Глеб: «Арсенал» Чемпионлар лигасини ютса, хурсанд бўламан

Беларуслик собиқ футболчи Александр Глеб, фаолиятида «Арсенал» сафида ҳам тўп сурганини эслатиб, лондонликларнинг жорий Чемпионлар лигаси мавсумидаги имкониятларига баҳо берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Глеб «канонирлар» мусобақанинг умумий босқичини жуда юқори савияда ўтказганини тан олди. Шунга қарамай, унинг фикрича, ҳозирча турнирда аниқ битта фаворитни ажратиб кўрсатиш қийин.
«Ҳаммаси 1/8 финал иштирокчилари тўлиқ маълум бўлгач, аниқроқ кўринади. Лекин, албатта, собиқ клубим Чемпионлар лигасини ютса ёки ҳеч бўлмаганда финалгача борса, мен хурсанд бўламан», — деди Глеб «RB Sport»га.
Шунингдек, у Чемпионлар лигаси финалида икки ҳужумкор, ўйин кўрсатадиган жамоа тўқнаш келишини кўришни исташини қўшимча қилди.
«Арсенал» Чемпионлар лигасининг умумий босқичини биринчи ўринда якунлади ва саккизта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди. Лондон клуби турнирнинг янги форматида буни биринчи бўлиб уддалган жамоага айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!