18:47 / 12.09.2018
3 309

Купер терма жамоамизни қандай ўзгартирмоқчи? Таҳлил (фото)

Купер терма жамоамизни қандай ўзгартирмоқчи? Таҳлил (фото)
Икки ўйиндан келиб чиқиб, мураббийга ижобий ёки салбий баҳо бериш мумкинми? Масалан, журналистлар эронликлар терма жамоаси устози Карлос Кейрушдан унинг жамоасига қаршилик қилган «Ўзбекистон»лар ичида қайси мураббийнинг (Абрамов, Қосимов, Бабаян, Купер) жамоаси кучлироқ эканини сўрашди. Аслида, бу жамоаларни солиштириш нотўғри деб ўйлайман.

Биринчидан, Эронга қарши ўйнаган терма жамоаларимиз турли даврларда ва тайёргарлик босқичларида эди. Осиё кубоги ва саралашнинг икки босқичини бирга босиб ўтган Абрамов жамоасини икки ҳафтача олдин илк марта йиғилган Купер жамоаси билан тенг кўриш тўғри эмас.

Иккинчидан, аввалги ўйинлар расмий мақомда бўлиб, мураббийларимиз, албатта, рақиб ҳам, аввало, очко қўлга киритиш учун майдонга тушишган. Купер эса, бошқа паллада турибди.

Учинчидан, Кейруш билан етти йил биргаликда салкам клубга айланаёзган Эрон билан 2012 йилдагисини солиштиришдан ҳам маъно йўқ.

Мураббийнинг тайинланиши бирор бир истеъфодан кейин, масалан, қандайдир турнир давомида амалга ошса, илк ўйинлардаёқ, унинг иши кўзга ташланади. Сабаби, одатда, бундай ҳолатларда мураббийлар ишлаб турган услуб ва тактикаларни ўзгартиришга қўл уришмайди. Шунчаки, муваффақиятсизликлардан йиғилиб қолган салбий ҳиссиётлар йўқолиб, ўйинга қўшимча чизгилар берилиши (ишлаб турган мураббий жараённинг ичига тушиб кетиб, кўпинча хатоларини пайқамай қолади, янги келган мураббий эса, четдан кузатув ёрдамида муҳим нуқталарни пайқаши ва ижобий туртки бериши мумкин) ҳисобига жамоа кучаяди. Қосимов Инилеев ва Абрамов ўрнига келганида ҳам, Бабаян Қосимовдан сўнг тайинланганда ҳам, айнан шу жиҳат ёрдамида терма жамоа натижалари яхшиланиб, мураббий иши дарҳол кўзга ташланганди.

Ҳозир бошқача ҳолат. Эктор Куперга Осиё кубогига тайёргарлик вазифаси топширилди ва унинг ихтиёрида етарли вақт бор. Табиийки, мураббий аввало, ўз жамоасини қуриш, футболчиларни ўз фалсафа ва ғояларига мослаштириш йўлидан боради. Кападзедан қабул қилиб олинган жамоа билан бирданига ғалабалар қозонишни ўйласа, хато бўлиши шубҳасиз. Шу томондан, Куперни 2010 йилдаги Абрамов ёки 2007 йил бошидаги Инилеев ҳолати билан солиштириш мумкин. Апрелдан бошлаб жуда кўп ўртоқлик ўйинларида қатнашган Абрамов илк ғалабасини ноябрь ойига келиб қўлга киритганди.

Ва яна бир катта фактор бор. Мураббий ва футболчилар ўртасидаги муносабат ҳали тўлиқ шакллангани йўқ. Яъни, майдондаги ўйинга қараб туриб, мураббий футболчиларга айнан қандай йўналишда кўрсатма ва вазифалар берганини билиш қийин. Чунки ҳали янги юклама ва кўрсатмаларга ўрганмаган футболчи ўз вазифасини қай тариқа бажара оляпти ёки йўқ, қайси паллаларда айнан мураббийнинг айтганини қилишга уриняпти ва қачон импровизация қиляпти, баҳо бериш осон эмас. Агар етарли вақт ва ўйинлардан кейин ҳам, терма жамоамиз ўйини кечагидек бўлса, Куперга тўлиқ саволлар ва айбловларни йўллашимиз мумкин – шунча вақтда ўз ғояларини футболчиларга сингдира олмаган ёки мос тактика танлай олмаган деб. Бир ҳафта машғулотлар ва икки ўйин орқали футболчилар томонидан кўрсатилган ўйин Купернинг миясидаги тактиканинг акси деб айта олмаймиз. Ҳали эрта. Бу тушунарли.

Хўш унда нима қила оламиз? Ўйинлардан келиб чиқиб, Купер Ўзбекистонда айнан қандай жамоа қурмоқчи экани, қайси йўналишда иш олиб бормоқчи бўлаётгани ҳақида фикр юритишимиз, терма жамоамиз келажаги ҳақида тахминлар қилишимиз мумкин.

ТАРКИБ

Купер асосий баҳс сифатида Эрон билан ўйинни танлади. Сурия билан ўйинда келажакда ҳам асосий таркибда тушиши аниқ бўлган Аҳмедов, Денисов, Шомуродов каби футболчиларни туширмади. Илк ўйинда урғу асосий ўйинчилар ва Индонезияга кетган ёшлардан ташқари, терма жамоамиз асосий таркибига потенциал номзод сифатида қаралиши мумкин бўлган баъзи номларни синовдан ўтказишга қаратилди.

Эрон билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Эктор Купернинг ўзи ҳам бу фаразни тасдиқлади. Аргентиналик мутахассиснинг айтишича, у ўйинларда майдонга тушган футболчилардан ўз талабига жавоб бермайдиганларни билиб олган. Шунингдек, кейинги йиғинларда олимпиячиларимиз сафидан ҳам бир қатор футболчилар ва ҳатто шу пайтгача терма жамоада майдонга тушмаган янги номлар ҳам пайдо бўлади.

Сурия билан ўйнаган таркиб: Нестеров, Шораҳмедов, Кримец, Исмоилов, Зотеев, Шукуров, Иброҳимов, Ғофуров, Рашидов, Бикмаев, Нагаев

Эрон билан ўйнаган таркиб: Суюнов, Денисов, Исмоилов, Тўхтахўжаев, Сайфиев, Аҳмедов, Шукуров, Шомуродов, Бикмаев, Рашидов, Абдухолиқов.

Назаримда, Купернинг бўлажак жамоасига таркиб ва тактик нуқтаи назардан энг яқини Эронга қарши ўтказилган биринчи бўлимдир. Айнан ўша бўлимда Купер ҳимоя ва ярим ҳимоянинг оптималга яқин вариантини туширди, жамоа тактик жиҳатдан бенуқсон ўйнашга ҳаракат қилди, жиддий ёндашилди. Иккинчи бўлим эса, яна янги синовларга имкон яратгани шубҳасиз, буни масалан майдонда энг яхши бўлиб турган Сардор Рашидовнинг алмаштирилганидан ҳам пайқаш мумкин.

ТАКТИКА ВА СХЕМА

Купер терма жамоамизга тайинланганда, унинг асосий фалсафаси таниш бўлса-да, айнан қайси схемада ўйнаши савол остида қолаётганди. Масалан, Мисрда ўйин услуби Муҳаммад Салоҳнинг индивидуал маҳоратини ҳисобда олган ҳолда ташкил этилган. Ҳимоя ва таянч зонасини имкон қадар мустаҳкамлаш ва олдинда кўпроқ Салоҳнинг бир неча ҳимоячини ўзига қаратиши ёрдамида бўш зоналар пайдо қилиш. Умуман, юлдуз етакчиси бўлган Аргентина ёки Португалия ҳам худди шундай қилади. Ўзбекистон терма жамоасида бу тоифа маҳорат эгаси йўқлиги боис, Купердан бу ерда янги Миср кутиш бироз нотўғри бўларди.

Мураббий фаолиятидаги бошқа муваффақиятли лойиҳа – «Валенсия». Купер терма жамоамизни соф вингерлар билан 4-4-2 (баъзи ўринларда 4-2-4, буни мураббийнинг ўзи ҳам айтиб ўтди) схемасига мослаштираётганини сезиш қийин эмас.

Буни биз Сардор Рашидовнинг қайси қанотда ўйнаётганидан осонгина илғаб оламиз. Рашидов – чапақай футболчи, одатда у терма жамоамизда ўнг қанотда ҳаракат қиларди. Бу унга керак пайтда марказ томон тўп билан ҳаракатланиш (ва баъзида зарба бериш) имконини оширарди. Чап қанотда Рашидов бундай имкониятга эга бўлмайди, аммо кўпроқ вертикал ўйнаш ва рақиблардан қочиб кетиш, кенгроқ ҳужум қилиш учун чап томон имконият яратади. Демак Купер марказда ёки ярим-қанотда сон жиҳатидан устунлик қилиш эмас, айнан кенг зоналар билан ва тезкор ҳужум қилишни афзал билган.

САЛОМ, 4-4-2!

Бу схема айниқса, 90-йилларда Англияда урф бўлган, хусусан қанотларда Гиггз ва Бекҳэм тўп сурган «Манчестер Юнайтед» бу схемани чўққига олиб чиққан. Эктор Купер ҳам «Валенсия»да соф вингерлардан фойдаланар ва худди шу схемада муваффақият қозонганди.

Гвардиола ва яна бошқа бир қатор мураббийлар «тотал футбол»ни қайтаришгач, бу услуб бироз чекингандек бўлди ва жамоалар имкон қадар майдон марказида кўпроқ футболчи билан ўйнай бошлашди. 4-4-2 ўрнига 4-2-3-1 яққол афзал схема сифатида кўрилиб, бу ерда қанот ҳужумчилари кўпроқ марказга яқинроқ (худди ўнг қанотдаги Рашидов сингари) бўлади ва қанот тўлиғича бир футболчига – фаол қанот ҳимоячисига топширилади.

4-4-2 схемасининг узлатга чекинишига яна бир сабаб, Европадаги аксарият жамоалар бу схеманинг ромб вариантини қўллашган. Икки ҳужумчи ортида ҳужумкор ярим ҳимоячи, асосий плеймейкер жойлашади. Аста-секинлик билан рақиб жамоалар персонал таъқиб орқали бу футболчини шерикларидан узиб, бутунлай ўйинни бузиб ташлай бошладилар. Юқорида, айнан «МЮ»ни мисол келтирганимнинг сабаби бор. Фергюсон 4-4-2 схемасининг чизиқли вариантини, яъни марказий ярим ҳимоячиларнинг бир чизиқда жойлашишини (ромб эмас) синаганди. Бу вариантда ҳимояланишда ҳам, ҳужум қилишда ҳам маневрлари бир бирига яқин бўлган (Кин ва Скоулз) икки футболчи марказга жойлашади ва страховка ёрдамида, доимий равишда бир бирини қўллаб, рақибнинг хос таъқибига йўл бермайдилар.

Бугунга келиб, 4-4-2 бутунлай эскирди, деб бўлмайди, аксинча, янги даврда кўпгина жамоалар аста-секин бу услубга мурожаат қилибгина қолмай, муваффақият қозонмоқда. Симеоненинг «Атлетико»си, Германияда «Боруссия» М ва «Айнтрахт» шулар жумласидандир. Сезган бўлсангиз, энди 4-4-2 асосан чекланган ресурс билан кучлироқ жамоаларга қаршилик кўрсата олишда ёрдам беради. Масалан, бу мавсумда Хави Грасия «Уотфорд»да 4-4-2 ни асосий тактика сифатида қўллай бошлади ва бу ёмон натижа бермаяпти. Ёки икки йил олдин Англияда чемпион бўлган «Лестер»ни олиш мумкин. Кўриб турганингиздек, бу жамоалар 4-4-2 схемасининг самаралироқ бўлган чизиқли вариантини танлашган ва ярим ҳимояга (Коке-Габи, Дринкуотер-Канте, масалан) ўхшаш футболчиларни жойлаштиришган.

Ўзбекистон терма жамоаси юлдузли таркиб бўйича камида тўрт жамоа – Эрон, Корея, Япония ва Австралиядан ортда қолиши, яъни жаҳон чемпионати саралаши, Осиё кубоги каби турнирларда ресурсларимиз асосий рақибларимизга нисбатан чекланганини инобатга олсак, бу услуб агар яхши ижро этилса, самарали бўлиши мумкин.

УСТУНЛИКЛАР

4-4-2 зонал ҳимояланишда жуда катта устунлик беради. Қанотда. Марказда, ҳужумда, умуман майдоннинг ҳар бир ҳудудида бир эмас, футболчилар жуфт шаклида ҳаракатланишади ва доимий равишда бир-бирларини страховка қилишади. Қанот ярим ҳимоячиси қанотда ҳимоя олдидаги илк тўсиқ вазифасини бажаради, ҳужумчилардан бири доимий равишда икки марказий ярим ҳимоячиларнинг ўртасини ёпади, шу тариқа рақибга майдоннинг ҳар бурчагида тўпни эркин назорат қилиш имконини бермайди.

Бу ерда асосий талаб футболчиларнинг юксак жисмоний тайёргарлигидир. Яъни қачонки, футболчилар бутун ўйин давомида тўхтамасдан, бир хил темпда ҳаракат қилсаларгина, муваффақият қозонилиши мумкин. Эктор Купер ўйиндан кейин мана шу жисмоний ҳолатга урғу бериб, балки шогирдларида бутун ўйинни шу темпда ўтказишга куч қолмаганини айтди. Ростан ҳам, эътибор берсак, биринчи таймда Эрон дарвозамизга у қадар хавф солмаётганди, шунингдек, Рашидов ёки Шомуродов биринчи таймни ёмон ўйнамаган ҳолда, эрта алмаштирилганига эътибор беринг. Мисол учун, Юнус «Аякс»нинг энг муҳим футболчиларидан бири саналади, аммо ўтган мавсумда Де Бур 34 ўйиндан 20тасида уни иккинчи таймда алмаштирган. Осон эмас.

ҲУЖУМ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

Эрон билан ўйин олдидан журналист Купердан «Сиз Сурия билан ўйинда асосий вазифа сифатида ҳимояга эътибор қаратиб, энди Эронга ҳужумга урғу берасизми?» деб сўраганда, Купер рад қилди. Мураббий савол бундай қўйилмаслиги кераклигини, аслида ҳужум ҳам, ҳимоя ҳам бир-бирини тўлдирадиган соҳалар эканини айтди.

Тўғри. Аммо Эронга қарши ўйинда ҳимояга бўлган эътибор ҳужум ташкил қилишда панд берди. 4-4-2 да, маълумки, майдон марказида тўпни назорат қилиш осон эмас. Урғу икки қанотга қаратилади ва бу ерда қанот ҳимоячиларининг ўрни жуда муҳим. Футболни математик анализ қиладиган мутахассислар аслида 4-4-2 да майдоннинг энг охирги фазасида тўпга эгалик қилишда ҳам, ҳимоядан ҳужумга тўпни олиб боришда ҳам энг кўп комбинациялар мавжудлигини аниқлашган экан.

Бунинг учун қанот ҳимоячиси, вингер ва мос марказий ҳимоячи (олдинги чизиқда иккинчи ҳужумчи) биргаликда учбурчаклар ҳосил қилган ҳолда рақиб эътиборини қаратишлари ва қарши томонда ёки жарима майдони яқинида бўшлиқлар пайдо қилишлари осон кечади. Бир қанотда доимий равишда икки футболчининг бўлиши нақадар яхши – мажбурий равишда рақибнинг қанот футболчисига ёрдам сифатида кимдир келади, яна бўшлиқлар юзага келади. Шу билан бирга, ҳужумчилардан бири доимий равишда орқага қайтиши ва ўша керакли сон устунлигини яратиши мумкин. «Реал» икки ҳужумчи билан ўйнаганда Бензема ёки «Атлетико»да Гризманн худди шу вазифани бажаради. Бир пайтдар «МЮ»да Коул-Йорк жуфтлиги навбати билан шу ишни амалга оширишарди.

Терма жамоамизнинг кечаги ўйинида бу жиҳат етишмади. Бутун ўйин давомида Виталий Денисов бирор марта ҳам ҳужумни қўллаб-қувватламади. Бикмаев ҳам, Абдухолиқов ҳам, бир пайтлар Гейнрих идеал тарзда мос келган ролни бажара олишмади. Денисов ва Сайфиевнинг ҳужумга қўшилмаслиги Эрондан ҳайиқишми ёки услубнинг ҳали етилмаганими, билмадим, аммо фаол қанот ҳимоячиларисиз умуман позицион ҳужум қила олмадик. Рашидов ҳам, Шомуродов ҳам тўпни эгаллаганда фақат тўп билан олдинга югуришдан бошқа чора топа олмади. Ҳимоячилар олдинга синхрон ҳаракатланишмаган пайтларда, Аҳмедов ёки Шукуровнинг ҳужумга ёрдам бериши доим рақибнинг хавфли қарши ҳужумига олиб келаверди – чунки ўртада жуда катта зона бўш қоларди.

Аслида, юқорида айтилгандек, сўнгги фазада тўпни назорат қилиш учун энг мос ва хавфсиз кўринган 4-4-2, ҳимоячиларнинг олдинда йўқликлари эвазига кучсиз бўлиб қолди. Терма жамоамиз стандарт вазиятларни қўшмаганда, рақиб майдонида позиция ярата олмади.

ҲИМОЯЛАНИШ

Худди шу муаммо ҳимояланишда ҳам вужудга келди. Аслида муаммо демаган ҳам бўлардим. Денисов ўйинни жуда ёмон ўтказди, бунинг сабаби маълум, терма жамоамиз энди бутунлай бошқача ҳимояланмоқда. Қанот ярим ҳимоячиси ва ҳужумчиларнинг ҳимояланишдаги иштироки, ҳамда қанот футболчиларининг ўзаро боғлами ҳали тўлиқ шаклланиб улгургани йўқ. Марказда Шукуров ва Аҳмедовнинг ҳимоячилар билан ҳамоҳанглиги у қадар ўзгармади, лекин қанотда энди футболчиларга янги талаблар, янги юкламалар пайдо бўлди.

Илгари Денисов бемалол рақибга пешвоз чиқар, уни кўрсатма асосида марказий ҳимоячилардан бири қувватларди. 4-4-2 да энди бу боғлам Денисов ва вингерлар ўртасида бўлади. Вингер доимий равишда ортга қайтиши ва ҳимоячи билан бир-бирини страховка қилиши доимий равишда амалга оширилиши керак. Рашидов ёки Шомуродов пассивлик кўрсатган пайтда бутун юк қанот ҳимоячиси елкасига тушади.

Юқоридаги вазият, эронликлар дарвозабонимиз тепган тўпни эгаллаб олгандан кейин яратилган. Яъни қарши ҳужум эмас. Вингерларимиз ва қанот ҳимоячилари ўртасидаги масофага эътибор беринг – жуда катта. Ҳар икки қанотда эронлик футболчилар жойлашишган ва бемалол тўпни қабул қилишга тайёр туришибди. Денисов ёки Сайфиев бу футболчиларни ёпа олишмайди, чунки у ҳолда марказда жуда хавфли бўшлиқлар юзага келади. Вингерларимизнинг ўз вақтида зонани ёпмаётганликлари туфайли, ҳимоячиларимиз икки ёмондан хавфсизроғини танлашга, яъни Эроннинг қанотдан ҳужумни давом эттиришларига йўл қўйишга мажбурлар.

Ўзаро тушунмовчиликни биз Эрон гол урган вазиятда ҳам кўришимиз мумкин:

Гўёки, эронлик футболчи икки футболчимизни жуда чиройли ва кутилмаган тарзда алдаб ўтгандан кейин пайдо бўлди вазият. Лекин аслида, икки футболчимиз бирданига, бир пайтда ҳужумчига ташланганликлари хато бўлганди ва бу ерда эронлик футболчи бемалол тўпни пас орқали ҳам керакли футболчига етказиб бериши ҳам мумкин эди. Икки қанот футболчиларимиз келишилмаган ҳолатда бир футболчига яқин бўлиб қолганликлари натижасида жарима майдонида бўшлиқ пайдо бўлди. Табиийки, марказий ҳимоячиларимиз бу зонани ёпиш ҳақида ўйламаётган эди.

Кейинги хато Денисовда. Юқорида расмда кўриб турганингиздек, эронлик ҳужумчи яна осон вариантни танлаши ва ёнидаги шеригини сариқ стрелка билан кўрсатилган очиқ зонага чиқариши мумкин эди. Бу ерда сунъий офсайд орқали рақибнинг бу вариантини йўққа чиқаришга уриниш кузатилмади. Денисов ҳам олдинга ҳаракатланишда шошилмаяпти, марказий ҳимоячиларимиз ҳам ҳушёрликни қўлдан бой беришди.

Ҳужумчи бошқача йўл танлади ва энди марказий ҳимоячиларимиз ухлаб қолишди.

Сон жиҳатдан устунлик бўлса-да, ҳимояланишда нотўғри жойлашув сабабли, рақибда очиқ зоналар ва имкониятлар тақдим этиш ҳолатлари Сурия билан ўйинда ҳам кўп кузатилганди. Қўйидаги суратга эътибор қарашингиз мумкин: гўёки бутун жамоа бўлиб ҳимояланяпмиз, аммо суриялик ҳужумчиларнинг қарийб ярми бўш:

СЕРГЕЕВ

Мураббийлар алмашаверади, бу мавзу йўқолмайди. Кечаги ўйинда мухлислар Сергеевга қарши ҳуштак чалишди. Бу эса ҳужумчини издан чиқарди. Биз буни Аҳмедовнинг Игорга нисбатан муносабати, ўзини қўлга олишга чақирганидан ҳам кўрдик. Ҳа, ташқи босим Сергеевга салбий таъсир қилаётгани бор гап, мухлисларни эса, умуман оқламайман.

Аммо биласизми, футболчининг вазифаси майдонда югуриш, гол уриш, тўп тепишдан ташқари, мана шундай босимларни енгиш ҳам. Аниқроғи, мана шундай босим остида ҳам ўша асосий ишини – югуриш, гол уриш, тўп тепиш каби ҳаракатларини амалга оширавериши керак. Қулоғига кириб турган овозлар унинг асосий ишидан чалғитмаслиги, шу ҳолатда ҳам у мураббий кўрсатмасини ёдда тутиб, очилиб бораётган шерикларини кўриб, ундан кутиладиган ҳаракатларни қилиши шарт. Ҳа осон эмас, аммо шу ҳолатда у гол уриб, мухлисларга «тссс» ишорасини қилса, баракалла.

Йўқ, акси бўлса, футболчи навбатдаги синовдан яхши ўта олмаганини билдиради холос, бу муваффақиятсизликларда бошқаларнинг айби йўқ. Унга «энагалик қилиш», «тушунишга уриниш» агар лозим топса, Купер ёки Аҳмедовга ҳавола, зинҳор мухлислар ёки журналистлардан талаб қилинадиган ҳолат эмас. Сергеевга ишонч берилди, аввало мураббий ва шериклари томонидан ва агар бу ишонч бошқа босимлар қаршисида кам туюлган бўлса, Сергеев айни дамда терма жамоага лойиқ эмас. Шу холос.

АСОСИЙ САВОЛЛАР

Кейинги йиғинларда қизиқтириши мумкин бўлган асосий саволлар:

1. Купернинг ўзи ҳам ҳужумчилар муаммосини тан олди. Таран ва вазиятлардан яхши фойдаланиш жуда муҳим саналадиган бу услубда мос ҳужумчи топа оламизми?
2. Аҳмедов – Шукуров жуфтлиги майдон маркази учун танланган якуний вариантми?
3. Юқори жисмоний тайёргарлик талаб қилинадиган бу услубга асосий вақтни клубда ўтказадиган футболчиларимиз тайёр бўла олишадими? Терма жамоа йиғинларида уларнинг жисмоний кўрсаткичларини ошириш имкони йўқ-ку?
4. Индонезияда тўп сурган ёшлар ичида қайси футболчилар Купернинг режаларида бўлиши мумкин?

ХУЛОСА

Хулоса ўлароқ шуни айтиш мумкинки, кеча ва аввалги куни биз кўрган маҳсулот биз кутилаётган йилларда томоша қилишга мажбур бўладиган терма жамоамиз эмас. Бизга ҳали тайёр бўлмаган маҳсулот намойиш қилинди. Шунчаки, ўйинлар Тошкентда, минглаб футбол мухлислари қаршисида ташкил қилингани ҳисобига ортиқча босим юкланди холос. Аслида, вазиятга бироз хотиржам қарашимиз учун асосларимиз етарли.

Юқорида айтилганидек, ўйинимиздаги асосий тушунмовчиликлар ва рақибнинг имкониятлари янги мураббийнинг ғоялари тўлиқ сингдириб улгурилмагани ва аввалги мураббийлардан бироз фарқли бўлган футбол намойиш этишга уринилаётгани сабабидан юзага келмоқда. Кейинги йиғинларда биз ижобий томонга бурилишларни кузатишимиз ва ўйиндаги мураббий фалсафасини янада аниқроқ ва янада мукаммалроқ ижрода кўришга умид билдирамиз. Аслида Купер талаб қиладиган ўйинга футболчиларимиз, футболимизнинг умумий савияси, жисмоний кўрсаткичлар ва бугунги салоҳият қай даражада мос, буни ҳам кейинги йиғинлар кўрсатади.

Ҳозирча, сабр.
Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Купер терма жамоамизни қандай ўзгартирмоқчи? Таҳлил (фото)