий қилинган:

- 70 фоиз.
- 50 фоиз.
- 30 фоиз.

Бу классификация воситасида яроқлилик муддатига қараб дори танлови амалга оширилади.

Суғурта жорий этилаётган ҳудудларда “қўлма-қўл рўйхат”

Худоёров шунингдек, кафолатланган тиббий хизмат ва дори-дармон пакети ҳақида шундай деди:

“Суғурта тизими жорий этилаётган ҳудудларда энг кўп учрайдиган тўққизта касаллик асосида кафолатланган пакет шакллантирилади.
Ҳар бир поликлиникада айнан қайси дори-дармон бўлиши керак — рўйхат тайёрланади ва эълон қилинади. Керак бўлса, осиб қўйилади, фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши керак.”

Ишонч ва назорат керак

Йиғилишда сўзга чиққанлар соғлиқни сақлаш тизимида фақат маблағ ажратиш эмас, балки самарали бошқарув, шаффоф харид ва фуқаролар назоратини таъминлаш кераклигини қайд этишди.

Сиз нима деб ўйлайсиз: поликлиника деворида осилган дори рўйхати — ҳақ-ҳуқуқни ҳимоя қилишда самарали механизм бўла оладими?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Пора эвазига дори киритиш ҳолатлари бор” — вазир тан олди