“Мактабда ўқиган кезларимда бир ўқитувчим бўларди. Математикадан дарс берарди. Билими зўр, математика фанини сув қилиб ичиб юборган эди. Аммо негадир синфимизнинг шу фандан ўзлаштириши паст эди. Ўша пайтларда бунинг сабабини билмасдим. Энди билсам, бунда ўқитувчининг ўзи ҳам айбдор экан. Яъни унда педагогик қобилият йўқ эди, билимларини ўқувчиларга етказиб беролмас, ўқувчиларнинг диққатини, меҳрини қозона олмаган эди. Оқибатда биз дарсга кирмасдик.
ҲАММА ГАП ПЕДАГОГИКАДА
Бунинг футболга нима алоқаси бор, деб ўйлаётгандирсиз. Яхшигина алоқаси бор, футболда ҳам билимиз зўр, аммо шогирдларининг, футболчиларнинг ҳурматини қозона олмаган мураббийлар истаганча топилади. Яна бир жиҳат ҳам исботини топмоқда — мураббий футболчиларнинг кўнглига йўл топа олмаса, унинг футбол борасидаги барча билиму тажрибаларни тўплагани ҳам сариқ чақага арзимай қолади. Бунга мисоллар кўп. Масалан, Луи ван Гални олайлик. Бу мутахассисни асло тажрибасиз деб бўлмайди, чунки у қайд этган натижаларни такрорлаш унча-бунча мураббийнинг орзуси бўлса керак. Аммо айнан шу голландиялик мутахассис “Манчестер Юнайтед”да ҳеч нарсани эплай олмади.
Сабаби, ван Гал футболчилар билан тил топишишни, уларга қулоқ тутишни хоҳламади. Ўзини тажрибали деб ҳисоблаб (бу тўғри, албатта), фақат ўз қарорларини ҳурмат қилди, қолганига эса қўл силтаб қўя қолди (бу эса нотўғри). Хусусан, Уейн Руни бу мутахассис ҳақида фикр билдирганида қуйидаги гапларни айтиб ўтганди: “Ван Гал ижодкорликка имкон бермайди. Майдонда қандай вазият бўлишидан қатъи назар, бизга тактикадан чиқиб кетмасликни тайинларди. Агар қулай вазият бўлганида ўзим қарор қабул қилиб, зарба берсам-у, ҳаракатим ўхшамаса, ундан дакки эшитардим”. Табиийки, бундай мутахассисдан футболчилар тезда безишади. Айнан шу боис “қизил иблислар” ван Галнинг йўриғига юришни исташмади ва мураббий таъбир жоиз бўлса шармандаларча ишдан ҳайдалди.
Ёки португалиялик Жозе Моуриньюни олайлик. Ўз вақтида “Порту” жамоаси билан УЕФА Чемпионлар лигаси бош совринига эга чиққанида бутун дунё Жозега тан берганди. Кейинчалик “Интер”ни ҳам худди шу мусобақа ғолибига айлантирган бу инсон ҳақли равишда “Спеcиал 1” эътирофига муносиб кўрилди ва ҳалигача бу ном айтилганда кўз олдимизга айнан Моуринью келади. Бироқ бу мутахассис Лондоннинг “Челси” клубидан ҳайдалди. Ваҳоланки, айнан Жозе “Челси”нинг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшган, Лондон клубининг тирик рамзига айланганди. Бироқ айнан педагогик жиҳатдан нотўғри йўл танлаганлиги, худбинлиги, характеридаги қусурлар унинг оёғига болта бўлди. Айнан шу қусурларидан безор бўлган футболчилар ўйин сифатини пасайтириб юборишди ва Моуриньюнинг жамоадан кетишини очиқ-ойдин исташларини кўрсатиб қўйишди. Натижада Моур учун “Челси” эшиклари ёпилди.
ҲЕЧ НАРСА ТАСОДИФАН БЎЛМАЙДИ
Биз бу мисолларни бежизга келтирмадик. Айни дамда футбол ихлосмандларининг асосий муаммоси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийси масаласи бўлиб турибди. Кўпчиликни “Самвел Бабаян терма жамоа мураббийи бўлишга арзийдими?” деган савол қийнамоқда. Уларнинг иккиланишига ҳам асос бор, чунки Самвел Бабаян мураббийлик борасида унчалик тажрибага эга эмас. Аммо футболда ҳамма нарсани ҳам тажриба белгилаб беравермайди. Тўғри, айни дамда Бабаян терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишига ишонмаётгандирсиз, эҳтимол, термамизнинг суст ўйини ишончингизнинг поймол бўлишига, кўнглингизда шубҳаю гумонлар кўпайишига сабаб бўлаётгандир. Келинг, сизга бир мисол келтираман. Португалия терма жамоасининг Европа чемпионатида ғолиб бўлганидан хабарингиз бор. Кўпчилик буни тасодифга йўймоқда. Аммо бу ҳеч қанақа тасодиф эмас. Бу эса бош мураббийнинг тактикаси муҳим рол ўйнади.
Тўғри, Рикарду Сантуш илгари шов-шувли натижалар қайд этган тажрибали мураббий эмас, аммо у керакли вазиятда керакли тактикани танлай олди. Таркибдан келиб чиққан ҳолда ҳимоявий тактикага асосланган ўйин кўрсатди, шу боис ҳам Франция финалда португаллар дарвозасини ишғол эта олмади, шу боис ҳам Португалия чемпион бўлди. Иккинчи томондан бу терма жамоага омад кулиб боқди. Қизиғи, Рикарду Сантуш ҳозир ҳам тажрибали мураббий сифатида эътироф этилмайди, аммо Португалия футболи тарихида қолиши турган гап. Муҳими, у термани чемпион қилди. Мухлисларга эса ҳеч нарса қойиллата олмайдиган тажрибали мутахассисдан кўра футболчиларни ўйната оладиган мураббий маъқулроқ.
Бизнинг терма жамоада ҳам ҳозир худди шундай жараён ҳукм сураётгандек. Терма жамоамиз олдингига қараганда ҳимоявийроқ ўйин кўрсатмоқда, аммо ҳозирча вазият ёмон эмас. Реал олиб қарайдиган бўлсак, сўнгги саралаш босқичида 4 ўйинда 9 очко жамғардик. Бу 75 фоизлик натижа дегани, бундай натижа эса “яхши” дея баҳоланади. Кўпчилик “Агар Эрон хоҳласа, йирик ҳисобда ғалаба қозонарди”, қабилидаги фикрларни ҳам илгари сурмоқда. Аммо, аслида, бундай эмас. Агар Эрон тўлиқ ҳужумкорликка берилганида биз вазиятни ўз фойдамизга оғдириб олардик. Айтмоқчимизки, бу ўйин терма жамоамизнинг ҳақиқий кучини кўрсатиб бера олгани йўқ. Қолаверса, мазкур матчдаги омадсизликка рақибнинг ўйинини яхшилаб ўрганмаганимиз, натижада тактикани нотўғри танлаганимиз сабаб бўлди. Ваҳоланки, биз Эронни илгари мағлуб этганмиз, бундан кейин ҳам ғалаба қозона оламиз.
БАБАЯН ТАЖРИБАСИЗДИР, АММО…
Самвел Бабаянда тилга олганимиз педагогик қобилият, футболчиларга фикрини тушунтира олиш ва айтганини қилдириш маҳорати бор. Бу эса мураббий учун жуда муҳим жиҳатлардан бири саналади. Ишонамизки, Самвел Бабаян бошчилигида футболчиларимиз Корея аталмиш қулфнинг калитини топиб, уни йўлимиздан олиб ташлашади. Бу қулфнинг калити эса ақлли тактика ва ўринли таркиб. Ишонамизки, бу сафар азалий рақибимиз майдонидан керакли очколарни олиб қайтамиз”.
Очиғи юқоридаги фикрларга ўзимнинг ҳам ишонгим келади. Ҳа, мен ҳам Бабаяндан куйган ўзбек футболининг жонкуяр мухлисларидан бириман. Шунчаки Хитойга қарши ўйинга ўзимни тайёрлаяпман, сизга ҳам шуни маслаҳат бераман, азиз дарддошлар.
Низомжон Исломов
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?