00:30 / 14.11.2018
2 826

“Ўзбекконцерт” “Дизайн” жамоасига лицензияни қайтарди

“Ўзбекконцерт” “Дизайн” жамоасига лицензияни қайтарди
Мақолада журналист Хуршид Серобов "Дизайн" жамоаси лицензиясининг қайтарилиши билан бирга лицензия масаласига муносабатини билдиради. Муаллиф республика миқёсидаги санъаткорлар билан маҳаллий санъаткорларга бирдай солиқ солинаётгани хусусида ҳам тўхталиб ўтади.

Лицензиясидан маҳрум қилинган “Дизайн” қизиқчилар жамоасининг 4-11 декабрь кунлари “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт бераётгани ҳақида афишалар пайдо бўлди. Шу йилнинг 12 август куни “Ўзбекконцерт” давлат бирлашмаси “Дизайн” қизиқчилар жамоасини лицензиядан маҳрум қилганини билдирган эди.

Расмий билдиришда лицензиядан маҳрум қилишга асос сифатида “маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатлар орқали қизиқчилик санъатини беобрў этиб, санъаткор одобига риоя этмаганлиги” келтирилган. Лицензия бекор қилинишидан аввал жамоа аъзолари Дилшодбек Мусабеков ҳамда Саъдулла Фатҳуллаев тор доирада қилган қўпол ҳазиллар ёзилган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ва эътирозларга сабаб бўлган эди.

“Маънавий қадриятларимизга ёт бўлган номуносиб ҳаракатлар”ни амалга ошириб қизиқчилик санъатини беобрў қилиб юрган санъаткорларнинг 3 ой ичида “одобли ва маънавий қадриятларимизга тўлиқ муносиб санъаткор”га айланиши шубҳа уйғотади.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунда бекор қилиш шартлари келтириб ўтилган.

Қонунда лицензияни бекор қилиш учун “маънавий қадриятларимизга ёт хатти-ҳаракат қилиш” деган банд йўқ. Лекин “лицензияни бекор қилиш ушбу модданинг биринчи қисми тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолда суд қарорига, бошқа ҳолларда эса лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади” дейилган. Айнан "бошқа ҳолларда” деб кетилган изоҳ “Ўзбекконцерт”га санъаткорлар устидан тўлиқ назорат ўрнатиш ҳуқуқини беради. Чунки қонуннинг айнан шу қисми "Ўзбекконцерт"га ўзи хоҳлаган сабаб билан хоҳлаган санъаткорнинг лицензиясини олиб қўйиш имкониятини тақдим этмоқда. Санъаткорнинг исталган тадбирга (гонорар ёки маошсиз) юборилиши ҳам у “бошқа ҳолларда" деган сабаб билан лицензиясидан айрилишни хоҳламаслиги билан изоҳланади.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг 2018 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилишича, “2018 йилнинг 9 ойида жами берилган ва узайтирилган лицензиялар сони жисмоний шахслар бўйича 2693 донани, ўтган йил шу даврда жами 1826 та ижодий жамоа–юридик шахслар бўйича 28 донани ташкил этди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва унинг ташқарисида концерт-томоша йўналиши бўйича – 1509 дона лицензия берилган, 1184 дона узайтирилган.

Тошкент шаҳри бўйича 2018 йилнинг 9 ойида биринчи маротаба 373 дона лицензия расмийлаштирилган, 485 дона узайтирилган, жами 858 дона бўлиб, 2017 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич (788 дона)ни ташкил этади.

Тошкент шаҳар бўлимида тушумлар пасайиб кетган. Рейд давомида 144 жой текширилган бўлиб, 489 нафар санъаткор огоҳлантирилган, шундан 254 таси лицензия олган” (ҳисоботдан айнан олинди – Х.С.).

Ҳисоботда лицензияси олиб қўйилган санъаткорлар айтиб ўтилмаган.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунда “лицензияловчи органлар ўзлари лицензиялашни амалга ошираётган фаолиятнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензиялар реестрларини юритиши” қайд этилган. Бунга кўра “лицензиялар реестрларида лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари ҳамда саналари” кўрсатилган бўлиши лозим. “Дизайн” жамоасининг лицензияси қайтарилгани хусусида эса ҳеч бир манбада хабар берилмаган.

Turon24 мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзбекконцерт” давлат бирлашмаси матбуот хизмати билан боғланганда “Ўзбекконцерт” ходимлари маълумот беришни бошқа масъулларга юклади. “Мана бу рақамга қўнғироқ қилинг, саволингизга жавоб топасиз” дея турли телефон рақамларини беришди. Берилган рақамларни эса ё ҳеч ким кўтармади, ё улар умуман мавжуд эмас.

Сўнгра ушбу ҳолат юзасидан “Дизайн” жамоаси администратори билан боғландик. “Дизайн” жамоаси админстратори “лицензия анча вақт олдин тикланганини, лекин санаси ёдида йўқлигини” айтди. Лицензия тикланишининг сабабини “жамоанинг давлат тадбирларида иштирок этгани” билан изоҳлади.

Қонунда эса лицензия бериш талабларида “Ўзбекконцерт”нинг тадбирларида қатнашиш талаблари мавжуд эмас. Бундан "Ўзбекконцерт" айнан юқоридаги қонундаги ноаниқлик сабаб лицензияни бериш-бермасликни санъаткорнинг тадбирларда қатнашиш-қатнашмаслиги ва ташқилот билан муносабатлари яхши-ёмонлиги асосида белгилаяпти деган гумон пайдо бўлади. Лицензиясидан маҳрум бўлиш хавотирида қолган санъаткорларни тадбирларга жалб этиш амалиёти эса мажбурий меҳнат сифатида баҳоланиши эҳтимоли юқори. Мажбурий меҳнатнинг исталган кўриниши эса Ўзбекистонда тақиқланган.

Исмини очиқлашни хоҳламаган эстрада хонандаларининг айтишича, халққа яхши танилиб қолган санъаткорлар “Ўзбекконцерт” томонидан тез-тез тўй-ҳашамларга, маиший тадбирларга юборилади. Лицензияни сақлаб қолиш хавотирида бўлган санъаткорлар эса ўзлари хоҳламаган тарзда бу тўй-ҳашамларга, туғилган кун тадбирларига боришга мажбур бўлади.

Шунингдек, хонанда Шаҳло Аҳмедованинг лицензияси бекор қилингани ҳақида расмий билдириш эълон қилинди. Расмий билдиришда айтилишича, "Ўзбекконцерт" бадиий кенгаш томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, “хонанда Аҳмедова Шаҳло Бахтиёр қизининг “Летние дожди” деб номланган қўшиғига ишланган видеоклип ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилаётганлиги аниқланган”.

Хонанданинг ижтимоий тармоқда видеоклипни айлантираётгани оқибатида “Ўзбекконцерт” ушбу чорани қўллаган. “Хонанда Шаҳло Аҳмедованинг “Летние дожди” деб номланган видеоклипида миллий маънавиятимизга ёт бўлган, томошабинларнинг эътиборини жалб этиш учун халқимиз менталитетига зид, шарқона одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган ҳаракатлардан ҳам тап тортмай, йигит ва қизнинг ишқий кечинмаларини очиқ-ошкора ифода этиб, буни андишасизларча тасвирга олиб кенг оммага намойиш этган” дейилади расмий билдиришда.

Хонандаларнинг ижтимоий тармоқдаги фаолияти билан боғлиқ банд ҳам қонун матнида акс эттирилмаган.

Лицензия “санъаткорни назоратда тутиб туриш қуроли” бўлмаслиги керак, назорат тор доира ва шахсий манфаатлар чегарасида қолса, санъаткор мажбурий меҳнат қурбони бўлиб қолиши мумкин.

26 октябрь куни Бухоро вилояти Ромитан туманидаги бир гуруҳ санъаткорлар “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда туман давлат солиқ инспекциясига видеомурожаат билан чиқишган эди. Мурожаатда ижодий гуруҳдаги ҳар бир хонанда ва созандалар алоҳида-алоҳида лицензия олишга мажбурланаётгани, аммо Тошкентдаги санъаткорларнинг топиш-тутиши вилоятдагиларникидан кескин фарқ қилиши, шунга қарамай республика миқёсидаги санъаткорлар билан маҳаллий санъаткорларга бирдай солиқ солинаётгани ҳақида сўз боради.

“Биз санъаткорлар халқимизнинг яхши кунида хизмат қилиб келмоқдамиз. Лекин “Ўзбекнаво” (ҳозир бу ташкилот “Ўзбекконцерт” деб аталади) ҳамда туман давлат солиқ инспекцияси томонидан қилинаётган ҳаракатлар бизни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Туманимиз санъаткорлари бугун бу борада ўз эътирозларини билдиришмоқчи”, – деб бошланган видеомурожаат.

Ушбу ҳолатга “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Дилмурод Хўжаев: “Ромитанликларнинг бундай талаб билан чиқиши тўғри. Боиси Ромитан туманида ҳар бир гуруҳ битта хизмат учун 400 минг сўмдан 800 минг сўмгача ҳақ олади. Гуруҳда эса камида 4 тадан вакил бўлиб уларнинг ҳар бири бугунга келиб алоҳида солиқ тўлашига тўғри келмоқда. Бу эса айни пайтдаги даромадга қаралса, имкони йўқ нарсадир”, – деб изоҳ берган.

Солиққа тортишда юзага келадиган муаммо тўйларга баланд нархда борадиган санъаткорлар билан арзон ставкада юрадиган вилоятдаги санъаткорлар ўртасидаги нотенглик билан боғлиқ. Ушбу ҳолатлар учун янги тизим яратишга эҳтиёж бор.

“Дизайн” жамоасига лицензия қайтарилишига сабаб сифатида айтилган “давлат тадбирларида иштирок этиш” қанчалик ростлигини аниқлай олмадик. Эҳтимол, бу тадбир тор доирадаги “тадбир” бўлиши ҳам мумкин.

Лицензия бериш тартиби ва “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунни ислоҳ қилиш вақти аллақачон етиб келган.

Лицензия тизимини батамом тугатиб, санъаткорларнинг даромадларини солиққа тортиш тизимини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Чунки ўртача 2-3 минг долларга тўйга борадиган, топиш-тутиши яхши санъаткор ҳам лицензия учун йилига 4 миллион сўм тўласа, бир тўйга 200-300 минг сўмга борадиган санъаткор ҳам шу пулни тўлайди. Бу эса ушбу тизимнинг ўзига хос адолатсизлигини намоён қилади. Даромадлардан солиққа тортиш эса бирйўла икки-уч муаммони ҳал этиши мумкин. Кўп топган кўп тўласин, кам топган кам.

Аммо солиққа тортиш мобайнида ҳам муаммолар келиб чиқиши аниқ. Шунда тўй эгаси ва хонанда ўртасидаги келишув нархи камроқ солиқ тўлаш учун камайтирилиши мумкин. Шунинг учун хам қонун лойиҳалари устида ишловчи мутасаддилар солиқчилар билан ҳамкорликда таклиф этилаётган янги тизим устида бош қотиришларининг вақти келди. Кўчада, совуқда писта сотаётган холаларни ҳам солиққа тортаётган бир пайтимизда ҳар тўйдан 2-3 минг АҚШ доллари миқдорида гонорар олаётган санъаткорларимизнинг лицензия тўлови билан қутулиб қолиши адолатдан эмас.

Ушбу мақола ҳурматли санъаткорларимизга ёқмаслигини билиб турган ҳолда айтиш мумкинки, солиққа тортганга яраша санъаткорларга ҳам қўшимча имкониятлар яратиб бериш зарур бўлади. Энг камида интернет “монетизация” тизимига аъзо бўлган ҳолда санъаткорларимиз фақат тўйдан тушадиган даромадларга боғланиб қолмай, бошқа платформаларда ҳам фойда кўришларига шароит яратиб бериш лозим.
Хуршид Серобов

Манба: Turon24.uz

Ўзбекконцерт Дизайн лицензия
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)