
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола замонавий футболда жамоалар учун кутилмаган устунлик бериши мумкин бўлган янги тактик усул пайдо бўлганини таъкидлади. Испаниялик мутахассиснинг фикрича, бу усул яқин орада ҳар бир катта жамоа тактикасида муҳим ўрин тутадиган “қурол”га айланиши мумкин.
Гвардиоланинг айтишича, ҳозирда кўплаб жамоалар ён чизиқдан тўпни узоқ масофага ташлаб бериш орқали ҳужумни бошлаш усулидан самарали фойдаланмоқда. Бу эса кўп ҳолларда бурчак зарбаси ёки жарима зарбасига тенг хавф туғдиради.
“Ҳозир футболда янги тенденция кузатиляпти — ён чизиқдан тўпни узоққа ташлаб бериш орқали рақиб дарвозаси атрофида хавфли вазият яратиш. Бу кичик нарса эмас. Бизда буни эплай оладиган ўйинчи йўқ. Илгари Кайл Уокер буни уддалай оларди, аммо биз унинг бу маҳоратидан унчалик фойдаланмаганмиз,” — деди Гвардиола журналистлар билан суҳбатда.
Машҳур мураббийнинг таъкидлашича, бу усул ҳозир “Арсенал”, “Тоттенҳэм” ва “Брентфорд” каби жамоаларда кенг қўлланилмоқда. Улар тўпни бир ҳаракат билан рақиб жарима майдонига ёки бевосита дарвоза олдига узатиш орқали рақиб ҳимоясини ноқулай ҳолатга солмоқда.
“Бу усул менга ёқадими-йўқми — бу муҳим эмас. Асосийси, бу ҳозир футболдаги янги қурол. Уни бартараф этиш осон эмас. Ҳозир деярли ҳар бир жамоа бу тактикани ишлатишни ўрганмоқда. Шу сабаб биз ҳам унга кўникишимиз керак,” — дея қўшимча қилди Гвардиола.
Гвардиола фикрича, замонавий футболда ҳар бир майда детал муҳим аҳамият касб этади. Ҳимояда кичик хато ёки жисмоний куч етишмаслиги бутун ўйин тақдирига таъсир қилиши мумкин. Шу боис у ўз жамоаси учун тўпни қўли билан узоқ масофага ташлай оладиган янги ўйинчи излашни режалаштирганини яширмади.
Манчестерлик мураббийнинг бу фикрлари Англия спорт ОАВларида катта муҳокамага сабаб бўлди. Кўплаб экспертлар Гвардиоланинг “бундай ёндашув”ни жиддий қабул қилиши унинг тактик фикрлашда ҳар доим рақибларидан бир қадам олдин эканини яна бир бор исботлаганини таъкидлашмоқда.
Айтиш мумкинки, Гвардиола учун ҳар бир чизиқдаги ўзгариш — бу янги имконият. Унинг сўзлари билан айтганда, “замонавий футболда ғалаба майда деталларни тўғри ҳис қилишда”.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!