19:16 / 20.08.2024
93

Светлана Осипова: “Олимпиада сабаб жарроҳлик амалиётини кечиктирдик”

Светлана Осипова: “Олимпиада сабаб жарроҳлик амалиётини кечиктирдик”
Париж Олимпиадасида аёллар ўртасида таэквондо бўйича кумуш медал соҳиби Светлана Осипова Sports'га берган интервьюсида ўзбек тилини қандай ўргангани, Олимпиада олдидан олган жароҳати ва финал жанги ҳақида фикр билдирди.

Фото: Getty Images
Спортчининг саволларга ўзбек тилида аниқ, равон жавоб бериши ҳайрон қолдирди.

15 ёшимда таэквондо билан шуғулланишни бошлаганман. Биринчи мураббийим Паҳлавон Собиров ҳисобланади. Машғулотлар Олимпия коллежида бўларди. Ўша пайтда бирорта ҳам спортчи рус тилини билмасди. Фақатгина мураббийим мен билан рус тилида гаплашар эди. Мен ўзбекчани билмасам қандай гаплашаман деб ўйлардим. Қарасам, иложи йўқ. Кичкина “разговорник” (сўзлашгич) сотиб олганман. Ўшанда сўз бирикмалари, гаплар бор эди. Шундай қилиб ўрганганман. Кейин сериаллар орқали яхшироқ ўргандим”.

Фото: Instagram
Париж Олимпиадасидан олдин лицензион турнирлар ва Жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтади. Светлана шундай турнирлардан бирида жароҳат олганини маълум қилди.

Энг кучли спортчилар йиғиладиган Гран-при мусобақаси корейс рақибимга қарши ҳаракатда оёғимни нотўғри қўйиш оқибатида жароҳат олдим. Мураббийим, агар жароҳат олмаганимда, биринчи ўринни олишим мумкинлигини айтди.

Мусобақадан сўнг Тошкентга қайтиб келдим. Аэропортдан тўғри шифохонага йўл олдик. Рентген ва МРТ текширувини амалга оширдик. Шифокорлар жарроҳлик амалиётини ўтказишим кераклигини, бўлмаса тузатишнинг иложи йўқлигини айтди. Таэквондо федерациямизда шифокоримиз бор. У Германияда таниш мутахассиси борлигини, айнан шу тизза “связка”лари билан ишлашини айтди. Биз расмларни юбордик. Улар кўриб, икки ой оёққа дам бериш кераклигини айтди. Оёғимга “шина” тақишди. Умуман қимирлата олмайсиз, на текис қилоласиз, на буколасиз. Ҳаттоки, юриш мумкин эмасди.

Тасаввур қилинг, икки ой ётишим керак эди. Декабрда, байрамлар, йил якуни билан чалғидим. Январь ойида ҳамма машғулотларни бошлади. Терма жамоа аъзолари Туркияга кетди. Мен Тошкентда қолдим. Уйда, тўрт девор Ичида қолдим. Фақат юқорига қараб ётардим. Вақт ўтмасди. Руҳан жуда қийналдим. Ота-онам қўллаб-қувватлади. Мураббийим ҳар куни қўнғироқ қилиб далда берди.

Икки ойдан кейин МРТ текширувини яна ўтказдик. Германиялик докторга алоқага чиқдик. Шифокорлар Германияга келишим шартлигини айтди. У ерда махсус техникалар билан оёғимни букиб текшириб кўришди. Шундан сўнг менга жарроҳлик амалиёти кераклигини айтди. Агар ҳозир операция қилишса, август ойидан машғулотларга қайта олишим мумкин экан. Сабаби тиззадаги “связка”ни даволаш учун бошқа жойдан кесиб жароҳатга қўяр экан. Шифокор бу жарроҳликни кечиктиришни тавсия қилди, сабаби агар бу амалиёт амалга ошса, яна икки ой ҳаракат қилиш мумкин бўлмайди.

Мураббийлар билан жарроҳлик амалиётини кейинроққа қолдириш қарорига келдик. Ўзбекистонга келиб ярим ойдан кейин “шина”ни ечдим. Ҳар куни 20 минг қадам юрдим. Сабаби оёғим қотиб қолган эди. Апрель ойига яқин машғулотларга қайтдим
”.

Фото: Instagram
Спортчи май ойидан мусобақага қатнашгани ва Вьетнамга борганини ва шу тариқа спортга қайтаганини эслади.

Май ойида Осиё чемпионатида қатнашиш учун Вьетнамга бордик. У ерда 3-ўринни эгалладим. Тўғри, зўр натижа эмас, аммо федерация ва мураббийлар ва ўзим ҳам спортга қайтганимни ҳис қилдик. Хатолар ва руҳий ҳолатимни билиб олдим.

3 ҳафтадан сўнг ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпионатида қатнашдим. У ерда иккинчи ўринни олдим. Мураббийларим бу мусобақада анча яхши қатнашганимни айтди. Туркияда жисмоний тайёргарлигимни яхшилаш учун 3 ҳафта терма жамоа йиғинида қатнашдим. Туркияда Олимпиада учун етарли даражада тайёр ҳолатга келганмиз. Қайтгач, Тошкентда спорт маҳоратимиздаги сўнгги ишловларни амалга оширдик. Шундай қилиб Францияга етиб бордик
”.

Фото: Getty Images
Токио Олимпиадасига ҳам жароҳат билан борганини маълум қилган Светлана финалда мағлуб бўлишига нима сабаб бўлгани ҳақида фикр билдирди.

Финал жангида ҳеч қандай оғриқ безовта қилмади. Рости, билмадим нима бўлди. Саволингизга қандай жавоб беришни билмаяпман. Балки, босим сабаб бўлгандир. Франциялик рақиб билан тушаётганимни, унинг мухлислари кўп бўлишини билардим. Жанг пайтида мураббийимни эшита олмадим. Ҳеч бўлмаса унинг ҳаракатларидан англаш учун унга кўпроқ қарашга ҳаракат қилдим. Рости, мағлубиятнинг сабабини айта олмайман”, деди Светлана Осипова.

Светлана Осипова 2000 йил 3 май куни Тошкент вилояти Чирчиқ туманида туғилган. Жаҳон ва Осиё чемпионати совриндори.

+67 кг вазн тоифасида Олимпиадада иштирок этган Светлана Осипова финалда франциялик Алтеа Лоранга қарши баҳс олиб борди ва мағлубиятга учраб, кумуш медални қўлга киритди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам спортчи ғалабасини эътироф этиб, қўнғироқ орқали табриклаган эди.

Унга давлат томонидан 100 минг АҚШ доллари пул мукофоти, машина ва уй совға қилинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Светлана Осипова: “Олимпиада сабаб жарроҳлик амалиётини кечиктирдик”