13:04 / 02.01.2018
9 792

Феруза Норматова: Пиар орқали шаънимга доғ туширишни истамайман!

Феруза Норматова: Пиар орқали шаънимга доғ туширишни истамайман!
— Икки йил мобайнида Ўзбек давлат драма театрида фаолият юритган Феруза Нормаaтова ким ёки нима сабаб «Дийдор» театр-студиясида ишлашга қарор қилди?
— Ҳақиқатан сиз юқорида номини айтиб ўтган театрда 2012-2014 йилларда ишлаганман. «Минг йиллик ҳангома», «Қиз келин» сингари ўндан ортиқ саҳна асарларида катта-кичик ролларни ижро этиш бахтига ҳам муяссар бўлганман. Аммо айрим сабабларга кўра театрдаги фаолиятимни тўхтатганман. Орадан уч йил ўтгач, яна жонли саҳнада роль ўйнаш насиб этди. Кунларнинг бирида истеъдодли актёр ва акамдек яқин бўлиб қолган дўстим Акбархўжа Расулов қўнғироқ қилиб, устоз режиссёр Баҳодир Йўлдошев ёш актёрларни жамлаб, «Юлдузли тунлар» спектаклини саҳналаштираётганини ва менга ҳам роль борлигини айтиб қолди. Янгиликни эшитиб, жуда ҳам қувондим ва эртасигаёқ театр-студияга бордим. Бу даргоҳ менга бегона эмаслиги ва у ернинг муҳити ёққанлиги боис ижод қилишга бажонидил рози бўлдим. Менга Ойшабегим ролини беришди. Ризқим шу ерга ҳам сочилган экан, ҳамкасбларим билан бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ўз устимизда тинимсиз ишлаш ва изланишга ҳаракат қиляпмиз.

— Аксарият кинода ишлайдиган ижодкорлар вақт масаласида муаммо борлигини кўп такрорлашади. Театрнинг эса ўз қонун-қоидалари мавжуд. Ҳаммасига улгуряпсизми?
— Душанба кунидан ташқари, ҳар бир кунимнинг етмиш фоизи театрда ўтяпти. Сабаби, душанба куни дам олиш кунимиз. Кунни, ишни тўғри тақсимлашга интиляпман. Ҳар куни кундалик ишларимни режалаштираётганда, биринчи ўринга театрни қўяман. Қолган ишларим эса иккинчи даражали. Мен билан фаолият юритаётган барча ҳамкасбларимда ҳам шундай, театрдаги ишимиз муҳимроқ. Репетиция жараёнларини шунчаки ўтказиб юбормаймиз.

— Санъат соҳасига қизиқишингиз қачондан бошланган?
— Биласизми, ота-онамнинг айтишича, жуда ҳам кичкиналигимдан телевизор орқали эфирга узатиладиган кино ва қўшиқларни томоша қилиб, қўлчаларимни қимирлатиб, рақсга тушишни одат қилган эканман. Эсимда, боғчага борган кезларимда тушликдан сўнг ҳамма ўртоқларим ухласа, мен тарбиячи опаларим кўмагида рақсга тушишни ўрганишга интилардим. Мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқирдим. Хуллас, санъат соҳасига тасодифан кириб келмаганман ва унга ҳеч қачон хобби ҳамда маблағ манбаи сифатида қарамаганман.

— Эшитишимизча, кўплаб хонандалару актёрларни кашф қилган «Ўзбегим ёшлари» ансамблида ҳам фаолият олиб борган экансиз…
— Бўш қолган вақтимни, албатта, фойдали нарсаларга сарфлашга одатланганман. Институтда ўқиб юрган пайтларимда ҳам дарсдан кейин рақс тўгараги ҳамда дубляжга борардим. Баъзан кичик-кичик ҳикоячалар, афоризмлар ёзардим. Учинчи босқичга ўтганимда ансамблга рақс бўйича имтиҳон топширдим. Омадим бор экан, биринчи уринишдаёқ мени қабул қилишди. Кўплаб истеъдодли ёшларни кашф қилган мазкур жамоа раққосалик маҳоратимни чархлаб, ўз устимда изланишимга туртки бўлган. Ансамбль билан дунёнинг кўплаб давлатларида бўлдим, дўстлар орттирдим. Афсуски, иккинчи оиламдек бўлиб қолган «Ўзбегим ёшлари»да уч йил, яъни 2014 йилгача фаолият олиб бордим, холос. Лекин ҳалигача у ердаги дўстларим ва устозларим билан қўнғироқлашиб, учрашиб турамиз.

— Гонорар сиз учун қанчалик муҳим?
— Бу ҳаёт, ҳар биримиз тирик жонмиз. Яшашимиз, кийиниш, еб-ичишимиз ҳаммаси, албатта, моддий томонга бориб тақалади. Агар сценарий зўр, режиссёр, партнёр ўз ишининг устаси бўлса, мен учун гонорар унчалик муҳим эмас. Бунинг мутлақо акси бўлса, гонорарни биринчи ўринга қўяман.

— Яқинда маъмур билан ишлашни бошлаганлигингизни эшитиб, рости, ажабландик. Админстраторга эҳтиёж сезганлигингизнинг боиси нима: бу замон талабими ёки бошқа бирор жиддий сабаби борми?

— Ишлаш жараёнида зарурат туғилганлиги боис маъмур билан ҳамкорлик қилишни бошлаганим ҳақиқат. Хабарингиз бор, халқимизнинг яхши ва бахтли кунларида бошловчилик ҳам қилиб тураман. Маъмурим ташкилий ишлар билан шуғулланади. Ижодкорлар билан эса ўзим мулоқот қиламан. Тиғиз иш тартибимда маъмур билан ишлаш менга анча қўл келмоқда.

— Охирги уч йилликда сиз роль ижро этишни истаган фильм катта экранга чиқдими?

— Маҳоратли режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Маъсума» фильмини кўрганимда жуда ҳам таъсирланганман. Бош қаҳрамон ролини гавдалантирган актриса Шаҳзода Матчонованинг ижросига тан бериб, у ижро этган ролда ўзимни тасаввур қилиб кўрганман ва ич-ичимдан шунга ҳавас қилганман.

— «Миллий» телеканалида эфирга узатилаётган «Ширчой» кўрсатувига қандай келиб қолдингиз?
— Дастлаб бир неча муддат «Хит-парад» дастурига бошловчилик қилдим. Кейин телеканал раҳбариятининг кўрсатмаси билан «Ширчой»га бошловчиликка проба топширдим. Синовдан муваффақиятли ўтгач эса шу кўрсатувда иш бошладим. Илгари турли тадбир ва кўрсатувларни олиб бориб, оз бўлса-да, тажриба тўплаганим бу борада анча қўл келяпти.

— Сизни ҳамиша ижобий ролларда кўрамиз. Агар режиссёрлардан салбий қаҳрамонни талқин қилиш таклифи тушса, уддалай олармикансиз?
— Нега эплай олмас эканман?! Ахир тўрт йил институтда устозларимдан шу соҳа бўйича таҳсил олганман-ку. Тўғри, деярли барча ролларим ижобий. Шу пайтга қадар асосан, шартаки, сўзамол, ўйинқароқ келин образларида намоён бўлган бўлсам, яқинда Дилшод Аҳмедовнинг «Фитна» сериалида салбий келин ролини ўйнадим. Аввалига режиссёр «Бирон марта ҳам салбий роль ўйнамагансиз, қийналиб қолмайсизми? Эртага томошабинлар ёмон кўриб қолишидан қўрқмайсизми?» деган фикрларни билдирди. Мен режиссёрга ролни у кутган даражада ижро эта олишимга ишонишимни айтдим. Ота-онам ҳам «Биз розимиз, қизим, ўйнайвер. Шу ролинг орқали кимгадир ўрнак бўлсанг, тўғри йўлга қайтишига сабабчи бўласан», дейишди. Образим орқали томошабинларда қаҳрамонимга нисбатан нафрат уйғониши, шубҳасиз.

— Бугун кўплаб ёш санъат вакиллари тезда юлдуз бўлиш ёхуд бир ҳафтада бўлса ҳам томошабинлар тилида «яшаш» мақсадида қандайдир пиарларга мурожаат қилишмоқда. Сизда ҳам ҳеч ўзингизни пиар орқали реклама қилиш нияти бўлганми?
— Очиғини айтсам, машҳурликка унчалик қизиқмайман. Шу боис ҳеч қачон сиз айтиб ўтган йўл, яъни пиар орқали машҳур бўлишни, қиз бола шаънимга доғ тушишини хоҳламайман. Оддий оилада туғилиб, оддий одамлар орасида яшаганлигим учун оддийликни яхши кўраман. Мени ролларим орқали мухлислар «юлдуз» қилиши мумкин, лекин мен ўз-ўзимни машҳур қилолмайман. Балки, кун келиб, ижром сабаб эл оғзига тушарман, буни эса вақт кўрсатади. Буни ким қандай тушунади билмайман-ку, лекин машҳурлик мен учун инсоний ҳиссиётлардан кейинги ўринда турадиган тушунча.

— Тўйингиз қачон эканлигига қизиқаётган мухлисларингиз талайгина. Совчилар ҳам эшик қоқиб келаётгандир-а?
— (самимий кулиб) Ҳа. Лекин ҳозир турмушга чиқиш ҳақида ўйлаганим йўқ. Одатдагидек, ижод жараёнида бандман. Шунингдек, турмуш қуриш фақатгина менинг хоҳишим билан амалга ошадиган иш эмас. Ҳамма нарсанинг вақти-соати бўлганидек, кун келиб, албатта, тўйим ҳам бўлади. Пешонамга ёзилган шаҳзоданинг қачон келишини фақатгина тақдир билади. Ҳаётимни янада чиройли қила оладиган ва бахтга тўлдирадиган, ўзимни ва касбимни тушунадиган инсон билан тақдиримни боғлаш ниятидаман.
— Илоҳим, барча эзгу орзуларингиз рўёбини кўринг. Самимий суҳбат учун миннатдорчилик билдириб қоламиз!
Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Феруза Норматова: Пиар орқали шаънимга доғ туширишни истамайман!