Муниса Ризаеванинг “Сетора” гуруҳи билан болалик орзуси рўёбга чиқди!

“Сетора” гуруҳининг навбатдаги концертида кутилмаган ва жуда таъсирли лаҳза кузатилди. Машҳур хонанда Муниса Ризаева концерт давомида “Сетора” гуруҳи билан бирга саҳнага чиқиб, дует қўшиқ ижро этди.
Мунисанинг айтишича, мазкур таклиф унга продюсер Даврон Кабулов томонидан берилган.
“Мунисахон, 'Сетора' гуруҳи билан дует айтсангиз бўладими?” деган таклиф бўлди. Мен эса ҳеч иккиланмасдан: “Албатта! Бу менинг ёшлигимдаги энг катта орзум эди”, деб жавоб бердим”, — дейди хонанда.
Муниса Ризаева болалигидан “Сетора” гуруҳининг ашаддий мухлиси бўлганини ҳам яширмади. Унинг сўзларига кўра, болалик пайтида хонанинг деворлари гуруҳ аъзоларининг плакатлари ва расмлари билан тўлиб турган.
“Айниқса, Камилани жуда яхши кўрар эдим, чунки у билан чеҳрамиз жуда ўхшаш. Бугун эса ўша орзум саҳнада амалга ошди”, — дея қўшимча қилди у.
Муниса сўзининг якунида орзу қилиш ва унга ишониш инсон учун энг муҳим омиллардан бири эканини таъкидлади:
“Одам албатта орзу қилса, орзуларига етади. Бежизга 'яхши ният — ярим давлат' дейишмайди. Шунинг учун инсон ўз орзуларига ишониши керак — улар албатта ушалади. Мен 'Сетора' гуруҳини яхши кўраман ва мана, орзум рўёбга чиқди”, — деди хонанда.
