date

Инфекцияларнинг дориларга чидамлилиги ошиб боряпти

Инфекцияларнинг дориларга чидамлилиги ошиб боряпти

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тарқатган сўнгги ҳисоботда жуда хавотирли тенденция қайд этилди — антибиотиклар бактерияларга қарши курашда тобора самарасиз бўлиб бораётган. Бу ҳолат, ташкилот таъкидлаганидек, антибактериал дори воситаларининг ортиқча ёки нотўғри қўлланилиши билан бевосита боғлиқ.

Ҳисоботга кўра, дунё миқёсида инфекцияларнинг дори воситаларига чидамлилиги ҳар йили ўртача 5–15 фоизга ошиб бормоқда. Бу рақамлар антибиотикларга қарши иммунлашиб бораётган бактериялар инсон соғлиғи учун катта таҳдидга айланаётганини кўрсатади.

Масалан, E.coli (Escherichia coli) бактерияларининг тахминан 40 фоизи, Klebsiella pneumoniae турларининг эса 55 фоизидан ортиғи ҳозирда пешоб йўллари, овқат ҳазм қилиш тизими ва қон инфекцияларини даволашда қўлланиладиган антибиотикларга жавоб бермаяпти.

Баъзи инфекциялар эса шунчалик чидамли бўлиб қолганки, мавжуд барча дори воситалари уларга таъсир қила олмайди. Хусусан, Сальмонелла, олтин стафилококк ва E.coli туфайли ҳар йили миллионлаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда.

ЖССТ вакили Сильвия Бертаньолио маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ўзида антибиотикларга чидамли бактериялар сабаб 8 миллионга яқин одам вафот этган. Бу ҳолат инсоният олдидаги энг катта тиббий муаммолардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ташкилот ҳисоботида таъкидланишича, вазиятни назорат қилиш учун янги авлод антибиотикларини яратиш бўйича илмий тадқиқотларни жадаллаштириш зарур. Бироқ шу билан бирга, мавжуд дори воситаларини ортиқча ва асоссиз ишлатишни чеклаш ҳам жуда муҳим.

Мутахассислар фикрича, антибиотикларнинг ноўрин қўлланилиши нафақат бактерияларнинг чидамлилигини кучайтиради, балки келажакда оддий касалликларни ҳам даволашни қийинлаштиради. Шу сабаб, ЖССТ барча мамлакатларни тиббий назоратни кучайтириш ва антибиотиклар фақат зарур ҳолатлардагина қўлланилишини таъминлашга чақирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Инфекцияларнинг дориларга чидамлилиги ошиб боряпти