
Сурхондарё вилоятининг тарихий ва маданий жиҳатдан бой ҳудуди бўлган Жарқўрғон тумани яна бир йирик ютуққа эришди — эндиликда бу ернинг машҳур миллий таоми, “Жарқўрғон тандир гўшти”, географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатига олинди. Бу таом энди фақат Сурхон заминига хос гастрономик бренд сифатида қонуний муҳофазага эга бўлади.
Маълумотларга кўра, таомнинг бетакрорлиги ҳудуднинг табиий иқлими ва маҳаллий маҳсулотлар билан чамбарчас боғлиқ. Жарқўрғоннинг иссиқ-қуруқ ҳавоси, яйловларда боқилган ҳисори қўзилар гўшти ва тандирга арча шохларидан ёқилган олов – таомга ўзига хос мазза ва ҳид бахш этади.
“Жарқўрғон тандир гўшти” одатда +400 °C атрофида қиздирилган ер тандирда 1,5–2 соат давомида буғ ва иссиқлик таъсирида пиширилади. Бу жараёнда гўшт ташқи томондан қизариб, ичидаги ширани сақлаб қолади. Натижада таом нафақат мазали, балки ўзига хос парҳез хусусиятларига ҳам эга бўлади.
Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши бу миллий таом номини ноқонуний ишлатишдан асрайди ва асл рецептурани ҳимоя қилади. Бу, ўз навбатида, маҳсулот сифати бўйича ягона стандартлар жорий этилиши ва Жарқўрғон брендининг халқаро миқёсда тан олинишига хизмат қилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, “Жарқўрғон тандир гўшти” фақат миллий таом сифатида эмас, балки ҳудуднинг иқтисодий ва туристик имкониятларини кенгайтирувчи бренд сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Энди бу таом Сурхон гастрономик меросининг юзтутарига айланиши кутилмоқда.
Географик кўрсаткич (ГК) тушунчаси маълум ҳудуд билан боғлиқ маҳсулот сифати ва обрўсини кафолатлайдиган интеллектуал мулк ҳисобланади. У маҳсулотнинг ҳақиқий манбасини аниқлайди, истеъмолчида ишонч уйғотади ва ишлаб чиқарувчиларга қўшимча иқтисодий имконият яратади.
Шу билан, “Жарқўрғон тандир гўшти” нафақат Сурхон таомларининг ифтихори, балки Ўзбекистон миллий гастрономиясининг яна бир юксак намунаси сифатида тарихга кирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!