20:30 / 03.09.2021
3 242

«Нега уялмаймиз?!» – Дунё кезган ижодкор адабиётнинг аҳволи хусусида аччиқ саволлар берди

«Нега уялмаймиз?!» – Дунё кезган ижодкор адабиётнинг аҳволи хусусида аччиқ саволлар берди
Таниқли таржимон ва шоир, Бутунжаҳон шеърият ҳаракатининг (WPM) Ўзбекистондаги координатори Аъзам Обид президентликка номзодларга мурожаатида мамлакатимиз адабиёти ва санъатининг ҳозирги аҳволи хусусида очиқ ва аччиқ саволлар қўйди.

Унинг куюниб ёзишича, Ўзбекистон бадиий ижод ва санъат соҳасида бой, ранг-баранг ва катта меросга эга бўлса-да, бу мероснинг катта қисмидан халқимиз ҳам, дунё ҳамжамияти ҳам бехабар.

«Миллат адабиётининг энг таниқли вакиллари, лоақал Алишер Навоий асарларининг бир фоизи ҳам, қайтараман, бир фоизи хам дунё тилларига, хусусан, дунёда энг кенг тарқалган инглиз тилига таржима қилинган эмас! Навоийни дунё билади, деб оғиз кўпиртиргани нега уялмаймиз?! Навоий жамғармаси очилганига яқин бир йил бўлай деди, жамғарма нимадир иш қилаётганини кимдирам сўрадими?» – дейди у.

А.Обид қалам аҳлининг мақоми-мавқеи масаласида ҳам мулоҳазалари билан ўртоқлашган.
«Ўзбек ижодкорларини дипломатия, халқаро муносабатлар соҳасига жалб этишни кимдирам ўйлармикан? Улар орасидан элчилар, маданият ишлари атташелари етиштириш кимнингдирам хаёлига келадими?» – дейди у.

Айни чоқда, дунё кезган шоир танганинг иккинчи томонига – юртимиздаги аксар қалам аҳли хорижий тилларни билмаслигига ҳам эътибор қаратади.

«Ўзбек ижодкорларининг аксари хорижий тилларни умуман билмайди. Уларга дунёга чиқиш йўллари, чет элларда танилиш, асарларини нашр этиш, кўргазмаларини қилиш, халқаро фестивалларда иштирок этиш, халқаро ёзувчи ва рассомлар резиденцияларида қатнашиш, халқаро ижодий муносабатлар ўрнатиш, чет элларга ўқишга, малака оширишга юбориш учун йўл-йўриқ кўрсатувчи биронта ташкилот ё механизм етишмайди», – дейди у.

У, айни чоқда, адабиётнинг юксак идеалларини ўткинчи, арзон-гаров ҳавасларга алишиш нораво эканини таъкидлайди.
«Замонавий ўзбек ёзувчи, шоир ва рассомлари – умуман ижодкорлар – уюшма аъзолигига қабул қилиниш, бепул поликлиникадан фойдаланиш, имтиёзли квартира, дала ҳовли ва бирон мукофотга илинишни ўзининг энг катта мақсади деб билади, аммо ўз билимини ошириш, тил ўрганиш, халқаро доираларга чиқиш ҳақида жуда кам қайғуради! Менга мукофот ё унвон беринг, аъзоликка олинг, дея хомтама бўлишдан ҳам уятлироқ нарса борми?!» – дея оғриқли савол қўяди муаллиф.

Қайд этилишича, вилоятлар ва Қорақалпоғистонда яшаб ижод қилган мумтоз ҳамда замонавий ёзувчи-шоир ва рассомлар чет элларда деярли таниқли эмас.

«Вилоят ҳокимликларининг адабиёт ва санъатга йўналтираётган маблағлари қаёққа кетмоқда? Ё ёш ижодкорларга тил ўргатиш, ижодкорларни чет элларга ижодий саёҳатларга юбориш, хорижлик ижодкорларни олиб келиб, таржима ва маҳорат сабоқларига жалб этишдан ҳам зарурроқ иш бор эканми бу соҳада?!» – дейди ижодкор.

А.Обид мамлакат адабиёти ва санъатини дунёга олиб чиқиш борасида қуйидаги амалий таклифларни илгари сурган: мунтазам халқаро ижодий резиденция/туризм дастурини жорий этиш, халқаро ижод уйи ташкил қилиш, йиллик халқаро шеърият ва наср анжуманлари уюштириш, Ўзбекистон шаҳарларини ЮНЕСКО адабиёт ва санъат шаҳарлари рўйхатига киритиш, миллий адабиёт, санъат ва маданиятни чет элда тарғиб қиладиган Гёте институти каби муассасага асос солиш, марказлаштирилган адабий таржимонлар уюшмаси тузиш, адабиёт ва уй-музейлари, хусусий санъат галереялари фаолиятини ҳар жиҳатдан дастаклаш.

«Камина энг илғор мамлакатлардаги каби ўзбек адабиёти ва санъати ҳам давлатдан мустақил ривожланиш йўлига ўтиши тарафдориман. Бунинг учун эса албатта адабиёт ва санъатни, турли ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган филантроплар, бизнесменлар, донор ташкилотлар учун тегишли имтиёзлар яратилиши борасида зудлик билан қонун чиқариш зарур, деб ҳисоблайман. Камина, энг аввало, ижодкорлари кучли, қўрқмас, эркин, тоза принципга эга бўлган халқ озод ва фаровон яшайди, деб ишонаман», – деб хулоса қилади А.Обид.

Аъзам Обид ўнлаб мумтоз ва замонавий ўзбек ижодкорлари асарларини инглиз тилига таржима қилиб чоп эттирган. Ўзбек шеърияти ва насридан қилган таржималари Буюк Британия, Ҳиндистон, Германия, Франция, АҚШда китоб ҳолида ҳамда босма нашрларда босилган. У Ўзбекистонда илк бор «Халқаро ёзувчи ва рассом резиденцияда» ижодий туризм лойиҳасига ҳам асос солган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Нега уялмаймиз?!» – Дунё кезган ижодкор адабиётнинг аҳволи хусусида аччиқ саволлар берди