Глеб «Арсенал»нинг Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишидан хурсанд бўлади

Беларуслик собиқ футболчи Александр Глеб, аввалроқ «Арсенал» сафида тўп сурганини эслатиб, «канонирлар»нинг жорий Чемпионлар лигасидаги имкониятлари ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Глебнинг айтишича, лондонликлар турнирнинг умумий босқичини жуда юқори даражада ўтказди. Шунга қарамай, у ҳозирча мусобақада аниқ битта фаворитни ажратиб кўрсатиш қийинлигини таъкидлади.
«Ҳаммаси 1/8 финал иштирокчилари тўлиқ аниқлангач янада равшан бўлади. Аммо, албатта, собиқ клубим Чемпионлар лигасини ютса ёки ҳеч бўлмаганда финалгача етиб борса, мен бундан хурсанд бўламан», — деди Глеб «RB Sport»га.
Шунингдек, у Чемпионлар лигаси финалида икки ҳужумкор, ўйин кўрсатадиган жамоа тўқнаш келишини исташини қўшимча қилди.
Маълумот учун, «Арсенал» Чемпионлар лигасининг умумий босқичини биринчи ўринда якунлади ва барча саккиз учрашувда ғалаба қозонди. «Канонирлар» турнирнинг янги форматида буни биринчи бўлиб уддалаган клубга айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!