14:30 / 07.04.2018
3 136

Равшан Эрматов: “Россияда ўтказиладиган ЖЧ-2022да иштирок этиш биз учун орзу эди”

Равшан Эрматов: “Россияда ўтказиладиган ЖЧ-2022да иштирок этиш биз учун орзу эди”
Халқаро футбол ассоциациялар федерацияси (ФИФА) ўтган ҳафтада, жорий йилнинг 14-июнидан 15-июлига қадар Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионида ишлайдиган ҳакамлар рўйхатини ҳафтада эълон қилди. Қувонарлиси, ушбу рўйхатдан ҳамюртимиз Равшан Эрматов ва унинг бригадаси ҳам жой олган. Ушбу қувончли хабар эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати Равшан Эрматов билан эксклюзив интервью уюштирди.

— Равшан, жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳакамлар рўйхатидан учинчи маротаба жой олганингиз билан Миллий олимпия қўмитаси номидан табриклаймиз. Бу албатта ҳар бир ҳакам орзу қилса бўладиган натижа. Яна бир муҳим жиҳати, сиз шу пайтгача жаҳон чемпионати финал босқичларида энг кўп учрашув бошқарган ҳакам сифатида ҳам рекорд ўрнатгансиз. Шахсан ўзингиз учинчи маротаба жаҳон чемпионатида иштирок этишни кутганмидингиз? Тўғри, бунгача маълум босқичларни босиб ўтдингиз. Машғулотлар, йиғинлар, мусобақалар, тўпланган баллар... Аммо, ўзингизда якуний рўйхатдан жой олишга ишонч бормиди?

— Албатта, Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш биз учун орзу эди. Чунки, Мундиалда қатнашиш нафақат футболчи ва мураббийлар учун, балки, ҳакамлар учун ҳам орзу, мақсад ҳисобланади. Улар ўз олдига мана шундай мақсадни қўймаса ишлашдан наф йўқ. "Россия-2018" лойиҳаси йўлида 3,5 йил давомида ФИФА билан бирга ишладик. Бу вақт оралиғида 100дан ортиқ тестлар, 50дан ортиқ нормативлар, ФИФА, ОФК, Ўзбекистон чемпионатлари доирасида ишлаган учрашувларимизни ФИФА мониторинг қилиб борди. Шу орзуга эришиш учун нималар қилиш кераклигини, ишга бўлган муносабат қандай бўлиш лозимлигини яхши билардик. Ҳакам энг аввало ўзини аямай меҳнат қилиши керак. Бунинг учун баъзи нарсалардан воз кечишга тўғри келади. Фақат ва фақат ўрганиш, олға юриш ҳам талаб қилинади.

Бугунги кунда футболимизда бўлаётган ижобий ислоҳотлар, авваламбор муҳтарам Президентимиз футболимизни ўз назоратларига олганларидан сўнг, ўзбек футболига ўзгача файз, барака кириб келди. Мутахассисларнинг ишга булган муносабати ижобий томонга ўзгарди. Бу албатта натижаларни яхшиланишига олиб келиши аниқ. 23 ёшли футболчиларимиз тарихда илк маротаба Осиё чемпионига айланишди. Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги Ўзбекистон футбол ассоциацияси фаолияти тубдан ўзгариб, ҳар бир мутахассис ўз ишини сидқидилдан, юракдан бажармоқда. Кўплаб ижобий ўзгаришлар гувоҳи бўлаяпмиз. Кишини қувонтирадигани шуки, футболимизнинг сифати яхшиланмоқда. Олдинлари ўйинларнинг трансляциялари ҳам кўп эмасди, шунингдек, сифат борасида ҳам муаммолар кўзга ташланарди. Мухлисларимиз ҳам ўзбек футболини эмас, чет эл футболини томоша қилишарди. Бу албатта бизга оғир ботарди.

Бир томондан уларни ҳам тушунса бўларди. Чунки, футболимиз сифати талабга жавоб бермасди. Аммо, бугунги кунга келиб барчаси ижобий томонга ўзггаряпти. Трансляциялар сифати ҳам яхшиланди. Барча ўйинлар жонли эфирда намойиш этилмоқда. Энг аввало футболчиларнинг ўз касбига бўлган муносабати ўзгарди. Улар иштиёқ билан футбол ўйнаётганини кўриб, мухлислар ҳам стадионларга қайтишмоқда. Бугунги кунда футбол соҳасида фаолият олиб бораётган ҳар бир футболчи, мураббий, ҳакам, мутахассис, қолаверса раҳбариятнинг асосий эътибори бир нарсага қаратилган. У ҳам бўлса футболимиз сифатини кўтариб, мухлисларимизни стадионларга қайтариш. Биз ҳам ушбу аҳил футбол оиласининг аъзоси бўлганимиздан фахрланамиз ва бор кучимизни футболимизнинг равнақига бағишлашга ҳаракат қиламиз.

— Футбол соҳасида катта ислоҳотлар рўй беряпти деб айтиб ўтдингиз. Фикрингизга қўшиламан. Буни нафақат мутахассислар, балки мухлислар ҳам эътироф этишяпти. Стадионларга ишқибозларнинг қайтишидан тортиб, трансляцияларни кучайгани, ўйинларнинг сифати ошгани бор гап. Ана шу ислоҳотлар ҳакамлик соҳасига қанчалик таъсир кўрсатди?

— Ҳакамлик борасида ҳам жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Яхши биласиз, сифатсиз ҳакамлик билан сифатли футболни қуриб бўлмайди. Ёки профессионал футболни нопрофессионал ҳакамлик билан яратиш имконсиз. Умид Аҳмаджонов ўзбек футболига раҳбар бўлиб келганидан сўнг ҳакамлик сифатини ошириш, соҳада адолатни таъминлаш, ҳакамларни нафақат халқаро тажрибаси, балки уларнинг савиясини ошириш йўлида анчагина чора-тадбирлар кўрилди. ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов ҳам соҳани ривожлантириш йулида тинмай мехнат киляпти.

Олдинлари ҳакамлар бир йилда икки маротаба йиғиладиган бўлса, ҳозирда ҳар ой йиғилиб турибмиз. Унда вазиятларни кўриб, камчиликларни аниқлаб чиқамиз. Илгари фақат назарий машғулотлар олиб борган бўлсак, ҳозирда амалий машғулотларда ҳам иштирок этяпмиз. Ҳозир биз йўлга қўйган амалий машғулотлар бунгача Ўзбекистонда ташкил қилинмаганди. Бундай амалий семинарларда фақат жаҳон чемпионатига тайёрланаётган ва ОФК хакамлари қатнашишарди. Шу тизимни мамлакатимизда ҳам жорий этишни бошладик. Иккинчи томондан ҳакамларнинг ўз ишига бўлган муносабати ўзгарди. Аввал улар профессионал ҳакам ҳисобланмасди. Бири ҳайдовчилик, бошқаси фабрикада ишларди. Ишидан чиқиб ҳакамлик қиларди. Масалан сиз Суперлига футболчиси кундузи ишлаб, кечки пайт футбол ўйнашини тасаввур қила оласизми? Албатта йўқ. Шунинг учун, ҳакамликда ҳам шундай бўлиши керак. Биз ҳакамлик борасида рахбариятга таклифлар берганимизда, бизни қўллаб-қувватлаб,кандай ёрдам керак бўлса барчасини амалга оширмоқдалар. Яна бир томони, ҳакамларнинг ўзини футболга бўлган муносабатини ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз. Баъзида рефери ҳуштак чалавериб ўйинни зерикарли қилиб юборардики, стадионга келган ишқибоз бундан фақат афсусланарди. Биз бугунга келиб ёндошувни тубдан ўзгартирдик. Ўз вақтида 90 дақиқа ичида 100 маротаба ҳуштак чалинган ўйинлар гувоҳи бўлганмиз. Тасаввур қиляпсизми, 90 дақиқада 100 марта ҳуштак чалинишини?

Ҳозирги кунда бу борадаги статистика битта ўйинга ўртача 30-35 тани ташкил қилмоқда. Бу орқали майдонда курашувчан ўйинга имкон яратиб берилмоқда. Тўғри, футболчиларни ҳам тезда ўзгартириб бўлмайди.

Бази футболчилар сунъий равишда вақт чўзишга, майдонга ётиб олиб, ҳакамдан жарима тўплари сўрашга ҳам ўрганиб қолганлар. Аммо, биз бу амалиётдан қайтиб, Араб футболига емас Европа футболига асосланган йўналишни танладик. Албатта бу холат курашувчан футболни ёқтирмайдиган, осон ўйинлар ўтказишни истайдиган футболчиларга ёқмаслиги аниқ. Лекин, футболни чидаганга чиқарган. Ишласа иштиёқ билан ишлаш керак. Бўлмаса, ўз ўрнини ёшларга бўшатиш лозим. Бугунги кунда хакамлик сифатини ошириш масаласини устувор вазифа сифатида кўряпмиз. Иқтидорли ҳакамларга ўзини кўрсатиш учун албатта имконият берилмоқда. Осиё ёки Европа давлатларида ёш-ёш ҳакамлар етишиб чиқмоқда. Бизда ҳам ёшлар етарлича. Уларга имконият бериш керак. Майли, у ҳам хато қилар, аммо, тажрибасини ошириб, яна куп йиллар узбек футболи равнакига хизмат қилади.

— Ўтган йили Россияда ўтган Конфедерациялар кубогида видеоассисент сифатида ишладингиз. Футболга ана шу тизимнинг жорий этилишига сизнинг муносабатингиз қандай? Бу ўйин темпини тушуриб юбормайдими?
— ФИФА ушбу тизимни жорий этганидан сўнг жаҳон миқёсидаги тажрибали ҳакамларни саралаб олди ва ушбу лойиҳага жалб этди. Ўша ҳакамлар рўйхати ичида мен ҳам бор эдим. Бу лойиҳа бошланганига икки йил бўлди. Очиғини айтсам, бошида бу менга ёқмаганди. Чунки, ўйинни 2-3 дақиқага тўхтатиб қўйиш мухлисларнинг зерикишига, ўйиннинг совуб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Натижада футбол жозибасини йўқотади. Аммо, шу икки йил давомида ушбу жараённи тезлаштириб, мутахасислар билан ишладик. Энг муҳими операторларнинг футбол ҳақидаги тушунчаси яхши бўлиши керак. Бу борада улар билан яқиндан ҳамкорлик қилдик. Ўша жараён 2-3 дақиқадан 30-35 сониягача туширилди. Бунинг футболга таъсири ижобий. Агар ҳакам вазиятни кўра олмай қолса, бу сабаб жамоа мусобақани тарк этиши ҳам мумкин. Чунки инсон фактори каби жиҳатни ҳам унутмаслигимиз лозим. Ҳато қилмайдиган ҳакамнинг ўзи йўқ. Видеотакрорлар 30 сония ичида самара берса бу футбол жозибасига таъсир қилмаслиги аниқ. Ўша хато жойида тўғирланади. Адолат мезони ҳам бузилмайди.Бундан факат футбол ва мухлислар ютади.

— Яъни рефери учрашувда бирор-бир қарорни қабул қилган бўлса, кейинчалик унга видеоассисент керакли маълумотни етказиб, қарорини ўзгартиришга ҳақли бўлади. Шундайми?
— Айтайлик рефери бир вазиятни кўрмай қолди ва ўйин давом этяпти. Видеоассисент жараённи кўриб чиқади ва радио алоқа орқали ҳакамга маълумот етказади. Ўша паллада ҳакам ўйинни тўхтатади ва вазиятни тезда кўриб чиқиб, тугри карорни ўзи қабул килади.

— Демак ўтган йили бу тизим Россияда синов тариқасида қўлланилганди. Бу йилги ЖЧда эса ана у расман ишлайди. Сиз мусобақада қайси вазифада фаолият олиб борасиз?

— Жаҳон чемпионатида видеотакрорларда маълум тажрибаси бор ҳакамлар ҳам рефери, ҳам видеоассисент сифатида ишлайди. Шунингдек, алоҳида видеоассисентлар бор. Улар майдонда ҳакамлик қилмайди. Германия, Италия, Франция, АҚШ мамлакатларидан махсус видеореферилар танлаб олинган. Чунки, у ерда бундай тизим миллий чемпионат ўйинларида ҳам қўлланилади ва бу борада тажрибалари бор. Бизнинг бригадамизнинг мусобақадаги вазифаси эса майдонда ҳакамлик қилиш.

— Бу шахсий рекордингизни янгилаш учун жуда яхши имконият. Яқин орада сиз курсатган натижани кимдир янгилаш эҳтимоли жуда кам. Сўрамоқчи бўлганим, асосий ёрдамчингиз Абдуҳамидулло Расулов билан кўп йиллардан бери бирга фаолият олиб боряпсиз. У 2014 йилги ЖЧда ҳам сиз билан бирга ишлаган ва бу борада тажрибага эга. Қолаверса, у Осиёнинг энг яхши лайнсменларидан бири. Иккинчи ёрдамчингиз Жаҳонгир Саидов учун эса бу илк жаҳон чемпионатидир. Унга бу борада қандай тавсиялар беряпсиз? Буни бежизга сўрамаяпман. Биринчи маротаба ЖЧда иштирок этганингизда ёрдамчингиз Рафаэль Илёсовнинг битта вазиятдаги қарори сизни ва бригадангизни бутун дунёга машҳур қилиб юборганди. Сиз ўша ҳолатда унга ишонгансиз ва якунда бу ўзини оқлаган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Жаҳонгирга ҳозир қандай маслаҳатлар беряпсиз?

— Саволингиз футболда ёрдамчи ҳакамларнинг бугунги кундаги аҳамияти қанчалик катта эканлигига жавоб бериб турибди. Биттагина ўйиндан ташқари ҳолат билан боғлиқ бўлган вазиятни ёрдамчи ҳакам тўғри баҳолай олмаса жамоалар тақдирига, ўйин натижасига таъсир қилади. Шунинг учун ёрдамчи ҳакамлар билан жиддий ишлаяпмиз.Жаҳонгир клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Осиё чемпионати, турли мусобақа ва семинарларда ишлаб, тажрибасини оширди. Тест синовларида юқори натижаларни қайд этди. Агар у кўнгилдагидек натижа кўрсата олмаганида ФИФА уни алмаштирган бўларди. Жаҳонгир билан анча йилдан буён ишлаяпмиз. Ўз навбатида Абдулҳамидулло ҳам Жаҳонгирга ўз маслаҳатлари билан катта ёрдам беряпти. Биз машғулотларда нафақат жисмоний, балки назарий ва амалий йўналишларда ҳам ишлаяпмиз.

— Ўзбекистон жаҳон чемпионатида биринчи марта тўлиқ бригада билан иштирок этади. Аввалги Мундиалларда қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров сизга ёрдам берганди. Бу сафар эса жаҳон чемпионатида тўлиқ Ўзбекистонлик ҳакамлар бригадасини кўрамиз. Шунингдек, ўзбек футболи тарихида биринчи марта комиссаримиз Олим Арифов ҳам мундиалда қатнашади. Бу ҳам ўзига хос муваффақият. Ўзбек футболида рўй бераётган ислоҳотлар ана шу ҳолатда ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Шундай эмасми?

— Албатта. Футболимизда рўй бераётган ислоҳотлар ўз самарасини узоқ куттирмаяпти. Олим Арифовнинг ушбу муваффақияти ўз-ўзидан бўлгани йўқ. У ўз ишига тўғри ёндошгани, устида ишлагани самара бермоқда. Агар мутахассис ўз ишига масъулият билан, чин юракдан ёндошадиган бўлса натижалар узоқ кутилмайди. Айни пайтда қўйилаётган талаб ҳам шундай. Бу йўналиш бугунги футболимизнинг шиори деса ҳам бўлади. Бизда иқтидорлар жуда кўп. Фақат уларни тўғри йўналтириб, ишга булган ёндошувни профессионалларча амалга оширса яхши натижалар қўлга киритилади. Токиодаги Олимпия ўйинларига чиқиш учун Ўзбекистонда жуда яхши имконият бор. Ундан ташқари 2019 йилги Осиё Кубоги ва Қатардаги жаҳон чемпионати бизни кутиб турибди.

— Маълумотларга қараганда, эртага ёрдамчиларингиз билан бирга Шимолий Америкага йўл олаётган экансиз. Ушбу сафар ҳақида нималар дея оласиз?
— Бу биз учун ёқимли сюрприз бўлди. Мексикада, қолаверса ўз вақтида 1986 йилги жаҳон чемпионатининг финал ўйини ўтган жаҳонга машҳур "Ацтека" стадионида шу вақтгача ўйин бошқармагандик. Иккинчи томондан бу катта масъулият ҳисобланади. Яхши биласиз, бошқа қитъа, бошқача футбол менталитети. У ердаги атмосферани, жамоаларнинг ўйин услубини таклиф олган кунимиздан бошлаб ўргана бошладик. Жамоалар ўртасидаги дастлабки ярим финал ўйинини ҳам кўриб чиқдик. "Торонто" ҳамда "Америка" жамоалари ўртасидаги баҳсда канадаликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Жавоб ўйини "Америка" майдонида, Мексикада бўлиб ўтади. Жамоа таркибида жанубий америкалик футболчилар кўп. Демак, ҳужумкор ўйин бўлади. Қизиққон футболчилар кўп ва 90 дақиқа ичида уларни тўлиқ назорат қилиб бориш керак бўлади. КОНКАКАФ чемпионлар лигасининг финал йўлланмаси ҳал бўладиган учрашувда масъулият катта бўлади.

— Бу қайсидир маънода ЖЧга тайёргарлик кўраётган ҳакамлар учун ўзига хос мактаб. Ана шундай мусобақаларга бориш учун ФИФАдан алоҳида руҳсат оласизларми?
— КОНКАКАФ ушбу таклифни юборишдан олдин ФИФА ва ОФК билан келишувга эришади. Ҳозирча, ФИФА ЖЧда иштирок этадиган терма жамоалар иштирокидаги ўртоқлик учрашувларини бошқармай туришни тавсия қилди. Чунки, ўртоқлик ўйинида қандайдир ҳолат бўлса бу ЖЧда таъсир қилиши мумкин.Шу сабабдан клублар ўртасидаги ўйинларга хакамлик килищга руҳсат берилди.

— Ёш жиҳатдан олиб қараганда 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиш имконияти сизда борми?
— Устозимиз Ахбор ака Имомхўжаев биринчи маротаба ЖЧга кетаётганимизда "Равшан, бу биринчиси. Лекин, ёш жиҳатидан мен ҳисоблаб чиқдим. Тўртта ЖЧ учун ёшинг тўғри келар экан. Биттаси билан тўхтаб қолиш йўқ. Тўрттасига боришинг шарт" деб бизни дуо қилгандилар. Устозимиз ҳам шундай ният қилган эканлар. Аммо, ҳозирда бор эътиборни Россиядаги чемпионатга яхши тайёргарлик кўриш учун каратганмиз .

— Равшан, таклифимизни қабул қилиб Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Ўз навбатида Россиядаги жаҳон чемпионатида МОҚ номидан, мамлакатимизнинг бутун олимпия оиласи номидан сизга ва ёрдамчиларингизга омад тилаб қоламиз. Ўзбекистон халқи жаҳон чемпионатида сизларга мухлислик қилади. Сизларни дуо қилади. Ишончимиз комилки, Россиядаги ЖЧдан ҳам ёруғ юз билан қайтасизлар ва ўзбек ҳакамлик мактаби, қолаверса жонажон диёримизни бутун дунёга танитишда мазкур мусобақа навбатдаги қадам бўлади. Бу борада омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

— Катта раҳмат. Таклиф учун миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидек мана шундай муҳташам бинода интервью бериш мен учун шараф. Олимпия ҳаракати ва футбол бу катта, аҳил спорт оиласидир. Барчамизнинг мақсадимиз бир. Ўзбекистон байроғини доимо юқориларга олиб чиқайлик. Халқимизни дуосини олиб, уларни кайфиятини кўтариш спортчиларнинг вазифасидир. Бу қилинаётган ишларнинг барчаси халқимиз учун. Ўз навбатида биз ҳам халқимизни хурсанд қилиш учун бор кучимизни берамиз ва насиб қилса жаҳон чемпионатидан ёруғ юз билан қайтамиз.
Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди
Фото: Абдулло Файзуллаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Равшан Эрматов: “Россияда ўтказиладиган ЖЧ-2022да иштирок этиш биз учун орзу эди”