date

Осиёнинг нафис тимсоли бўлган Сирикит бу дунёни тарк этди

Осиёнинг нафис тимсоли бўлган Сирикит бу дунёни тарк этди
Таиланд қироллик судининг расмий баёнотига кўра, мамлакатнинг энг эҳтиромли арбобларидан бири бўлган қироличанинг онаси Сирикит узоқ давом этган хасталик сабабли 93 ёшида вафот этди. Унинг ҳаётдан кўз юмгани 2025-йил 24-октябрь куни Бангкокдаги касалхонада, қон инфекцияси оқибатида юз бергани билдирилди.

Сўнгги йилларда амалдаги қирол Маха Вачиралонгкорннинг онаси бўлган Сирикит соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб омма олдида деярли кўринмаган эди. Унинг вафоти муносабати билан мамлакатда бир йиллик мотам ва энг олий даражадаги дафн маросими эълон қилинди.

Сирикит Таиланд халқининг қалбидан чуқур жой олган. Унинг суратлари бутун мамлакат бўйлаб — уйлар, офислар ва жамоат жойларида осилган ҳолда турар эди. Унинг туғилган куни — 12-август Таиландда “Она куни” сифатида нишонланар эди.

Қиролича ўз умрини қишлоқ аҳолиси ҳаётини яхшилаш, миллий урф-одатларни асраш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби эзгу ишларга бағишлаган. У нафақат ўз мамлакати, балки бутун Осиё бўйлаб гўзаллик, нафислик ва юксак дид тимсоли сифатида тан олинган. Машҳур нашрлар — Vanity Fair уни “Осиёлик Жеки Кеннеди”, Paris Match эса “барча даврларнинг энг гўзал маликаси” дея таърифлаган.

Сирикит 1950-йилда қирол Пхумибол Адулядетга турмушга чиқиб, уч нафар қиз ва бир ўғилдан иборат оилани тарбиялаган. У Бангкокдаги зодагонлар оиласида туғилган бўлиб, ўз даврида халқнинг ишончи ва меҳрини қозонган энг нуфузли қироллик вакилларидан бири бўлиб қолган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Осиёнинг нафис тимсоли бўлган Сирикит бу дунёни тарк этди