date

АҚШда 500 дан ортиқ беморга “нотўғри ўлим хати” юборилди

АҚШда 500 дан ортиқ беморга “нотўғри ўлим хати” юборилди

АҚШнинг Мэн штатидаги энг йирик тиббий муассасалардан бири — MaineHealth 531 нафар беморга уларнинг “вафот этгани” ҳақида нотўғри хабарнома юборди. Хатларда яқинларига мулкий ишлар ва мерос масалаларини ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар ҳам берилган, деб ёзади The Guardian.

Орадан кўп ўтмай, MaineHealth вакиллари воқеа сабабини изоҳлаб, бундай хатолик “мерос ишлари бўйича маълумотларни шакллантирадиган” ИТ-тизимдаги техник носозлик туфайли содир бўлганини маълум қилди. Улар жабрланганлардан чин дилдан узр сўраб, хатолик бартараф этилганини маълум қилдилар.

Компания баёнотида қайд этилишича, барча тиббий маълумотлар базасида беморларнинг тирик эканлиги ҳақидаги ёзувлар сақланиб қолган.

Шу билан бирга, бундай хатдан ҳайратда қолганлар ҳам бўлди. Аноним қолишни истаган бир аёл CBS13 телеканалига берган интервьюсида шундай деди:

— Текширувдан ўтган шифохонадан ҳамдардлик хати олдим. Ростини айтсам, қаттиқ ҳаяжонландим. Шундан кейин шифохонага қўнғироқ қилдим ва ходим: “Ҳали ҳам соғ-саломат эканлигингизни эшитиб хурсандман,” деди. Мен эса: “Ҳа, мен ҳам,” дедим.

Бемор, шунингдек, бундай хато унинг тиббий маълумотларига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирди:

— Мен ҳатто бу маълумотни қаердан олганларини ҳам билмайман, — деди у.

Шундай қилиб, бир неча дақиқага “расман вафот этганлар” рўйхатига тушиб қолган юзлаб беморлар воқеа ортидан ҳақиқий шок ҳолатини бошидан кечирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШда 500 дан ортиқ беморга “нотўғри ўлим хати” юборилди