Юртимизда маданият ва санъат соҳасида жадал ислоҳотлар даври бошланди, деб хабар берди president.uz. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича муҳим таклифлар тақдимот қилинди.
Айни пайтда халқимизнинг маънавий мероси, интеллектуал ва маданий эҳтиёжлари тобора ортмоқда. Шу боис маданият марказларида давлат-хусусий шериклик йўлга қўйилиб, ёшлар учун тарихий ва анимацион лойиҳалар, миллий маҳсулотлар яратишга катта эътибор қаратилади. Ватанпарварликни ошириш, миллий брендлар яратиш мақсадида илғор хорижий тажриба босқичма-босқич жорий этилади.
Ўзбекистон Президентининг қарори билан Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилган эди. Бундан ташқари, унинг мемориал музейи, махсус стипендия ва халқаро эстрада танлови ҳам йўлга қўйилади. Энг иқтидорли битирувчилар хорижда магистратурада ўқиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, Президент Андижон сафари чоғида халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ташаббусини илгари сурди. Бунинг учун Андижонда унинг номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил қилинади ва ҳар йили миллий қўшиқчилик бўйича телетанлов ўтказилади. Мактабда илмий-ижодий лаборатория, “олтин фонд”, замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси яратилади.
Республикада симфоник ва миллий чолғулар оркестрлари фақат пойтахтда эмас, балки вилоятларда ҳам ташкил қилинади. Масалан, Фарғонада янги оркестрлар замонавий асбоб-ускуналар ва либослар билан таъминланади. Президент туман ва шаҳарларга гастрол сафарларини кенгайтириш, миллий ва жаҳон санъати асарларини кенг оммага етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Креатив иқтисодиёт ҳам катта аҳамиятга эга: бугун мамлакатимизда 14 минг корхона фаолият юритиб, қарийб 100 минг киши ишламоқда. Яқин беш йилда бу соҳанинг ҳажми икки баравар оширилиши ва ЯИМдаги улуши 5 фоизга етказилиши режалаштирилган. Бу йўналишда янги қонунлар қабул қилинган, халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланган.
Ҳунармандчилик эса креатив индустриянинг энг муҳим соҳаларидан бири бўлиб, йил бошидан буён 6,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бухоро “Ҳунармандчилик ва халқ санъати” йўналишида ЮНЕСКО креатив шаҳарлар тармоғига киритилди, унда 2 минг ҳунарманд 36 йўналишда фаолият кўрсатмоқда.
Яна бир катта лойиҳа — Буюк Британия Қироллик фонди билан ҳамкорликда Тошкентда академик платформа яратилиб, 3 мингдан зиёд ҳунарманд қамраб олинади. Кейин бу платформа амалий санъат мактабига айлантирилади.
Сентябрь-ноябрь ойларида Бухорода илк замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади — унга 40 мамлакатдан 70 нафар рассом келиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистонда эса “Истиқлол” боғида креатив кластер ташкил қилиниб, Орол мактабига асос солинади. Бу ерда ёш ҳунармандлар ва дизайнерлар инновацион ғоя ва анъанавий билимларни бирлаштирган ҳолда малака оширади.
Давлатимиз раҳбари барча лойиҳалар сифатли ва юқори савияда амалга оширилишини таъминлаш бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берди. Маданият ва креатив иқтисодиётдаги бу янги босқич халқимизнинг турмуш даражаси ва юртимиз нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!