
“Интер Майами” ва Аргентина миллий терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Мессининг синглиси — Мария Соль Месси АҚШнинг Майами шаҳрида юз берган йўл-транспорт ҳодисасига дуч келди. Бу ҳақда хорижий ОАВлар, хусусан, “Nueva Rioja” нашри маълум қилди.
Манба берган ахборотларга кўра, автоҳалокат оқибатида Мария Соль жуда оғир ва жиддий тан жароҳатларини олган. Унда турли даражадаги куйиш аломатлари, умуртқа поғонаси синиши, товон ҳамда билак суякларининг шикастланиши аниқланган. Шифокорлар унинг соғлиги тўлиқ тикланиши учун узоқ муддатли, босқичма-босқич ва кенг қамровли реабилитация жараёни талаб этилишини таъкидламоқда.
Айнан шу сабабли Мария Соль 2026 йил 3 январь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган тўй маросимини номаълум муддатга қолдиришга мажбур бўлди. У “Интер Майами” клубининг U19 жамоасида фаолият олиб бораётган мураббий Жулиан Ареллано билан турмуш қуриши керак эди. Мухлислар бу хабарни катта хавотир билан қабул қилди ва ижтимоий тармоқларда Мария Сольга тезроқ соғайиб кетиш тилакларини йўллашмоқда.
АҚШдаги дастлабки тиббий муолажалардан сўнг, Мария Соль Месси реабилитация давомини ўтказиш учун ўзининг туғилган шаҳри — Аргентинанинг Росарио шаҳрига қайтарилди. Ҳозирда у шифокорлар назорати остида бўлиб, барча тиббий кўрсатмаларга қатъий амал қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.