Зарина Йўлдошеванинг идеалидаги инсон қандай?

Зарина Йўлдошева “Наво меҳмонда” лойиҳасида шахсий ҳаёти, идеалидаги инсон ва ўз характери ҳақида самимий фикрлар билдирди.
Актрисанинг айтишича, у ўз идеалидаги инсонни аллақачон учратган:
“Менинг идеалимдаги инсон аслида бор ва мен уни учратганман”, — деди у.
У идеалидаги инсон қандай бўлиши кераклигини ҳам батафсил тушунтирди:
“Мен шунақа инсонни хоҳлайманки, у менинг ўзгарувчан характеримга тез мослаша оладиган, оғир-босиқ, мени ҳар томонлама тушунадиган бўлсин. Жаҳлим чиққанда тинчлантира оладиган, хурсанд бўлсам эса мен билан бирга қувона оладиган инсон бўлиши керак”, — дея таъкидлади актриса.
Шу билан бирга, у ҳазил аралаш яна бир фикрни ҳам қўшиб қўйди:
“Бунақа инсон йўқ, менимча. Балки шунинг учун ҳам турмушга чиқмаётгандирман”, — деди у кулги билан.
Суҳбат давомида Зарина Йўлдошева ўз характери ҳақида ҳам очиқ гапирди. Унинг айтишича, у жуда шўх ва ҳиссиётларга бой инсон:
“Мен жуда шўх қизман. Тез жаҳлим чиқади, тез кулиб юбораман. Баъзан ўзим ҳам характеримни тушунмай қоламан — жуда ўзгарувчан”, — деди у.
Актрисанинг бу самимий ва очиқ фикрлари мухлислар орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.