Максим Шацких: «Лобановский билан илк суҳбатим 7 дақиқа давом этган»

  • 27 январь 2019, 06:00
  • 1 714
  • Спорт
  • Максим Шацких: «Лобановский билан илк суҳбатим 7 дақиқа давом этган»
    Киевнинг «Динамо» клубида 10 йил фаолият олиб борган Максим Шацких айни пайт жамоа мураббийлар штабидан жой олган. Яқинда Ўзбекистон термасининг собиқ ҳужумчиси Dynamo.kiev.ua сайтига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.

    — Максим, фурсатдан фойдаланиб, қизингизнинг тўйи билан муборакбод этамиз.
    — Катта раҳмат.

    — Умуман, оилангиз бундай байрамларни қандай нишонлайди?
    — Ҳар сафар ҳар хил. Ўтган йили Янги йилни Майамида, қизимникида нишонлагандик. Бу йил ҳам у ерда бўлдик, фақат тўйга бордик. Одатда, бундай тадбирларни Киевда ўтказамиз, дўстларимизникига борамиз. Бир сафар оғайнилар билан машҳур фильмдаги каби ҳаммомга борганмиз. Адашмасам, ўшанда 30 декабрь эди.

    — Энди миллионлар ўйинига кириб келишингиз ҳақида гаплашсак. Футболдаги дастлабки қадамларингиз қандай бўлган?
    — Аксарият болалар каби биз ҳам ҳовлида тўпнинг орқасидан югуриб юрардик. Мактаб ёшига етганимда, футбол тўгарагига ёзилганман. Болалигимдан футбол ўзига ром этган, акам ҳам шу йўлдан борган, отамнинг ҳам мазкур спорт турига алоқаси бўлган. Футболга кучли меҳр қўйишим сабабли мактабда муаммолар юзага келган. Машғулотлар туфайли дарсларни қолдиришга тўғри келарди. Лекин ўқитувчиларим вазиятга реал баҳо беришарди. Бу борада омадим келган.

    — Максим Шацких спортнинг бош-қа турларига қатнашиши мумкинмиди?
    — Эсимда, ота-онам дастлаб сузиш, кейин дзюдо тўгаракларига беришган. Ушбу спорт турлари билан жуда кам вақт шуғулланганман. Фикр-у хаёлим футболда эди.

    — (Максимнинг суратига ишора қилиб) Мана бу фото қачон олинганини эслайсизми?
    — Бу Тошкентнинг биринчи чемпионати. Биз унда ғолиб чиққанмиз. Ўшанда «Пахтакор» мактабига қатнардим. Мазкур турнирда энг яхши тўпурар бўлганман. Суратда менга мукофотни Миржалол Қосимов топширмоқда.

    — Бошиданоқ марказий ҳужум чизиғида ўйнаганмисиз?
    — Болалар футболида аниқ бир позицияда ҳаракат қилмайсиз. Шу боис ҳужумда ҳам, ярим ҳимояда ҳам, ҳимояда ҳам ўйнаганман.

    — Мудофаа чизиғида қандай ўйнагансиз?
    — Охирги ҳимоячи сифатида ўйнаш менга ёқарди. Тезлигим яхши эди, мендан деярли қочиб кета олмасдилар. Биз «либеро» схемаси бўйича ўйнардик.

    — Ўзбекистондан кейин уч йил Россияда ўйнадингиз. Ҳаммаси қандай бошланган?
    — Россияга 16 ёшимдаёқ чиқиб кетганман. Лекин рус чемпионатига йўл олгунимга қадар «Пахтакор» мактаби қошида «Ютка» номли клуб ташкил этилган. Ана шу жамоа сафида собиқ иттифоқ иккинчи лигасида қатнашишга муваффақ бўлганман. Биз биринчиликда ғолиб чиққанмиз. Аммо собиқ иттифоқ бўлиниб кетгани боис биринчи лигада ўйнаш насиб қилмаган.

    — Киевнинг «Динамо»сига келишдан олдин «Спартак» ва «Зенит» жамоалари кўригида бўлгансиз. Нима учун ушбу жамоалардан бирига ўтмагансиз?
    — «Спартак»ка нима учун тўғри келмаганимни ўзим ҳам билмайман. Чунки бу жамоада мен билан ҳеч ким гаплашмаган. Ваҳоланки, «Спартак»нинг учта кўригида тўлиқ қатнашганман. Ўшанда жамоани Олег Романцев бошқарарди. Вячеслав Грозний эса ёрдамчиларидан бири эди. Лекин уларнинг иккиси ҳам мен билан бирор марта мулоқот қилмаган. Умуман олганда, барча янгилар машғулотларни деярли алоҳида бажарганмиз. Учинчи йиғиндан сўнг Москвага қайтганмиз. Менга шунчаки, уйга чипта олиб берилган. Шу билан «Спартак»даги «фаолиятим» ниҳоясига етган. Ҳеч ким вазиятни тушунтирмаган.

    — Жаҳлингиз чиққанми?
    — Гап унда эмас. Мен билан мулоқот қилмаганликлари ёқмаган. Ахир бир неча дақиқа ажратишса бўларди-ку.

    — «Зенит» билан нима бўлган?
    — У ерда мутлақо бошқача ҳолат кузатилган - Питердан ўзим кетганман. Бу клубнинг иккита йиғинида қатнашганман. Биринчи сафар Бишовец қўл остида, иккинчисида эса Давидов мураббийлигида. Қисқаси, бу клубга қалбим илимаган.

    — «Динамо» варианти қандай пайдо бўлган? Ўшанда 20 ёшда эдингиз ва «Балтика»да ўйнардингиз?
    — «Балтика»нинг биринчи лига доирасида иккита учрашуви қолганди. Ўша ўйинларнинг дастлабкисига тайёргарлик кўраётганимизда, Терлецкий ва Биба боришган. Биз ўтириб, гаплашиб олдик ва мен «Динамо» сафида ўйнашга шу заҳоти рози бўлдим. Аммо «Балтика»нинг қолган иккита ўйинини ҳам ўтказдим. Айнан ўша пайт «Спартак» вакиллари ташриф буюришди. Уларга «Тўрт ой олдин учта йиғинларингда қатнашдим. Лекин сизларга керак бўлмадим», дедим. Улар эса «Ҳозир вазият умуман ўзгарган», дейишди. Шунда ҳиссиётларга берилмаган ҳолда «Кечирасизлар, лекин «Динамо»га ўтишга розилик бердим», дедим. Ушбу жавобимдан кейин ҳам уч кун аврашга уринишди, бироқ ҳаммаси натижасиз бўлди.

    — Агар «Спартак» вакиллари Терлецкий ва Бибадан олдин келишганида, нима қилган бўлардингиз?
    — Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Спартак»ка ўтмасдим.

    — Бир неча бор болаликда Киевнинг «Динамо»сига мухлислик қилганингизни айтгансиз. Қарор қабул қилаётганингизда шу жиҳат ҳам роль ўйнаганми ёки шартнома шартлари маъқул келганми?
    — Мени шунчаки, «Динамо»га таклиф қилишган. Бу жамоада ўйнаш орзум эди. Боз устига, ўша йили якунланган мавсумда киевликларнинг ЕЧЛдаги ўйинларини томоша қилгандим. Жамоа нуфузли турнирнинг ярим финалига қадар етиб борган.

    — «Динамо» трансферингиз учун қанча тўлаганини биласизми?
    — Фақат гап-сўзларни эшитганман. «Динамо»га ўтишга розилик беришим ҳамоно тушунарсиз равишда менинг «эгаларим» пайдо бўлишган. Лекин ўшанда ҳеч қайси клуб билан аниқ бир шартномага эга эмасдим. Ҳамма жойда ижара асосида ўйнардим. Эшитишимча, «Динамо» менинг трансферим учун бир миллион доллар атрофида тўлаган.

    — Лобановский ҳақида сўрамасак бўлмайди. У билан дастлабки учрашувингизни эслайсизми?
    — Нафақат эслайман, балки ўша ҳолат ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Киевга келишим билан аэропортдан тўғри Лобановскийнинг олдига борганмиз.

    — Суҳбат узоқ чўзилганми?
    — Етти дақиқа. Эшик очилгач, Валерий Васильевичнинг ёрқин чеҳрасини кўрганман. У билан яккама-якка суҳбат қурганмиз.

    — Ушбу суҳбатдан қандай таассурот олгансиз?
    — Киришим билан муздек тер босиб кетган. Чунки ким билан гаплашаётганимни билардим. Кейин унинг саволларига тўғри жавоб бердимми ёки хато қилдимми, деб чўчиганман.

    — Суҳбат чоғида Лобановский ўзини қандай тутган? Жиддий бўлганми ёки ҳазиллар билан сизни руҳлантирганми?
    — Унинг юзида табассум кўрмаганман, лекин аниқ-тиниқ гапирган.

    — «Динамо»га келганингизда, сизни Шевченкога ўринбосар деб билишган. Бу салбий таъсир ўтказмаганми?
    — Унчалик эмас. Ҳар бир учрашув, турнирдан кейин солиштиришлар бўларди. Аввалига тинимсиз таққослашга уринишарди. Албатта, бунга эътибор бермасликка ҳаракат қилардим. Лекин барибир, матбуотни ўқишимга тўғри келарди. Ҳар нима қилганда ҳам руҳий босимни енгиб ўтганман, деб ҳисоблайман. Шевченко «Милан»да ажойиб ўйнаб кетганидан кейин эса бу солиштиришлар ўз-ўзидан йўқолиб кетган.

    — Юлдузли «Динамо»га мослашиш қийин кечмаганми? Тиззаларингиз қалтирамаганми?
    — Йўқ. Ўзимни ушбу клубда олдиндан ўйнаётгандек ҳис қилганман. Албатта, бунда биринчи навбатда жамоанинг ҳиссаси катта бўлган.

    — «Динамо»да юлдузлик касалига чалинганлар бормиди?
    — Ҳис қилмаганман. Ҳарқалай, ҳеч кимнинг «бурни кўтарилмаганди».

    — «Динамо»нинг қайси ўйинчиси майдондаги ҳаракатлари билан лол қолдирган?
    — Ўз амплуамдан келиб чиқадиган бўлсам, биринчи навбатда, ҳужумкор футболчиларни тилга оламан. Белькевич, Хацкевич, Кардаш, Косовский, Яшкин, Дмитрулин шулар жумласидан. Улар менга «Сен, энг муҳими югур! Тўп ўзи олдингга бориб тушади», дейишарди.

    — Александр Хацкевични эсга олдингиз. Айни пайт мураббийлар штабида у билан бирга ишлаяпсиз. Ўшандаги «Динамо»да муносабатларингиз қандай эди?
    — Ажойиб. Николаич билан ҳамиша дўст бўлганмиз, бўш вақтларимизни кўпинча бирга ўтказганмиз. Умуман олганда, жамоамиз аҳил эди. Оилаларимиз ўртасида яқин алоқалар ўрнатгандик, табиат қўйнига чиқардик.

    — Xацкевич футболчи сифатида қўпол бўлган...
    — Ўшанда бундай ҳолат «Динамо»нинг ҳамма ўйинчисида кузатилган. Бизда бир нарса бор эди: агар машғулотлардан тоза кийим билан қайтсангиз, демак яхши шуғулланмагансиз. Жамоамизда ҳеч ким шеригидан ортда қолишни истамасди.

    — «Динамо»га келишингиз билан «Жальгирис»га қарши учрашувда «дубль» қайд этгансиз, кейин «Ольборг» билан бўлган баҳсда яна ҳисобингизга гол ёздиргансиз. Дастлабки учрашувларни муваффақиятли ўтказишингизга сабаб нимада?
    — Шундай йигитлар билан ўйнаб, гол урмасликнинг иложи йўқ эди. «Жальгирис» дарвозасини ишғол қилганимни эслайлик. Валик Белькевич тўпни шу қадар идеал тарзда етказиб берганки, мендан фақатгина дарвоза томон зарба йўллаш талаб этилган, холос. Афсуски, ўша ўйинда бир нечта вазиятларни йўққа чиқарганман. Агар ҳамма имкониятларимдан унумли фойдаланганимда, тўпурарлик борасида Олег Блохиндан ўтиб кетган бўлармидим (кулади).

    — Киев, Украина, одамлар, мухлислар ҳақидаги фикрингиз қандай бўлган?
    — Супер! Киевни бу ерга келганимдан бир ой ўтмасданоқ ёқтириб қолганман. Турмуш ўртоғим билан ҳам шундай бўлган. У «Киевдан бошқа шаҳарда яшамайман», деб кўп айтади.

    — «Динамо»да олти нафар мураббий қўл остида ишлагансиз: Лобановский, Михайличенко, Буряк, Демьяненко, Сабо, Сёмин. Лобановский хусусида гаплашдик. Қолганлари ҳақида қандай фикрдасиз?
    — Михайличенко узоқ вақт Лобановскийнинг шогирди бўлган. Шу боис мураббийлик жараёни унчалик фарқ қилмаган. Ўйлашимча, Алексейга бироқ совуққонлик етишмаган. Демьяненко ҳам бу соҳада Валерий Васильевичдан сабоқ олган. Аммо уни ўзгача мураббий сифатида қабул қилганмиз. Михайличенкодан сўнг «Динамо»ни Буряк қабул қилиб олган. У жамоани жуда кам вақт бошқарган. Менимча, бу бизнинг айбимиз. Сабо... Йожефовични бир сўз билан таърифлаш қийин. Сёмин ҳақида гапирадиган бўлсам, у ҳам ўз қарашлари билан келган.
    М.Абдуҳамитов тайёрлади.

    Манба: interfutbol.uz

    » » Максим Шацких: «Лобановский билан илк суҳбатим 7 дақиқа давом этган»