294
Стевица Ристич: "Сифат бўйича ўзбек футболи юқорида, уларни футболингизнинг афсунгарлари десам бўлаверади"
2010 йили “Бунёдкор” сафида тўп сурган македониялик моҳир ҳужумчи Стевица Ристични ҳали унутмаган бўлсангиз керак. Ўшанда юлдузли таркиб аъзоси сифатида ўйнаган ва голлар урган. “Бунёдкор”га Осиё Чемпионлар лигаси ғолиби сифатида келганди. 2009 йили Жанубий Кореянинг “Похан Стилерс” таркибида бош совринни қўлга киритганди.
Анталияда Ристични учратиб қолдик. Аниқроғи, Македониянинг “Силекс” клубида спорт директори лавозимида ишлаяпти. Уни меҳмонхонада кўрган заҳотимиз ўзимизни таништириб, суҳбатлашиш истагимиз борлигини айтдик. Стевица Ўзбекистондан эканимизни билгач, дарҳол розилик берди.
- Стевица, сизнинг юртимиздаги фаолиятингизни яхши эслаймиз. Ўзбекистондаги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолган?
- Ўзбекистонда мен учун жуда яхши таассурот қолган. У ерда кўплаб ўйинлар супер даражада бўлган. Жуда кўп дўстларим бор. Улар билан яхши алоқадамиз. Ўзбекистондаги ўйинларини кўриб бораман. Ўтган йили “Пахтакор” чемпион бўлди. У ерда менинг дўстим Славче Войнески бош мураббий бўлиб ишлади. Ўзбек ҳалқини ва футболини жуда яхши кўраман. Юртингизда ўзимни жуда яхши ҳис қилганман.
- Бундан чиқди, чемпионатимизни доимий равишда кузатиб борасиз-а?
- Ҳа, албатта кузатиб бораман. “Бунёдкор” ўрта поғоналарда бормоқда. Охирги марта “Пахтакор” чемпион бўлди. Шунингдек, “Навбаҳор” ҳам яхши ўйин кўрсатди. Терма жамоа эса ҳар хил ҳолатда. Умуман, олиб қараганда ёмон эмас.
- Хабарингиз бўлса, “Бунёдкор” ҳам Анталияда...
- Ҳа, улар истиқомат қилаётган меҳмонхонага бориб кўришиб келдим. Ўтган йили Виктор Карпенко бош мураббий эди. Ўтган йили мана шу меҳмонхонада бўлишганди. Ўшанда ҳам кўришгандик. Улар билан доим алоқада бўлиб тураман.
- “Бунёдкор”дан кейинги фаолиятингиз қандай кечди? Ўзингизга ёққанми?
- “Бунёдкор”дан кетиб Россиянинг “Амкар” жамоасига бордим. Кейин Жанубий Кореяда “Самсунг Сувон”да ўйнадим. Японияда бир йил тўп сурдим. Сўнгра Кореяга қайтиб “Чоннам Драгонс”да яна уч мавсумни ўтказдим. 2016 йили футболчилик фаолиятимни якунладим. Тўрт-беш йил футболдан дам олдим. Ўтган йилдан бошлаб “Силекс” жамоасида иш бошладим. Бу жамоада ўсмирлик чоғимда ўйнаганман. Чемпионатда 4-5-поғонадамиз. Кубок ярим финалигача боряпмиз. Ўтган мавсумда Кубок финалида майдонга тушганмиз. Жамоанинг ишлари чакки эмас.
- “Силекс”да спорт директорисиз. Балки мураббий бўлиб ишлаш режангиз ҳам борми?
- Мен ёш футболчилар билан ишлашни жуда хоҳлайман. Сабаби ўғлим ҳозир 12 ёшда. Футбол академияси очиш режамда бор. Ҳозир спорт директори лавозимидаман. Спорт директори футболни тушунадиган инсон бўлиши керак. Мураббийилар билан ҳам биргаликда ишлаймиз. Кейинроқ бу соҳада ишлайманми, билмайман, лекин ҳозирги ишимдан мамнунман.
- Ўзбек футболидаги собиқ клубингиз ва собиқ футболчилар билан алоқангиз қандай?
- Айтиб ўтганимдек, Виктор Карпенко билан қалин алоқадамиз. Анвар Ғофуров, Азиз Ҳайдаров, Игнатий Нестеров қолаверса яна кўплаб инсонлар билан яхши алоқаларимиз мавжуд. Мисол учун Миржалол Қосимов ҳозир мураббий бўлиб юрибди. У билан доим гаплашиб турамиз. Футбол ўз йўлига, дўстлик алоқалари футболдан кейин ҳам ҳаётда абадий қолади, албатта.
- Қачондир Ўзбекистон чемпионатига қайтишингиз мумкинми?
- Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳаётим футбол билан боғлиқ. Жиддий таклиф бўлса, ишлайман, албатта. Ҳаётимда футбол ва оила жуда муҳим.
- Ростини айтинг-чи, Ўзбекистон футболи ва мамлакатимизни соғиндингизми?
- Тўғриси, ҳа, соғинаман. “Бунёдкор”даги даврлар жуда ажойиб ўтган. Супер даражада бўлган. Кўп ўйинчилар терма жамоа савиясидаги йигитлар эди. Шунингдек, Ривалдо, Денилсон каби юлдуз футболчилар бор эди. Сколари эса бош мураббий бўлган. Бу бошқача даврлар ва бошқа даража эди. Табиийки, Тошкент чиройли, ажойиб шаҳар. Бу тўққиз ой менинг футболчилик фаолиятимдаги энг зўр даври бўлган. Кўплаб голлар киритдим, кўплаб ғалабалар қозондик. Сентябрь ойида кетганимда икиинчи ўриндаги жамоа билан ўртада 15 очко фарқи бор эди. Кубокда 1:0 ҳисобида ютгандик. Ўшанда мен ғалаба тўпини киритган эдим. Сиз мени унутмасдан суҳбатлашиб ўтирганингиздан хурсандман.
- Ҳозирда Ривалдо билан алоқангиз сақланиб қолганми?
- Албатта, инстаграмда алоқаларимиз бор. Денилсон билан ҳам доим алоқада бўлиб тураман.
- Демак, ҳозирги ишингиздан қониқяпсиз-а?
- Албатта, ишимдан қониқяпман. Яхши жамоа шакллантирганмиз. Бизда тўрт жамоа Европа Кубокларида ўйнайди. Бу йил кучли учликка киришга ҳаракат қиламиз.
- Ўзбек футболининг бугунги даражасини қандай баҳолайсиз? Масалан, терма жамоамизни ҳам биласиз...
- Терма жамоанинг ишлари унчалик яхши эмас. 2010-2012 йилларда яхши жамоа бўлганди. Тимур Кападзе, Сервер Жепаров ўйнаган. Осиё Кубогида ярим финалми ё финалгачами етиб боришган, яхши жамоа эди. Ҳозир эса натижа йўқ. Ўзбек футболини 3-4 йил олдинги давр билан солиштирганда охирги 2 йилда яхшиланиб боряпти. “Навбаҳор”, “Сўғдиёна” ва яна бошқа жамоаларнинг молиявий аҳволлари яхшиланган. Бундай ҳолларда яхши футболчилар етишиб чиқади. Сифат бўйича ўзбек футболи юқорида.
- Биласизми, айни пайтда Кападзе Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ва “Олимпик” клуби бош мураббийи...
- Охирги пайтда алоқада бўлмай қолдик. Кападзе жуда яхши инсон. Футболчилик даврлари ҳам яхши ўтган. У ўз вақтида Кореяда ҳам ўйнаган. Тимур жуда ақлли. Футболни зўр тушунади. Мендан Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар энг яхши футболчилари ҳақида сўрашса, Кападзе билан Жепаровни айтаман. Уларни ўзбек футболининг афсунгарлари десам ҳам бўлаверади.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи