Ўзбекистон туризми сўнгги йилларда мисли кўрилмаган суръатда ривожланмоқда. Туризм қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида мамлакатга 8,6 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,5 фоизга юқори бўлиб, миллий туризм тарихида мутлақ рекорд сифатида қайд этилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон ҳар ойда 1 миллиондан ортиқ туристни қабул қилмоқда. Бу кўрсаткич мамлакатнинг халқаро туристик харитадаги нуфузи ошиб бораётганини англатади.
Туризм қўмитаси таъкидлашича, хорижий сайёҳлар оқими барча асосий бозорларда сезиларли ўсиш қайд этмоқда. Масалан, 2025 йилда пост-пандемик 2022 йилга нисбатан туристлар сони Британиядан 2,6 баравар, Қатардан 6,2 баравар, АҚШдан 3 баравар, Франциядан 2,9 баравар, Россиядан 2,1 баравар, Венгриядан 3,3 баравар, Германиядан 2,5 баравар, Полшадан 6,2 баравар ошган.
Шу билан бирга, туристик хизматлар экспорти ҳам рекорд даражада ўсиб, 3,6 миллиард АҚШ долларидан ортиқ даромад келтирди. Бу мамлакат иқтисодиётида туризмнинг стратегик аҳамияти янада ошганини кўрсатади.
Экспертлар фикрича, бу натижаларга Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол позицияси сабаб бўлди. Хусусан, етакчи жаҳон медиа платформалари билан ҳамкорлик, хорижий давлатларда ўтказилган роад-шоу тадбирлари, халқаро кўргазмалардаги иштирок ва хорижий нашрларда чоп этилган мақолалар мамлакат брендини сезиларли даражада мустаҳкамлади.
Туризм соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, бу ўсиш нафақат меҳмонлар оқими билан, балки мамлакатдаги инфратузилма, транспорт ва меҳмонхона хизматлари сифатининг яхшиланиши билан ҳам боғлиқ. Янги йўналишлар, маданий фестиваллар ва маҳаллий тадбирлар сайёҳлар учун Ўзбекистонни янада жозибадор манзилга айлантирмоқда.
Шу билан, Ўзбекистон 2025 йилда Марказий Осиёда туризм бўйича етакчи мамлакатлар қаторида мустаҳкам ўрнини эгаллаб, халқаро майдонда ўз брендини янада кучайтирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!