
Netflix платформасининг энг машҳур лойиҳаларидан бири бўлган “Жуда ғаройиб ишлар” сериали яна бир бор дунё миқёсида шов-шувга сабаб бўлди. Variety нашри 2025 йил 24 декабрь куни эълон қилган маълумотларга кўра, сериал умумий ҳисобда 1,2 миллиарддан ортиқ марта томоша қилинган.
Сериалнинг бешинчи мавсуми эса қисқа вақт ичида улкан натижа қайд этди. Атиги 25 кун давомида 102,6 миллион марта кўрилган мазкур мавсум инглиз тилидаги энг оммабоп 10 та стриминг шоу қаторига киришга муваффақ бўлди. Бу кўрсаткич Netflix учун ҳам тарихий аҳамиятга эга натижа сифатида баҳоланмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати — сериал финал эпизоди 31 декабрь куни АҚШ ва Канададаги кинотеатрларда илк бор катта экранларда намойиш этилади. Бу Netflix сериаллари учун ноёб тажриба ҳисобланади. Шу билан бирга, сериални суратга олиш жараёнлари АҚШ иқтисодиётига ҳам салмоқли ҳисса қўшиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотига 1,4 миллиард доллар миқдорида даромад келтиргани қайд этилди.
Сериалнинг оммалашуви нафақат экран олдида, балки маданий бозорда ҳам катта таъсир кўрсатди. У чиққач, стол ўйинларига бўлган қизиқиш 673 фоизга ошди. 1980-йиллар мусиқий хитларига эса тингловчилар оқими 1250 фоизга кўпайди. Бу эса сериалнинг носталгия ва поп-маданиятга таъсири қанчалик кучли эканини яққол намоён этди.
Қизиғи, сериал премьераси олдидан саҳналаштирилган театр талқини ҳам катта муваффақият қозонди. У аллақачон тўртта “Тони” ва иккита “Оливье” мукофотига сазовор бўлган.
Сериалнинг асосий қисмлари якунланса-да, ҳикоя шу билан тўхтаб қолмайди. Netflix раҳбарияти “Жуда ғаройиб ишлар” коинотини янги спин-офф сериаллар, медиа лойиҳалар ва турли форматларда давом эттиришни режалаштирмоқда. Демак, мухлислар учун бу ҳикоя ҳали узоқ вақт давом этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.