date

Мамлакатда пенсия олувчилар сони кескин кўпайди

Мамлакатда пенсия олувчилар сони кескин кўпайди

Ўзбекистонда пенсия тизими қамрови тобора кенгаймоқда. Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатида мамлакат бўйлаб жами 4 миллион 241,8 минг нафар фуқаро пенсия олувчи сифатида рўйхатга олинган.

Шулардан 3 миллион 514,1 минг нафари — ёшга доир пенсия олувчилар, 482,1 минг нафари — ногиронлик бўйича пенсия олувчилар, 245,6 минг нафар оила эса боқувчисини йўқотганлик сабабли давлат ёрдами олувчилар ҳисобланади. Бу рақамлар мамлакат аҳолисининг қарийб ҳар ўнта каттасидан бири пенсия тизими орқали ижтимоий кафолат билан таъминланганини кўрсатади.

Ҳудудлар кесимида энг кўп пенсия олувчилар Фарғона вилоятида қайд этилган — 500,8 минг нафар. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (451,6 минг), Тошкент шаҳри (380,4 минг) ва Тошкент вилояти (383,1 минг) турибди. Шу билан бирга, Андижон вилоятида 399 минг, Қашқадарёда 381,4 минг, Сурхондарёда 285,2 минг, Бухорода 268,6 минг, Хоразмда 235,4 минг, Қорақалпоғистонда 226,7 минг, Наманганда 333,2 минг, Жиззахда 145,2 минг, Навоийда 142,1 минг пенсия олувчи мавжуд.

Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилоятида кузатилган — 108,9 минг нафар фуқаро. Мутахассислар бу фарқни ҳудудлар аҳолиси сони, меҳнат бозоридаги фаоллик ва демографик ўзгаришлар билан изоҳламоқда.

Шунингдек, ҳозирда мамлакатда пенсия тўловларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Бу жараён нафақа олувчилар учун қулайлик яратиш, коррупция ҳолатларини олдини олиш ва тўлов тизимининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган.

Пенсия жамғармаси маълумотича, октябр ойидан бошлаб пенсияларни нақд шаклда олиш жараёни фуқароларнинг Face-ID орқали биометрик идентификацияси орқали амалга оширила бошлаган. Бу янгилик орқали тўловларни тез, хавфсиз ва шахсий тарзда қабул қилиш имконияти яратилди.

Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатда пенсия тизимини модернизация қилиш, рақамли ечимларни жорий этиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш йўналишида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар нафақат пенсия олувчилар, балки келгусида тизимга қўшиладиган фуқаролар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мамлакатда пенсия олувчилар сони кескин кўпайди