date
views 10 644

Жеки Чан нега фарзандларидан юз ўгирган? — Афсонавий актёр ҳаётидан кутилмаган фактлар

Жеки Чан нега фарзандларидан юз ўгирган? — Афсонавий актёр ҳаётидан кутилмаган фактлар
7 апрель куни дунё киносида ўчмас из қолдирган афсона — Жеки Чан 71 ёшни қаршилади. Жанг санъати устаси, каскадёр, режиссёр, актёр ва мусиқачи сифатида томошабинлар қалбидан жой олган юлдуз нафақат фильмдаги роли, балки саховатпешалиги билан ҳам эътироф этилган. Бироқ унинг шахсий ҳаёти шунчаки фильмлардек эмас. Айниқса, фарзандлари билан муносабатлари мухлислар учун қизиқ ва айни пайтда ғамгин мавзудир.

Жеки Чаннинг ота-онаси шунчалик камбағал эдики, улар ҳатто ўғлини сотиб юбормоқчи бўлган

Жеки Чан ҳақида тарқалган “ўғлини сотиш” ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ. Чаннинг ота-онаси чиндан ҳам камбағалликда яшаган ва уруш туфайли Хитойдан Гонконгга кўчишга мажбур бўлишган. Отаси сиёсий сабаблар билан таъқиб қилинган, шу боис оила яширинча қочган. Моддий имконлари чеклангани учун улар атрофдагилардан ёрдам сўрашган — шунинг учун ҳам “ўғлини сотган” деган шов-шув пайдо бўлган.

Болаликда таҳқирлар, ёшликда машаққат

Жекининг болалиги осон ўтмаган — мактабда у тенгдошларидан кўп таҳқир кўрган, безорилар уни калтаклаган. Аммо у кучли иродаси билан бунга бардош берди. “Мен камбағаллигимни ҳис қилардим. Ҳатто суратга олиш майдончаларида ҳам мени ҳақорат қилишарди”, дейди актёр.

Каскадёрлик ва синмаган суяк қолмаган танаси
Жеки Чан фильмларда барча хавфли трюктарни ўзи бажарган. Шунинг учун ҳам суғурта компаниялари ундан қўрқади — ҳеч қайси суғуртачи у билан шартнома тузмоқчи эмас. Чаннинг айтишича, у ўз ҳаётини кино учун хавф остига қўйишдан ҳеч қачон қўрқмаган. Жаги, бурни, бармоқлари, тиззаси, қовурғаси — ҳаммаси синган.

1991 йилда "Мўжизавий аслаҳалар" фильми суратга олинишида у боши билан тошга урилиб оғир жароҳат олган. Аммо шундан кейин ҳам суратга олиш ишларини тўхтатмаган.

Уколдан қўрқувчи қаҳрамон
Жанг санъати устаси бўлганига қарамай, Жеки Чан уколдан қўрқишини тан олган. “Баландликдан, илонлардан, сичқонлардан қўрқмайман. Лекин шприц кўрсам, оёқларим титрай бошлайди”, дейди у ўз автобиографиясида.

Голливудда ёқимсиз, Осиёда эса афсона

Голливуд унга катта саҳна очган бўлса-да, Жеки Чан Голливуд фильмларини ёқтирмаслигини очиқ айтган. “Юра даври парки” фильмни эслаб кўринг. Режиссёрни эслайсиз, лекин актёрларни? Осиёда эса барча Жеки Чанни фильмга бориб, айнан уни томоша қилади", — дейди у.

Сахий ва ватанпарвар юлдуз

Жеки Чан нафақат экранда, балки ҳаётда ҳам қаҳрамон. У 50 болани қамровига олган, 10 етимни расман асраб олган. У ташкил этган хайрия жамғармаси орқали талабаларга стипендия, муҳтожларга ёрдам беришга ҳамиша тайёр.

Жеки Чан ва фарзандлари — совуқ муносабатлар сири

Бугунги кунга келиб, Жеки Чан фарзандлари билан яқин эмас. У ўз ўғли Жейси Чанни эркаликда айблаб, "ўз кучинг билан муваффақиятга эриш", деган. 2014 йилда Жейси гиёҳванд моддалар туфайли қўлга олинган ва Чан бу ҳолатни қаттиқ қоралаган. Интервьюларининг бирида шундай деган:

“Агар у ҳақиқий муваффақиятга эришмоқчи бўлса, менинг бойлигимсиз ҳам эришсин. Мен унга мерос қолдирмайман”.

Бу сўзлар ота ва ўғил муносабатларидаги мураккабликни очиб берди.

Тан олинмаган қизи — Этта Инг
Жеки Чаннинг никоҳсиз туғилган қизи Этта Инг 1999 йилда дунёга келган. Онаси — актриса ва гўзаллик танлови ғолиби Элайн Инг. Жеки бу муносабатни “хатолик” деб атаган, лекин қизининг борлигини тан олган. Шунга қарамай, у қизнинг тарбиясида қатнашмаган ва молиявий ёрдам ҳам кўрсатмаган.

ДНК тестидан сўнг ҳам Жеки Эттани жамоатчиликка қизим деб таништирмаган. Қиз ҳақида таржимаи ҳолида бир оғиз сўз ҳам ёзмаган.

Жеки Чан — бутун дунё тан олган афсонавий актёр. Унинг ҳаёти қаҳрамонлик, бағрикенглик ва шон-шараф билан тўла. Бироқ у ҳам инсон, ва инсон сифатида хатолар қилган. Фарзандлари билан бўлган мураккаб муносабатлар — бу унинг шахсий фожеаси. Аммо шу билан бирга, Жеки Чан ўз ишига ва инсонларга содиқлигини амалда исботлаган инсон бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият