Ҳаётнинг нимаси кўп? Имтиҳони, синови кўп. Имтиҳонда нима бўлади? Савол бўлади. Ҳар кимга ўхшаш саволлар берилади. Аммо турли жавоблар олинади. Умримизни яшаб ўтарканмиз, ҳар бир лаҳзамизга жавоб берамиз. Баъзиларига «иссиғида», кечиктирмай берсак, баъзиларига кейинроқ... Энг қийин савол: «Шу ёшгача қандай яшадинг?»
Адиб Эркин Аъзамнинг «Жавоб» номли қиссаси бош қаҳрамони Нуриддин Элчиев ҳам 48 ёшга кирганда яшаб ўтган умрини тафтиш қилиб кўрди ва ҳаётнинг сўроқларига яхши жавоб беролмаганини ва бутун ҳаётини «қониқарсиз» яшаб ўтганини тушуниб қолди. У қатъий аҳд қилдики, бундан кейинги синовларга яхши тайёргарлик кўриб, аъло жавоб беришга интилиши керак…
Сюжет:
Сурхондарёнинг чекка бир қишлоғида туғилиб-ўсган Нуриддин дўсти Ҳайдар билан бирга Тошкентга, Халқ хўжалиги институтининг иқтисод факултетига имтиҳон топширади. Иккиси ҳам талабаликка қабул қилинади. Ўқиб юрган йилларининг бирида Нуриддин Тошкентда бувиси билан бирга яшовчи Мастура исмли қиз билан бир-бирини севиб қолади. Улар турмуш қуради. Вазият тақозоси билан Нуриддин ичкуёв бўлиб яшай бошлайди.
Ҳайдар эса Холбека исмли қизга уйланади ва илмий иш ёзишга киришади. Табиатан ва ақлий жиҳатдан Нуриддин вазмин, билимдон, илмий машғулотларга ҳам тоқатли эди. Ҳайдар эса деярли Нуриддиннинг акси – табиатан енгил, беқарор. Ўқишга ҳам Ҳайдарнинг қистови билан топширганди. Аммо бирдан ўзгариб, илмий иш ёза бошлаганига Нуриддин бироз ҳайрон бўлди. Ҳайдар ўртоғини ҳам ундади, аммо Нуриддин негадир хоҳламади.
Кунлардан бир куни Ҳайдар Холбекани етаклаб Нуриддиндан вақтинчалик бошпана сўраб келди. Мастураларнинг чортоғида бўш ётган икки хона бор эди. Холбекалар шу ерга жойлашди. Аммо тез кунда Холбеканинг ниҳоятда тантиқ, бефаросатлиги аён бўлди. Ҳаттоки бир куни Мастура билан Ҳайдарни бир-бирига суйкалишиб ўтирибди дея жанжал кўтарди. Бу жанжалга Нуриддин ҳеч қандай муносабат билдирмади, билдиролмади. Биринчидан, табиатан шундай журъатсизроқ эди. Иккинчидан эса аёлига қаттиқ ишонарди. Ўша куниёқ Ҳайдарлар кўчиб кетишди. Аммо кетгач: «Дўстим мендан хотинини қизғонди», деб гап тарқатди…
Ҳайдар вақт ўтган сари «катта одам»га айланиб бораверди. Аввал кандидат, кейин фан номзоди, сўнг профессор, бора-бора мамлакатдаги энг нуфузли институтнинг устунига айланди-қолди. Энг қизиғи, обрў пиллапоясидан кўтарилгани сари Нуриддин билан ораларидаги яқинлик шунчалик пасайиб бораверди. Илгари жўражон деб юрарди, кейинроқ қуруққина Нуриддин деб чақирадиган, сўнгроқ эса расмий оҳангда Элчиев деб мурожаат қиладиган бўлди…
Элчиев 4 фарзандли бўлди. Каттаси Жасура эди. Жасура ёшлигидан кўп касал бўлган, аммо жудаям ақлли ва иродали қиз эди. Ўқишни битириб лойиҳалаштириш институтига ишга кирди. У ерда бир йигит билан аҳдлашганди. Йигит совчи юборди. Совчилар қизнинг бечораҳол уйини кўриб айниб кетди. Йигит тез орада ўзига тўқ хонадон қизига уйланди. Шундан бери Жасура одамови ва ғамгин қизга айланди. Элчиев бу ҳолатда ўзини озгина айбдор сезади. Аммо бундай йигитдан вақтида айрилгани яхши бўлди деб ҳам ўйлайди.
Иккинчи фарзанди – Камолиддин. Ўқишга ўтолмагач икки йиллик ҳарбий хизматга борди. У ердан тамоман ўзгариб қайтди. Кейин заводга ишга кириб, сиртқи ўқишга топширди. Ҳам ўқиб, ҳам ишлай бошлади. Аммо кўп ичиб-чекадиган одат чиқарди. Нуриддин бир куни ўғлини ёлғиз яшайдиган қўшни қиз Дина билан бирга кўриб қолди. Дина Камолиддиндан катта эди. Қолаверса, эрга тегиб ҳам чиққан, балетчилик қиларди. Бу борада ўғли билан қаттиқ тортишиб қолади. Элчиев ўғли билан бутунлай бошқа-бошқа инсонга айланиб қолишганидан, қарама-қарши фикрлашаётганидан қаттиқ ларзага тушади.
Нуриддин бир куни дўконга минерал сув сўраб киради ва у ерда арзимас сабаб билан жанжал кўтарилади. Боласи тенги йигитлар уни ўласи қилиб дўппослашади. Уч ҳафта касалхонада ётиб чиқади. Йигитларга жиноий иш очилади. Аммо тез орада Элчиевга ҳар хил одамлар орқали аризани қайтариб олиш кераклиги хақида хабарлар кела бошлайди. Пул, мансаблар таклиф қилинар, бўлмагач таҳдидга ўтиларди. Аммо Элчиев сира рози бўлмади.
Бир куни Нуриддинни ишхонадаги энг катта раҳбари чақираётганини айтиб қолишди. Элчиев катта ҳаяжон билан раҳбар ҳузурига кирди. Умрида бирор марта Нуриддинга эътибор бермаган одам – Файзуллаев худди эски қадрдонини учратиб қолгандек яқин олиб сўрашди. Элчиев ийиб кетди. Файзуллаев ходимидан аризани қайтиб олишини илтимос қилди. Қаттиқ ҳаяжонда турган Нуриддин розилик бериб юборади.
Уйга келгач ўзини хонумонидан айрилгандек ҳис қилади. Болаларининг бахтсизлиги, Ҳайдар билан муносабатлари, болалари тенги мишиқилардан калтак егани ва Файзуллаев олдидаги таслимияти унга алам қилиб кетганди. Бирдан кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди ва ваннахонага кириб томирларини тилди. Чанқаб сув ичгани кирган Камолиддин отасини қутқариб қолди.
Элчиев касалхонада ётаркан ҳаётнинг қадрига илк бор етаётганини тушуниб қолади. Икки кам эллик ёшга кирганда бутун ҳаётини, одамлар билан муносабатини сарҳисоб қилди ва ҳамма хато ўзида эканини англади. Бундан кейинг ҳаётини энди бошқача яшашга қарор қилди…
Таҳлил:
Чиндан ҳам ҳамма хато Элчиевнинг ўзида эди. Тўғри, у ҳалол ва камтарона умр кечирди. Аммо унда камтарлик ва журъатсизлик меъёридан ошиқ эди. Ҳаёт эса журъатсизларни аямайди. У доимий нималардадир ўзини масъулиятли, нималардадир ўзини жавобгар деб яшарди. Аммо инсон озгина масъулиятдан ўзини соқит қилиб яшаш, эркин ҳаёт кечириш ҳам керак. Элчиев ўйлаб қараса, кўп ҳолларда бошига келган омад қушларини ўзи учириб келган экан. Ўзи эришиши мумкин бўлган чўққиларга чиқолмайман, лойиқ эмасман деб ўйлаб, кўп нарсани бошламай тугатган экан. Нимагаки дуч келса, сабр-қаноат билан ўтказиб юбораверибди.
Нуриддин ҳам тенгдошлари Ҳайдар, Файзуллаевлар сингари мартабали инсон бўлиб етишиши мумкин эди. Талабалик даврларида улардан ўн чандон билимли ва иқтидорли эди. Аммо у ўзи белгилаган қаричига келганда тўхтади. Энди билса, маррани жуда яқин олибди. Узоқларни кўзлаган, ойга кўз тиккан Ҳайдарларнинг аллақачон ошиғи олчи бўлибди.
Асарда ота-она ва болалар ўртасидаги муносабат ҳам кўрсатилган. Фарзанд учун ота-онадан яқин ва содиқ дўст йўқ. Аммо улғайган сари бу тушунчадан узоқлашиб кетади. Бу ҳолат 30-35 ёшгача давом этиб, сўнг фарзанднинг қарашлари ортга қайтади. Яъни аслида ота-онаси у учун чин дўст эканини англайди. Аммо яна бир йўл бор. Ота-она болани ёшлигидан ўзаро фикрлашиб, маслаҳатлашиб, сирлашиб улғайтирса, у ота-онасидан ҳеч нарсани яширмайдиган бўлади. Ўта қаттиққўллик ёки ўта юмшоқ муносабат болани ота-онадан узоқлаштиради. Шунинг учун олтин ўрталикни топиб олиш керак.
Нуриддин қизи билан ораларида қалин пардани сақлаган. Шу сабабдан кечмишларини Жасурага айтиб, қизига далда беролмади. Қизи ҳам ёрилолмади. Камолиддин эса барча хулосаларини кўчада чиқариб улгурган. Унинг идеали дадаси эмас. Дадаси каби имкони бўла туриб хароб бўлиб яшолмайди. Отаси ўзини тушунмаслигига ишончи комил. Шу сабабдан ҳам Дина билан нега юришини ҳам тушунтириб ўтирмоқчимас.
Оталар ва болалар ўртасида тафовут ҳар доим бўлиб келган. Аммо бу даврдан енгилроқ ўтиш ҳам мумкин. Бунинг учун фарзанднинг қизиқишларидан доимий хабардор бўлиш, фарзанди қизиққан соҳаларни оз бўлса-да ўрганиб кўриш, умуман олганда замон билан ҳамнафас яшаш. Элчиев айни шу омилларни назардан қочирганди.
Ҳечдан кўра кеч деганларидек, у ўзининг қарашларини, хато ва камчиликларини таҳлил қилиб кўрди ва аслида қандай яшаш кераклигини, ҳар бир хатти-ҳаракатда меъёрни сақлаш лозимлигини, виждонга қарши бормаган ҳолатда катта мақсадга интилиб яшаш лозимлигини тушуниб етди. Бир сўз билан айтганда одам яшаганига яраша ёниб яшаши зарур экан…
Гуласал Қодирова, китобхон
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Манба: Kun.uz
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг