20 ёшга қадар футболчилар ўртасида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати старт олди. Очилиш баҳсида Хавьер Маскерано бошқарувидаги Аргентина катта қийинчилик билан 2:1 ҳисобида вакилларимиздан устун келди. Баҳс якунига етгач, мезбонлар ишқибозларининг ўйин борасида қолдирган изоҳлари билан қизиқдик. Эътиборлиси, кўплаб катта нашрлар қолдирган постлар тагида жанубий америкаликлар Ҳайдаров жамоасининг муносиб ўйин намойиш этганини кўп бор таъкидлаган. Ҳозир айнан ўша изоҳларнинг эътиборга моликларини келтириб ўтамиз.
“Тони Монтано”:
“Тўғриси, бу футболчилар билан мундиалда узоғи билан ярим финалга қадар етиб бориш мумкин, холос. Ўзбекистон ҳар жабҳада биздан қолишгани йўқ. Айрим дақиқаларда, ҳатто бироз устунлик ҳам қилди. Якунда ғалаба биз томонда бўлган бўлсада, ҳеч ким бундан хурсанд бўлгани йўқ”.
“Марио Кемпес”:
“Ўзбеклар киритган гол кўпчиликни шок ҳолатига тушириб қўйди. Бизни бир нечта ҳимоячимиз офсайд, деб ўйлагани учун ҳаракатдан тўхтаб қолди. Осиёликлар эса ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Бизникилардан фарқли ўлароқ, улар эпизодни охиригача ўйнаб қўйишди. VAR футболга кириб келган даврда бу омил жуда муҳим. Мураббий ўз шогирдларига ҳакам ҳуштаги чалинмагунига қадар ўйинни давом эттириш кераклигини тушунитириши лозим. Ўйиндан ташқари ҳолат бор бўлсада, охиригача ўйнаш лозим. Кейинроқ, VAR бу воқеани кўриб чиқади”.
“Рикки Вилла”:
“Хавьер Маскерано биринчи бўлимдаёқ Ўзбекистонга тактик томондан енгилаётган эди. Карбони вазиятни қутқариб қолди. Тўғриси, Ўзбекистондан келган йигитлар менда яхши таассурот қолдирди. Бизга эса ҳакам пенальти белгиламагани қўл келди. Шунингдек, Гиай ҳам қизилга тортадиган эпизодда сариқ рангдаги карточка билан қутулиб қолди”.
“Эл Принсипе”:
“Ўзбекистон кучли эди. Улар Осиё чемпионлари. Ўйин умуман бошқача сценарий остида ўтиши ҳам мумкин эди. Бу баҳсдан сўнг Маскерано кўп нарсаларни ўзгартиришига тўғри келади.
1. Биринчи навбатда қарши ҳужумга ўтаётган рақибга қарши тактик тайёргарлик билан ҳаракат қилиш.
2. Агирре ва Соул қанотларни алмаштирган ҳолда тўп тепиши лозим.”
“Кристиан Пулло”:
Бу ўйин ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ. Ўзбекистон кучсиз рақиб? Ҳеч ҳам ундай эмас. Бизни ишқибозлар ёшлар футболидаги рақибларнинг номидан келиб чиқиб, кучли ва кучсизга ажратишга ўрганган. Ваҳоланки, асосий ва ёшлар жамоаси бошқа-бошқа дунё.
Ҳақиқат шуки, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бир неча йилдан бери Осиёда энг кучли бўлиб келмоқда. Улар жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида муносиб иштирок этган ҳолда қитъа чемпионлигини қўлга киритди. Ўтган жаҳон чемпионатида финалга қадар етиб келган Жанубий Корея ҳам ОФК аъзоси эканлигини унутмаган бўлсангиз керак! Кўплаб осиё жамоалари футболчиларнинг техник маҳорати камлигини кучли жамоавий ўйин, тариб-интизом билан тўлдиришга ҳаракат қилади. Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистон ҳимояда жуда тартибли, қарши ҳужумда хавфли ўйин намойиш этди.
“Инсидер”:
“Маскеранодан ҳеч нарса кутмаяпман. Шунга қарамай, футболчиларга ишонаман.”
“Сан-исидро”:
“Барко ва Агирре ўзини муносиб намойиш этди. Карбони атрофида бутун жамоа ҳаракат қилаётгандек туюлди. Маскерано борасида илиқ фикр билдира олмайман. У кетмоқчи бўлганида олиб қолиб, хатога йўл қўйилди. Аниқ биламан, агар Аргентина U-17 жамоаси билан унинг шогирдлари тўқнаш келса, ўсмирлар бу жамоани “дабдаласини” чиқаради”.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг