Бугунги суҳбатдошимиз «Навбаҳор» жамоасининг сардори Жаҳонгир Меҳмонов. Наманганлик футболчи доим мухлисларнинг эътиборида бўлиб келган. У фаолияти давомида шу кунгача фақат иккита клубда ўйнади. Бири «Навбаҳор» бўлса, иккинчиси «Нефтчи. Водийдан ташқарида ўйнамаган ушбу ҳимоячи эндиликда наманганликларнинг сардори сифатида катта мақсадлар сари курашда жамоасига ёрдам бериб келмоқда. Ўзига қолса, фаолиятининг охиригача ушбу клуб билан бирга бўлиш ниятида. У билан суҳбат давомида бир қатор қизиқарли мавзулар ҳақида ҳам гап борди.
- “Навбаҳор” жамоасида асосий фигуралардан бирига айлангансиз. Орада эса уч йил “Нефтчи” учун ўйнаб келдингиз. Аммо фаолиятингизнинг асосий қисмини “Навабаҳор”да ўтказиб келяпсиз. Бу жамоа сиз учун қандай аҳамиятга эга?
- “Навбаҳор” мен учун алоҳида дунё десам ҳам бўлади. Мен ўша дунёда футболга кириб келдим. Тўғри, бунинг орасида бошқа клубда ўйнаб келган бўлсам ҳам барибир “Навбаҳор” либосида тўп суриш мен учун катта шараф ва масъулият. Бундай жамоанинг сардори бўлиш эса мен учун катта нарса. Бу жамоанинг ўрни ҳам бошқача.
- Сиз фаолиятингизда ҳозирга қадар “Нефтчи” ва “Навбаҳор” учун ўйнаб келяпсиз. Аммо шундай футболчилар ҳам борки, улар ҳар йили, керак бўлса йилда икки мартадан жамоа алмаштирадиганлари ҳам бор. Ўз клубига содиқ ва жамоадан-жамоага кўчиб юрадиган ўйинчиларнинг қандай фарқи бор?
- Балки футболчи мураббий ёки раҳбарлар билан келиша олмай қолиши мумкин. Қолаверса, ҳамма ҳам ўзи учун ўйин амалиёти етарли даражада бўлишини исташади. Тўғриси, нима учун бундайлигини ҳар бир футболчининг ўзи билади. Ўзим ҳам футболчиман ва бошқа ҳамкасбларимнинг номидан гапиришим ҳам ноўрин. Балки менда ҳам келишмовчилик бўлганида жамоамни алмаштиришим мумкин эди. Ҳа, аслида менда ҳам қандайдир келишмовчиликлар бўлган. Лекин ҳеч қачон “Навбаҳор” жамоасини тарк этишни хоҳламаганман.
Шундай ўйинчилар борки, улар бутун фаолиятини ўз клубига бағишлашган. Мисол учун Стивен Жеррард “Ливерпуль” учун борини берди ва клуб тарихидан жой олган. Мени ҳам шундай футболчиларга ўхшагим келади. Доим битта жамоа учун ўйнашни истаганман. Аммо орада уч йил “Нефтчи” жамоасида ўйнаб келдим. Лекин ўзим учун жонажон бўлган Наманган жамоаси шарафини ҳимоя қилиш учун яна қайтиб келганман. Ўзим ҳам ҳадеб клубларни алмаштираверишга қаршиман.
- Бу йил “Навбаҳор”нинг олдига аниқ вазифа қўйилди. Яъни, жамоа чемпионлик учун курашяпти. 10-турдан кейин эса клуб олтинчи ўринда боряпти. Вазиятга реал қарасак, жамоангизнинг 1-ўринга қанчалик қурби етади?
- Сиз айтгандек, вазиятга реал баҳо бериб гапирадиган бўлсам, чиндан ҳам ҳозирги пайтда бизга жуда қийин. Ўз майдонимизда кетма-кет икки марта “Металлург” ва “Андижон” билан дуранг ўйнаб қўйдик ва бу биз учун катта йўқотиш бўлди. Ўзимизга-ўзимиз муаммо яратиб олдик. Энди шунинг ҳисобини ўйлаяпмиз. Шунга қарамай, мақсадимиз битта: чемпионлик. Ўтган йили чемпион бўлган “Локомотив”нинг мавсумни қандай бошлагани ёдингиздами?
Улар чемпионатни яхши бошлай олишмаган ва кетма-кет очколар йўқотишиб, 7 – 8-турларда ҳам пастки ўринлардан бирида юришганди. Ўша пайтда биз бу жамоага ишониб, яна ўз мавқеига қайтиб, кучли олтиликка киришини билардик. Шундай экан, биз ҳам ўз кучимизга ишонамиз. Тўғри, ҳозир “Пахтакор” билан “Локомотив” кучли. Лекин биз ҳам улардан қолишмаймиз. Фақат Намангандаги охирги иккита учрашувда ғалаба қозона олмаганимиз туфайли муаммоларимиз кўпайди.
- “Навбаҳор”га барқарорлик етишмаяпти. Масалан, Тошкентда “Пахтакор”га қарши муносиб ўйин кўрсатиб, 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни 2:2 га айлантира олдинглар. Кейин эса ўз майдонида ҳамма наманганликларнинг ғалабасини кутаётган пайтда яна қимматли очколар йўқотилди. Балки ўз майдонинглардаги баҳсларда рақибларнинг кучига етарлича баҳо бермагандирсизлар...
- Тўғри, “Пахтакор” билан жуда қийин ўйинни ўтказдик. Айниқса, иккинчи бўлимда боримизни бердик. Биз ҳам чемпионлик учун курашаётганимизни майдонда кўрсатиб қўйишимиз керак эди. Балки бутун эътибор ва кучимизни ўша учрашувга қаратганимиз боис ўз уйимиздаги учрашувларда яна қийинчиликларга учрадик. Қолаверса, “Металлург” ва “Андижон” футболчилари майдонда кўп вақт чўзишди ва ўйин темпини туширишга ҳаракат қилишди.
Балки шунинг учун биз ҳам ўз ўйинимизни кўрсата олмагандирмиз. Тўғриси, шунинг оқибатида уларнинг ўйинига мослашиб қолдик. Агар ғалаба қозонганимизда бундай гапларни гапирмаслигимиз мумкин эди. Ҳозир эса баҳонадек бўлиб туюлиши мумкин. Лекин ҳаммаси ўз қўлимизда эди. Бироқ ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ. Биз охирига курашамиз.
- Ўтган йили “Навбаҳор” Илҳом Мўминжонов бошчилигида учинчи ўринни қўлга киритганида ҳам жамоа тажовузкор ўйинлар кўрсатганди. Айтинг-чи, ўтган йилги “Навбаҳор” билан бу йилги “Навбаҳор” ўртасида қандай фарқ бор?
- Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша ўйин услуби бўлади. Масалан, Илҳом Мўминжоновнинг футболчиларни ўйинга руҳий томондан тайёрлаш бўйича услуби жуда кучли эди. Машғулотларда ҳам доим кайфият юқори даражада бўларди. Бир сўз билан айтганда, унинг бошчилигида ҳамманинг кайфияти яхши бўларди. Андрей Канчельскис ҳам ўзига хос. У жисмоний томондан ўйинчиларни тайёрлаш бўйича кучли. Барибир у Англия футболида ўйнагани учун бу нарса машғулотларимиз ва ўйинларимизда ҳам билиниб туради.
- “Навбаҳор” дуранглардан кейин Лига Кубогининг 1-турида Қаршида “Насаф”га йирик ҳисобда ютқазиб қайтди. Шундай савол туғиляпти: “Навбаҳор”га Лига Кубоги мусобақаси керак эмасми?
- Нафақат биз, балки чемпионатимизда пешқадам бўлиб келаётган “Пахтакор”дек клуб ҳам ўз майдонида “Қўқон-1912”га 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ҳолбуки, қўқонликлар охирги ўринда боришяпти. Лекин бу ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти. Фақат “Навбаҳор”нинг йирик мағлубияти ҳақида саволлар кўп бўляпти. Майли, ҳамманинг эътибори бизда бўлаётганидан ҳам хурсандмиз. Лекин йирик мағлубият албатта бизни ранжитди. Лига Кубоги бизга керак.
Биргина мағлубият билан мусобақа тугаб қолгани йўқ. Олдинда “Машъал” ва “Андижон”га қарши ўйинларимиз бор. “Насаф”га ютқазганимизнинг сабабига келсак, учрашувни яхши бошлагандик, голли имкониятларга эга бўлгандик. Қолаверса, биринчи бўлим ўрталарида футболчимиз майдондан четлатилгач, бирин-кетин иккита голлар ўтказиб юбордик. Кейин эса яна бир ўйинимиз ҳам қизил карточка туфайли майдондан чиқиб кетди.
- Футболчилар учун водийда ўйнаш осон эмас. Бунинг устига “Навбаҳор” чемпионлик учун курашяпти. Мухлислар эса ҳар бир ўйинда сизлардан фақат ғалабани талаб қилишяпти. Бундай паллада сизларга босим ҳам кучли бўляптими?
- Тўғриси, ҳа, бизга босим кучли бўляпти. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, мақсдимиз чемпионлик бўлгани учун ҳам биздан кўп нарса талаб қилиняпти. Шунинг ҳисобига ҳам қўшимча босимлар сезиляпти.
- Ўз вақтида сизни Вадим Абрамов Ўзбекистон олимпия терма жамоасига жалб қиларди. Ўша пайтларда имкониятларингиз юқори баҳоланганди. Фаолиятингизда янги босқич бошланаётгандек туюларди. Тўғриси, ҳозирги ҳолатингиздан ҳам кўпроғини кутгандик. Масалан, легионер сифатида тасаввур қила бошлагандик. Нима деб ўйлайсиз, ўтган вақт давомида ўсишдан тўхтаб қолдим дея айта оласизми?
- Олимпия терма жамоасидан биринчи марта чақирув олганимда бошим осмонга етганди. Ўшанда раҳматли дадамнинг қувончлари ич-ичларига сиғмаганди. Чунки дадам менга сени терма жамоа либосида бир марта бўлса ҳам кўрсам армоним қолмасди деб гапирарди. Шукрки, озгина бўлса ҳам мени терма жамоа либосида кўрганларидан хурсандман. Тўғри, балки шундан кейин менда тўхталиш бўлгандир. Ҳозиргача нечта мураббийларни кўрган бўлсам, уларнинг орасида Вадим Карленовични энг яхшиси деб ҳисоблайман. У билан олимпия терма жамоасида бирга ишлаганимдан хурсандман.
- Шу пайтгача сизда хорижда легионер сифатида тўп суришга имконият бўлганми?
- Ҳа. Малайзия, Таиланд каби чемпионатлардан таклифлар кўп бўлди. Бу йил ўшалардан бирига кетишим учун катта имконият бўлганди. Тан олиш керак, молиявий томондан ҳам жуда яхши таклиф билдиришганди. Агар кетсам ҳам менга фақат плюс бўларди. Ўша пайтда дадам ҳаёт эди ва шу ерда қолиб Намаган халқи учун ўйнашим кераклигини айтганди. Вилоятимиз ҳокими Ҳайрулла Бозоровга миннатдорчилик билдираман. Бизга ҳар томонлама ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб келяпти. Мен легионерликдан кўра Наманган халқини танладим. Қўлимдан келганича “Навбаҳор”нинг чемпионлиги йўлида ҳаракат қилиб, ўзимиздан яхши ном қолдирмоқчимиз.
- Андрей Канчельскис бир қатор матбуот анжуманларида “Навбаҳор”нинг таркибида жамоа савияга мос келмайдиган айрим футболчилар борлиги ҳақида айтиб ўтди. Жамоа сардори сифатида бу ҳақида фикрингиз қандай?
- Европани кўрган шундай инсон ўша гапни айтибдими, демак, балки шундайдир. Лекин мен мураббийнинг гапларини муҳокама қилмоқчи эмасман. Ҳар бир футболчи ўз ўйинига яраша. Балки бизга тўғри келмаган ўйинчи бошқа жамоада яхши ўйнаб кетиши мумкин. Лекин мураббийимиз айтган ўша футболчи кимлигини билмадим.
- Умуман олганда, бош мураббийга қандай таъриф берасиз?
- Майдонда жуда талабчан. Ҳар бир эпизод ва майда деталларгача эътибор беради. Унинг ёрдамчиси Беленков ҳам талабчан. Улар айтган кўрсатмалари бажарилмагунча машғулот тугамайди. Майдондан ташқарида хушчақчақ ва хазилкаш инсон. Ҳар бириримиз билан гаплашиб, ҳол-аҳвол сўрайди.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди