18:46 / 30.10.2023
328

Тан олинган ва олинмаган давлатлар: улар нимаси билан фарқланади?

Тан олинган ва олинмаган давлатлар: улар нимаси билан фарқланади?

Фотоколлаж: Kun.uz

Яқин-яқингача собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудида олтита тан олинмаган давлат бор эди: Днестрбўйи, ДХР, ЛХР, Абхазия, Жанубий Осетия ва Тоғли Қорабоғ. Энди улар учта қолди: Донбассдаги қўғирчоқ республикаларни Россия аннексия қилди, Қорабоғ Озарбойжон томонидан эгалланди.

Бугун журналист Наташа Кондрашованинг давлатларнинг тан олиниши ва тан олинмаслиги ҳақидаги мақоласи ҳавола этилади.

Тан олинмаган давлатлар

Нечоғлик ғалати бўлмасин, давлатларни тан олишнинг умум қабул қилинган ягона мезони йўқ. Халқаро ҳуқуқ ва дипломатия назариясида бу борада иккита асосий концепция бор: декларатив ва конститутив. Биринчисига кўра, сиёсий тузилма ўзини давлат деб эълон қилган бўлса — демак у чиндан ҳам шундай. Иккинчисига кўра, шунчаки декларация етарли эмас, бошқа давлатларнинг тан олиши ҳам зарур.

Замонавий халқаро сиёсат конститутив назарига асосланади, бироқ бу БМТнинг бирор ҳужжатларида акс этмаган, айрим минтақавий келишувлар, масалан, 1933 йили Шимолий ва Жанубий Америка давлатлари томонидан имзоланган Монтевидео конвенцияси ҳисобга олинмаса.

Айни пайтда жаҳонда 206 та суверен давлат бор, улардан 193 таси БМТга аъзо. Уларнинг ўртасидаги муносабатлар 1648 йилги Вестфал сулҳ шартномаси принциплари бўйича қурилади: давлатлар бир-бирининг суверенитетини ҳурмат қилиши, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслиги, шунингдек давлатлардан бирида ҳокимият ўзгарган тақдирда ҳам давлатлараро шартномаларга амал қилиши керак.

Тан олиш — бу муносабатлар тизимининг муҳим унсури. Бу формал жиҳатдан бир давлатнинг бошқа бир сиёсий тузилмани ўзига тенг давлат, у билан дипломатик алоқалар қуриш, шартномалар имзолаш мумкин деб тан олишга формал розиликдир.

Оддий мисол: Нидерландия 1572 йилда Испаниядан мустақиллик эълон қилади, бироқ Вестфал сулҳ битимига қадар бир гуруҳ қўзғалончилар Испания тожига тегишли ерларда ҳокимият ўрнатиб олган, деб ҳисобланарди. Сулҳ шартномаси тузилгач, Нидерлания тенг ҳуқуқли давлатга айланган.

Йорк университети профессори Нина Касперсен тан олинмаган сиёсий тузилмани аниқлаш мумкин бўлган бир неча мезонларни ажратиб кўрсатган.

Биринчдан, у камида икки йил яшаган бўлиши, ўзи даъво қилаётган ҳудуднинг 2/3 қисмини, жумладан, бош шаҳар ва асосий ҳудудларни эгаллаган бўлиши керак.

Иккинчидан, бу давлат раҳбарияти галдаги давлат институтларини шакллантиришга интилаётган, унга легитимликни қўллаб-қувватлаш муҳим бўлиши керак.

Учинчидан, сиёсий тузилма «она» давлатдан формал мустақилликни референдум орқали таъминлаш, ўз валютаси ва бошқа шу каби жараёнларни жорий этиши керак.

Бундай давлатлар баъзан бошқа бир айрим давлатларнинг дипломатик тан олишига эга бўла олишади. Абхазия ва Жанубий Осетия ҳолатида шундай бўлган — бу икки давлатни Россия ва РФ қандайдир йўллар билан таъсир ўтказа олган бир неча давлат тан олган. Бироқ мана шундай формал жараёнларга қарамасдан, бу ўзини мустақил деб эълон қилган республикалар халқаро ҳамжамият учун тан олинмаган давлатилигича қолмоқда.

Тан олинмаган «классик» давлатлар (Днестрбўйи, Сомалиленд)дан ташқари қисман тан олинган (Тайван, Косово) ва де-факто давлатлар (Рожава — Сурия шимолий-шарқидаги курдлар ери, Ироқ Курдистони) ҳам бор. Сўнгги иккита саналган курдлар давлати «она» давлатнинг ўзлари устидан суверенитетини тан олишади, бироқ кўпроқ автономия талаб қилишади. Аниқлаштирувчи сўзлардаги чалкашликларга сабаб — бу сиёсий тузилмалар «пара-», «квази-» ва «псевдодавлатлар», «ноформал давлатлар» деб ҳам аталади.

Энг кенг маънода бу давлатларни бирлаштириб турган ягона хусусият — уларнинг бирортаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан тан олинмайди ва ташкилотга аъзо эмас. Улар мустақил бўлмоқчи бўлган давлатларнинг нуқтайи назаридан, бундай тузилмалар айирмачи, оккупация остидаги ёки назоратдан чиққан ҳудудлар ҳисобланади.

Тан олинмаган давлатлар бошқа давлатлар билан расмий ёки яширинча иқтисодий алоқалар туфайли кун кўришади (Абзахия — Россия билан, Шимолий Кипр — Туркия билан). Шунингдек криминал йўл: контрабанда, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний айланмаси ва ҳ.к.лар ҳисобига ҳам.

Шундай шароитларда давлат ўнлаб йиллар яшашда давом этиши мумкин. Бироқ тан олинмаган давлатлар учун формал жиҳатдан тан олиниш барибир муҳим бўлиб қолаверади. Чунки тан олинмаган давлат статуси жуда кўп чекловларга сабаб бўлади: ўзи ажралиб чиққан давлатдан доимий ҳарбий хавф; дипломатик чекловлар туфайли инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия институтларидан ёрдам ва қарз олиш мураккаблашади. Бу эса ҳокимиятда ўтирганларнинг легитимлигига путур етказади, қолаверса тан олинмаган давлат фуқароси бўлиш — асло ҳавас қилинадиган тақдир эмас.

Тан олинмаган давлат тан олиниши мумкинми?

Албатта.

1993 йил 28 майда БМТ Эритреяни 183-аъзо давлат деб тан олади. Бунга Эритреянинг озодлик фронти ўттиз йил давомида Эфиопия ҳукумати билан курашиб келгани сабаб бўлди: орада бир неча юз минг одам қурбон бўлди, яна шунча одам қочқинга айланди. Айирмачилар йирик шаҳарларни эгаллаб, ўзлари даъво қилаётган ҳудудни назоратига олишга муваффақ бўлишган. Натижада, 1993 йил баҳорида БМТ шафелиги остида мустақиллик тўғрисида референдум ўтказилган ва аҳолининг 99,83 қисми Эфиопиядан ажралиб чиқишни ёқлаб овоз берган (давомат 98,5 фоиз бўлган). Ҳозир Эритрея — дунёдаги энг эркин бўлмаган ва қашшоқ давлатлардан бири, бироқ нима бўлганда ҳам, айирмачилар ўз ниятига етишган.

Бу ягона эҳтимолли сценарий эмас. Айрим ҳолатларда формал жиҳатдан давлат ажралиб чиқмайди, бироқ мустақил тузилма кўринишида фаолият кўрсатади. Бундай «босқичма-босқич ажралиш»га мисол қилиб Тайван ва Қоратоғ (Черногория)ни мисол қилиш мумкин. Қоратоғ 2006 йилда Сербиядан тўлиқ мустақил бўлгунга қадар унинг бир қисми бўлган.

Тан олинмаган тузилмаларнинг давлатчилиги ўта мўрт. Бундай ҳудудлар кўпинча хариталардаги навбатдаги «қора доғ»лар бўлиб қолишади. Марказий ҳукумат уларни самарали бошқара олмаслиги мумкин, кўпинча бу давлатларда ҳарбийлар раҳбар бўлади, лекин улар ҳам маълум бир ҳудудларни назоратида ушлаб тура олишмайди. Мустақиллик учун курашда мағлубиятга учрагач, тан олинмаган давлатлар «давлат ичидаги давлат»га айланиб қолиши мумкин — яъни ҳукумат формал жиҳатдан марказий ҳукуматга бўйсунади, бироқ бу ҳудуд ўз қонун-қоидалари асосида яшай бошлайди ва ҳаттоки ўз қуролли кучларига ҳам эга бўлади. Бунга ишончли мисол — Чеченистон: бир пайтлар у ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган давлат эди, эндиликда Россияга тўлиқ реинтеграция қилинган эса-да, у ерда Россия қонунлари, юмшоқроқ қилиб айтилганда, тўлиқ амал қилмайди.

Халқаро ҳамжамият тан олинмаган қандай давлатлар тан олишга «муносиб», қай бирларини тан олиб бўлмаслиги борасида ҳануз бир қарорга кела олмаган; масалан, тан олиш қаноатлантирилиши учун мустақиллик талабларига қанча давлат рози бўлиши керак; ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган давлатнинг ҳокимияти давлат бошқарувида нечоғлик самарали.

Бундай ҳар бир ҳолат уникал — шу сабабли автократлар механизмларнинг ношаффофлигидан халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилишини оқлаш сифатида фойдаланиши мумкин. Кўпгина ҳолларда бу давлатлар ўртасидаги можаро авж олиши ва янги урушлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Тан олинган давлатни «қайта тан олмаслик» мумкинми?

Принцип жиҳатидан олиб қаралганда, мумкин. Бироқ, амалиётда бунинг эҳтимоли жуда кам.

Юқорида номи тилга олинган 1933 йилги Монтевидео конвенцияси давлатларнинг қўйидаги базавий принципларини санаб ўтади:

  1. Доимий аҳоли;
  2. Маълум бир ҳудуд устидан назорат;
  3. Ўз бошқарув тизими;
  4. Бошқа давлатлар билан муносабатларни йўлга қўя олиш қобилияти.

Давлатнинг расман тан олиниши, халқаро тизим аъзолари фикрича, сиёсий тузилма давлатчилик мезонларига жавоб беришини билдиради.

Давлат ўз ҳудуди устидан вақтинчалик назоратни йўқотиши (масалан, оккупация туфайли) ёки ўзининг тўғридан тўғри мажбуриятларини бажара олмаслиги (масалан, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлай олмаслиги ёки пенсия тўлай олмаслиги) мумкин. Бундай ҳолатлар учун сиёсатшунослар failed state (барбод бўлган давлат) иборасини ўйлаб топишган.

Гарчи бундай кўринишдаги давлатларда тан олинмаган давлатлар билан умумийлик кўп (ва кўпинча можаро ва урушлар туфайли пайдо бўлади), «барбод бўлган давлат» ичида гарчи тўла хаос бўлса-да, у азалдан халқаро миқёсда тан олингани билан принципал фарқланади. Тан олинмаган давлатларда эса ҳаммаси аксинча.

Бир марта «тан олинган» давлат статусини олиб тан олинмаган давлатга айланиб олиш деярли мумкин эмас. Бироқ, қоидадан ташқари ҳолатлар ҳам бўлади. Масалан, Хитой Республикаси БМТ асосчиларидан бири, СССР, АҚШ, Франция ва Буюк Британия қаторида Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган. Бироқ, 1940-йиллар охирларида уларнинг ҳукумати фуқаролар урушида Мао Жедонг бошлиқ инқилобчи-коммунистларга мағлуб бўлишган. Коммунистлар Хитой Халқ Республикасини эълон қилишган. Хитой Республикаси назорати остида фақат Тайван ва бир нечта кичик ороллар қолган. Секин аста «тан олиш» Тайвандан ХХРга ўтиб кетган. Натижада, 1971 йилда Тайваннинг БМТдаги ўрни ХХРга олиб берилган. Тайван ўшандан буён қисман тан олинган давлатлигича қолмоқда.

Мамлакат раҳбариятини «қайта тан олиш» ҳолатлари ҳам бўлади. 1939 йилда Полша нацистлар Германияси ва СССР томонидан оккупация қилингач, Лондонда қочқинликдаги Полша ҳукумати фаолият кўрсата бошлайди. Иккинчи жаҳон уруши даврида бу ҳукумат полшалик қаршилик кўрсатувчи кучларни қўллаб-қувватлаган, бироқ мамлакат ҳудудини назорат қилмаган.

Уруш тугагач, Полшада коммунистик режим ўрнатилгач, қочқинликдаги ҳукумат халқаро тан олинишдан мосуво бўлган, бироқ ҳаракатдан тўхтамаган. Фақат 1990 йилга келиб ўтказилган сайловларда улар ўз ваколатини демократик йўл билан сайланган янги президент Лех Валенсага топширишган.

Полша билан бўлиб ўтган вазият яна рўй беришини тасаввур қилиш қийин. Бунинг учун жуда кўп омиллар қўшилиши керак. Энг камида қандайдир давлат иккинчи давлатни тўлиқ босиб олиб, унинг раҳбариятини мамлакатни тарк этишга мажбурлаши керак. РФ раҳбариятида бир ярим йил аввал худди шундай режа бор эди, лекин у ўхшамади. Буёғига ўхшамаса ҳам керак.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тан олинган ва олинмаган давлатлар: улар нимаси билан фарқланади?