
Таиланд қиролича онаси Сирикит узоққа чўзилган касалликдан сўнг 93 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда қироллик суди маълум қилди, деб хабар берди Bangkok Post.
Маълумотларга кўра, Сирикит 24 октябрь куни қон инфекцияси сабабли Бангкокдаги шифохонада вафот этган. Охирги йилларда у соғлиги туфайли жамоат олдида кам кўриниб келарди, деб ёзади CNN.
Мамлакатда бир йиллик мотам ва энг юқори даражадаги қироллик дафн маросими эълон қилинди.
Сирикит Таиланд халқининг муҳаббатини қозонган энг ардоқли маликалардан бири бўлган. Унинг суратлари бутун мамлакат бўйлаб уйлар ва идораларда илиқ хотира сифатида сақланади. Шунингдек, қироличанинг туғилган куни мамлакатда Она куни сифатида нишонланарди.
У умрини қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилаш, миллий анъаналарни асраш ва табиатни муҳофаза қилиш ишларига бағишлади. Сирикит Осиё нафислиги ва латофатининг тимсоли сифатида тан олинган — Vanity Fair уни “Осиёлик Жеки Кеннеди”, Paris Match эса “барча даврларнинг энг гўзал маликаси” деб атаган.
Бангкоклик аристократлар оиласидан чиққан Сирикит 1950 йилда қирол Пхумибол Адульядетга турмушга чиққан. Улар уч қиз ва бир ўғил тарбиялаб ўстиришган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!