22:55 / 30.01.2018
8 265

Баҳром Назаров “Хиноли қор”да ўтган болалик хотиралари ҳақида

Баҳром Назаров “Хиноли қор”да ўтган болалик хотиралари ҳақида
Санъат соҳасида ўз йўлини, ўрнини топиш учун ижодкорга нафақат иқтидор ва меҳнат, балки яхшигина омад ҳам кераклиги кўп бора таъкидланган. Бу гапнинг исботини Баҳром Назаровнинг мисолида кўриш мумкин. Биргина қўшиқ билан халқнинг меҳрини қозонган камтар ва камгап хонанда бугун “Даракчи” меҳмони. У билан суҳбат давомида ижоди ва ҳаётига доир саволларимизга жавоб топишга ҳаракат қилдик...

— Хуш келибсиз! Баҳром ака, эшитишимизча интервью беришни ёмон кўрар экансиз. Нега?
—Аввало ҳурмат қилиб таклиф этганингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Саволингизга келсак, ёқтирмайман эмас, шунчаки, табиатдан камгап бўлганим учун, саволларга тўлиқ жавоб беролмасамчи, фикримни тўлиқ тушунтиролмасамчи, деб хавотир оламан. Интервьюга таклиф қилишганда хаёлимдан ўтадиган биринчи ўй айнан шу бўлади. Аммо бу ҳаяжонни енгиб журналистлар билан учрашишим кераклигини ҳам биламан. Сизлар билан мулоқотда бўлиш ва халқ билан боғланиш, ҳар бир ижодкорга зарур.

— Интервьюларингизнинг бирида иккинчи мутахассилик бўйича санъат институтига ўқишга киришингизни айтган эдингиз...
— Ўтган йили ўқишга кирган эдим, бироқ ишлар билан бўлиб ўқишга вақт ажратолмадим. Бу йил яна ҳаракат қиламан, дегандим ҳужжат топширадиган муддат гастролларга тўғри келиб қолди. Хуллас, бу йил ҳам талаба бўлиш насиб этмади. Аммо яхши нарсанинг эрта кечи йўқ деб ўйлайман.

— Устоз санъаткорлар санъат йўналишида ўқимай, ижод қилиб юрганларни кўп танқид қилишади. Соҳадаги нопрофессионаллик сабабларини ҳам айнан ўқимаслик билан боғлашган. Бу фикрга сизнинг муносабатингиз...
— Бу масалани соҳамизнинг энг катта муаммоси, деб ўйламайман. Биргина мисол, Озодбек Назарбеков вақтида танилиб, халқ тилига тушгандан кейин санъат соҳасида таълим олган. Айтмоқчиманки, санъаткор назарий билимларни фаолияти давомида эгаллаши ҳам мумкин, биринчи ўринда иқтидор ва меҳнат керак. Лекин иқтидори ҳам йўқ, устига устак ўқимаганларнинг ҳам тарафдори эмасман.

— Продюсерингиз билан ҳамкорлигингиз якунланганига бир йилдан ошди. Якка ўзингиз иш юритишга қийналмаяпсизми?


— Мен ўзимни ёлғиз ижодкорман, деб ҳисобламайман. Чунки ўша пайтдаги маъмурим билан бугун ҳам биргамиз. Нима бўлганда ҳам продюсернинг ўз ўрни бор экан. Фаолиятимдаги баъзи масалаларни ҳал қилишда унинг ёрдами кераклигини ҳис қилсамда, вазиятда чиқишга ҳаракат қиляпман.

— Яна ҳамкорликни давом эттириш керакдир...
— У билан шартнома тугагандан кейингина ишни тўхтатдик. Ҳеч бир нарса абадий эмаслигини яхши биламан. Шунинг учун шартномани яна узайтириб ўтирмадик.

— Аниқ сабаблар ҳақида гапиришни истамайсиз шекилли...

— Ички гап-сўзларни омма олдида муҳокама қилиб ўтиришни истамайман.

— Аҳамият берсак, дунё эстрада ва шоу бизнеснесида фаолият юритадиган хонандаларнинг аксарияти танилиб олгунча продюсердан фойдаланишади...
— Менинг вазиятимда бундай эмас. Ҳеч кимдан фойдаланиб кейин ташлаб кетганим йўқ. Аксинча, бирга ҳамкорлик қилиш ҳақидаги таклиф собиқ продюсернинг ўзидан тушган.

— Айтингчи, Баҳром Назаровнинг омади нимада?
— Менимча, яхши устоз кўрганимда. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековдан жуда кўп нарсани ўрганиб келяпман. Шунингдек, бугунги куним, изланиш ва меҳнатларим мевасидир.

— Ижодий фаолиятингиз давомида бирор марта дуэт куйламагансиз...
— Таклифлар жуда кўп бўлган. Аммо бу нарса режамда бўлмагани учун рад жавобини берганман. Дуэт куйлабди, деб шунчаки, тилга олингандан кўра, қўшиғимизни одамлар узоқ вақт эслаб юриши ёқимлирок, назаримда. Ўзим тайёр бўлишим билан албатта, таклифларнинг энг яхшисига рози бўламан.

— Сиз учун санъатдаги марра нимада?
Санъат одамларнинг кўнглига таскин бериб, кўзини қувонтирса-да, уни бешафқат, деб ўйлайман. Чунки бу соҳада бир умр хизмат қилиб бўлмайди. Вақти соати келганда, ўз номига путур етказмасдан, иззат ва ҳурматда “нафақа” га чиқиш — марра бўлсак керак. Кейинги авлод яхши гаплар билан тилга олса, шу санъаткорнинг бахти.

— “Ҳар бир эркак кишининг муваффақияти ортида, аёлнинг меҳнати ётади” дейишади...
— Албатта. Биз эркаклар ишдан чарчаганимизда, жаҳлимиз чиққанда инжиқлигимизни кўтарадиган, иссиқ-совуғимиздан бохабар, фарзандларимизга кўз-қулоқ ва оиламиз тинчлигини сақлайдиган бу — аёлимиздир. Санъаткорнинг аёлига икки ҳисса қийин. Уларга ҳайкал қўйиш керак (кулади). Эрта-ю, кеч ижод билан банд бўламиз, кези келса, бир ойлаб гастролларда юрамиз. Шундай пайтларда аёлимиз оиламизга масъул инсон бўлади. Яхши ижод қилиб, мухлисларимнинг кўнглидан жой олаётганимда ҳам рафиқамнинг ўрни катта. Айтишади-ку, уйда ҳаловат бўлмаса, ишда унум бўлмайди, деб. Шунинг учун умр йўлдошимга минг раҳмат дейман.

— “Онам рўмоли” номли қўшиғингиз ўз ҳаётингиздан олинган. Волидангиз ҳақида гапириб берсангиз...
— Онам асли, қозоғистонлик бўлиб, Тошкентга ўқишга келганларида, отам билан танишиб, оила қуришган. Улар ҳақида ўйласам, ёзги таътил кунлари ёдимга тушади. Ҳар йили мактабдан таътилга чиққанимизда дадам онам ва бизни поездда Қозоғистонга кузатардилар. Биз учун ҳар қандай оромгоҳдан ҳам кўра ўша ердаги ҳордиқ мароқли ўтарди. Онам мен учун — одоб рамзи эдилар. Уларнинг чиройли феъл-атворлари, муомила ва хулқини ҳамма ҳурмат қилган. Онажонимдан айрилганимдан сўнг, болалигим ҳамманики каби ўтмаган. Оиланинг тўнғичи бўлганим учун укаларимга кўз-қулоқ бўлиш, дадамга ёрдам бериш билан улғайганман. Онам вафотларидан олдин, “Укаларингни ташлаб қўйма, ака эканинг ёдингда бўлсин” дегандилар. Ҳозиргача шу гаплар хаёлимдан чиқмайди. Укларим билан ҳар куни кўришолмасак-да, қўнғироқлашиб турамиз. Раҳматли онам доим “Сен Тошкентда ўқишинг керак” дердилар. Бугун уларнинг орзулари икки карра амалга ошди, деб ўйлайман. Пойтахтда ўқидим ва озми кўпми халқ меҳрини қозоняпман. Минг шукр...

Блиц:
— Инстаграм сиз учун...

— Ҳеч нарса эмас. Кимдир эслатмаса кунлаб, ҳафталаб ижтимоий тармоқларга кирмаслигим ҳам мумкин.

— Ким билан дуэт куйлашингиз мумкин: Шоҳжаҳон Жўраев, Жаҳонгир Позилжонов ёки Райҳон Ғаниева?

— Ижодкор ва инсон сифатида ўзим ҳурмат қиладиган Жаҳонгир Позилжонов билан ҳамкорлик қилишим мумкин

— Қишлоғингизга қандай таъриф берган бўлардингиз?
— “Хиноли қор” номли турк сериали бўларди. Негадир, ўша кинода кўрсатилган қишлоқ манзараларини ???? га ўхшатаман. Буни кўпчилик танишларим ҳам билиб қолишган. Уйга бориб келсам “Хиноли қорга бордингизми?” деб сўрашади.
Факт:
Хонанда икки фарзанднинг отаси. Озодбек 6 ёшда, қизи Зеҳина эса 3 яшар.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Баҳром Назаров “Хиноли қор”да ўтган болалик хотиралари ҳақида