Ижтимоий тармоқларда математика фанидан Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи саволлари тарқалгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги бу ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди. Маълум қилинишича, айни пайтда ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда. Адолатни таъминлаш мақсадида олимпиаданинг туман босқичи ҳар бир синф кесимида (9-, 10-, 11-синфлар) қайта ўтказилади.
Агентлик маълумотича, фан олимпиадалари учун саволлар Республика Фан олимпиадалари маркази томонидан тайёрланган. Улар ҳудудий бошқармалардаги штабларда чоп этилган, аммо айрим масъул ходимлар ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани сабабли саволлар тарқалиб кетган.
«Ҳозирда айбдорлар аниқланмоқда ва улар қонун доирасида жавобгарликка тортилади», — дейилади агентлик баёнотида.
Шунингдек, марказ барча босқичларда жараёнларнинг шаффоф ва холис ўтиши тарафдори эканини таъкидлади. Агар кимдир олимпиада саволлари ёки жавобларини пул эвазига таклиф этса ёки таъсир кўрсатиш ҳолати кузатилса, бу ҳақда махсус Телеграм-бот ёки ишонч телефони орқали хабар бериш сўралган.
Агентликнинг қайд этишича, олимпиадаларнинг нуфузини сақлаш ва иштирокчилар учун тенг шароит яратиш — асосий мақсад бўлиб қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!