date

ЖЧ–2026: Суперлига клублари ФИФАдан катта компенсация олади

ЖЧ–2026: Суперлига клублари ФИФАдан катта компенсация олади

Жаҳон чемпионати нафақат футболчилар учун, балки уларнинг клублари учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади. ФИФАнинг махсус “Club Benefits Program” дастури орқали турнирда қатнашган ҳар бир футболчининг клуби молиявий компенсация олади. Бу тизим 2010 йилдан бери амал қилиб келмоқда ва ҳар бир мундиал билан ажратилаётган маблағ ҳажми сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Масалан, 2010 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган чемпионатда клубларга жами 40 миллион доллар тўланган бўлса, 2022 йил Қатардаги мундиалда бу рақам 209 миллион долларга етди. Ҳар бир футболчи учун клублар кунига 10 950 доллардан, камида 14 кун учун 153 300 доллар миқдорида тўлов қабул қилган.

ФИФА бу йил дастурни янада кенгайтириб, янги тамойиллар асосида ишлашини маълум қилди. 2026 йилда Канада, АҚШ ва Мексикада бўлиб ўтадиган мундиалда ажратиладиган компенсация умумий ҳажми рекорд даражада — 355 миллион долларни ташкил этади. Шунинг 100 миллион доллари саралаш босқичида иштирок этган футболчиларни миллий жамоага йўллаган клублар ўртасида тақсимланади.

Энг қизиқ жиҳати — энди компенсацияни фақат футболчини охирги икки мавсумда рўйхатда сақлаган клуб эмас, балки уни миллий жамоага саралаш ёки ЖЧ босқичи учун юборган жамоа ҳам олади. Бу тизим орқали минглаб клублар халқаро мусобақалардан молиявий фойда кўриш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон миллий жамоасининг тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани мамлакат футболи учун буюк ютуқ бўлди. Энди эса бу муваффақият Суперлига клубларига ҳам иқтисодий наф келтиради.

Қаршидаги «Насаф» бу жараёнда энг кўп вакилга эга клублардан бири. Масалан, Абдувоҳид Неъматов (15 ўйин), Шерзод Насруллаев (12), Акмал Мозговой (10), Зафармурод Абдураҳматов (4), Ғолиб Ғайбуллаев (2) ва Алибек Давронов (1) терма жамоа қайдномасига «Насаф» футболчиси сифатида киритилган. Шунингдек, Умар Эшмуродов 13 ўйиннинг 4 тасида, Бобур Абдухолиқов эса 11 баҳснинг 8 тасида Қарши жамоаси аъзоси бўлган.

Бу рақамлар ФИФА томонидан «Насаф» клубига катта миқдорда компенсация ажратилиши мумкинлигини англатади.

Бундан ташқари, Суперлигада тўп сураётган айрим легионерлар ҳам ўз миллий жамоалари билан саралаш баҳсларида қатнашган. Масалан, Жоел Кожо ва Кими Мерк — Қирғизистон, Зоир Жўрабоев ҳамда Эҳсони Паншанбе — Тожикистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Демак, уларнинг клублари ҳам ФИФАнинг ушбу дастуридан маълум миқдорда маблағ олади.

Албатта, саралаш босқичи учун ажратилган 100 миллион доллар дунё бўйича минглаб клублар ўртасида тақсимланади, аммо ўзбек клублари учун бу дастур бир неча юз минг долларлик қўшимча даромад дегани.

Шундай қилиб, Жаҳон чемпионати–2026 нафақат терма жамоа учун янги тарих, балки маҳаллий клублар учун ҳам молиявий имкониятларнинг янги эшигини очмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ–2026: Суперлига клублари ФИФАдан катта компенсация олади