date

Рубен Аморим “Ливерпул” устозининг танқидига жавоб берди

Рубен Аморим “Ливерпул” устозининг танқидига жавоб берди

АПЛ 9-тури арафасида “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Рубен Аморим матбуот анжуманида жамоаси ҳақида сўз юритар экан, бир ҳафта аввал “Ливерпул” устози Арне Слот айтган фикрларга муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Слот “МЮ”га қарши 1:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг рақибни “паст блокда ўйнайдиган ва узоқ узатмаларга суянадиган жамоа” деб таърифлаганди. Бу гаплар Англия футболи муҳокамалари марказига айланган эди.

Аморим эса бу фикрларга жавобан шундай деди: “Арне Слот нима дегани мен учун умуман аҳамиятсиз. Ҳар ким жамоам ҳақида ўзи хоҳлаганча гапириши мумкин, лекин бу менинг ишимга таъсир қилмайди. Мен учун энг муҳими — ўйинни таҳлил қилиш ва нимани яхшилаш кераклигини аниқлаш.

Футболда баъзида ўз услубингда ўйнайсан, баъзан эса рақибга мослашишга тўғри келади. Мен жамоамни яхши биламан ва уни кимдир ташқаридан баҳолашига эҳтиёж сезмайман. Бизда тўп билан ўйнашда камчиликлар бўлди, буни инкор этмайман. Лекин навбатдаги баҳсда бу йўналишда анча яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз”, — деди “қизил иблислар” бош мураббийи.

Аморимнинг бу баёноти “Ливерпул” билан бўлган сўнгги баҳс атрофидаги танқидларга чек қўйди. Унинг фикрича, футболда гаплар эмас, натижа ва ўйин сифати ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Мутахассис шунингдек, жамоа ичидаги муҳит ижобий эканини ва футболчилар сўнгги мағлубиятларга жавобни майдонда беришни мақсад қилганини таъкидлади. “Биз ҳар бир ўйинни синов сифатида қабул қиламиз. Футболда энг муҳими – барқарорлик ва ишонч. Бу икки жиҳат бизда бор”, — деди Аморим.

Маълумот учун, бугун “Манчестер Юнайтед” АПЛнинг 9-тури доирасида ўз майдонида “Брайтон”ни қабул қилади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:30 да старт олади. Жамоа мухлислари “қизиллар”дан янги ғалаба кутишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Рубен Аморим “Ливерпул” устозининг танқидига жавоб берди