"Насаф"ни бир неча йилдан бери бошқариб келаётган Рўзиқул Бердиев бир қатор муҳим масалалар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Чемпионатимиздаги ўзига хос клуб, барчанинг ҳурматини қозонган Қаршининг "Насаф” жамоаси охирги пайтларда бошидан турли қийинчиликларни ўтказиб келмоқда.
Бироқ шунга қарамай, “аждарлар” маҳаллий тарбияланувчилари билан чемпионатимизда ўз ўрнини йўқотиб қўяётгани йўқ. Бунда эса шубҳасиз “Насаф”ни анчадан бери бошқариб келаётган бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг ҳиссаси беқиёс. У бежизга бир неча бор юртимизнинг энг яхши мураббийи, деб эътироф этилгани йўқ. Буларнинг барчаси унинг меҳнатлари маҳсули.
Маълумки, куни кеча ПФЛ Суперлига клубларининг машғулот ўтказишларига расман рухсат берди. Чемпионатимиз эса 13 июндан бошлаб давом эттирилиши ҳам тасдиқланди. Шунга асосан жамоалар машғулотларга киришдилар. Бу борада “Насаф” клуби ҳам Бердиев бошчилигида тайёргарлик олиб бормоқда. Мазкур мутахассис билан мулоқотимиз аввалида ҳозирги вазият хусусида тўхталди.
- Ҳозирги вақтда биринчи масала инсон саломатлиги бўлиб қолди. Биз буни тўғри қабул қилдик, чунки саломатлик ҳар доим энг муҳими бўлиб келган. Мана, куни кеча ҳукуматимиз тарафидан машғулотлар ва ўйинлар ўтказишга рухсат берилди. Ўйлайманки, бу ҳолат футболга тааллуқли барча инсонларни ҳам, мухлисларни ҳам хурсанд қилди. Гарчи футболимиз ишқибозларсиз ўтса ҳам барибир ўйинларга эътибор юқори бўлади.
30 майдан биз тўлиқ таркиб билан машғулотларга киришганмиз. Чемпионатимиз эса расман 13 июндан давом эттирилиши аниқ бўлди. Табиийки, ўша санагача режаларимизни тузамиз. Унгача эса битта ўртоқлик учрашувини ўтказамиз ва шу орқали “Навбаҳор” билан ўтадиган муҳим баҳсга тайёргарлигимизни давом эттирамиз. Футболчиларнинг ҳолатига келсак, ўйлашимча, айни пайтда барча клубларимиз бир хил вазиятда.
Карантин қоидаларига ҳамма жамоаларимиз бир хил равишда риоя қилишган. Қанчалик қийин бўлса ҳам футболимизни бошлашимиз керак эди. Балки икки ҳафталик машғулотлар камлик қилиши мумкин. Аммо ўйлайманки, жамоалар бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Ўйинлар орқалигина жамоалар жисмоний ҳолатини тиклаб борадилар.
Чемпионатимизда охирги марта 15 март куни ўйин ўтказилган бўлса, деярли уч ой футболсиз қолиб кетгандик. Энди эса йўқотилган вақтнинг ўрнини қандай тўлдириш мумкин? Яъни, Суперлигани давом эттириб, уни ўз вақтида якунлаб олиш борасида қандайдир ўзгаришлар ҳам бўлиши мумкин ёки ўйинлар муддатининг оралиғи қисқа бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу борада Рўзиқул Бердиевнинг муносабатини эшитамиз.
- Тўғри, футболсиз ўтган танаффус жуда катта эди. Уйда индивидуал шуғулланиш билан майдонда шуғулланиш умуман бошқа-бошқа нарсалар. Биз асосан баҳор-куз фаслида ўйинларимизни ўтказардик. Энди бўлса ёз фаслида чемпионатимизни ўтказишимиз керак бўлади. Табиатимиз шунақа, ёзимиз анча иссиқ келади. Бу эса футболчиларимизга қийинчилик туғдириши турган гап. Айниқса, ўйинларни жуда қисқа вақт ичида ўтказадиган бўлсак, қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқаради.
Балки таклиф бериш керакдир, фикрим шундайки, ўйинларимиз оралиғида беш кун вақт бўлиши керак. Бундай иссиқ пайтида турдан-турга футболчиларимизнинг ҳолатини ҳам тиклашимиз керак бўлади. Баъзи-бир стадионларимизда эса ёритгичлар ҳали ҳам талаб даражасида эмас. Мана шундай жиҳатларни ҳам ҳисобга олиш керак, деб ўйлайман. Ўйинлар саналари жуда қисқа муддат оралиғига қўйилмаслиги лозим.
Карантиндан футболчилар қандай ҳолатда қайтишди? Уларнинг ўйин ритмига қайтариш ўзига яраша муаммо келтириб чиқарадими? Умуман олганда, уч ой футболсиз ўтган вақт мобайнида ўйинчилар ортиқча вазнларга эга бўлиб қолишмадими? Бундай саволлар ҳар бир мураббийни ўйлантирса ажаб эмас. Буни эса Бердиев мисолида ўрганиб чиқамиз.
- Яна бир яхши томони борки, бу орқали футболчиларнинг қанчалик профессионал эканлигини билиб олсангиз бўлади, - дея мавзуни давом эттирди, Бердиев. - Клубга қайтишган чоғида ҳолатига қараб уйда қанчалик шуғулланганлигини билиш олиш мумкин. 13 июнгача барча футболчиларнинг ҳолатини бир хил даражага олиб келиш лозим. Турган гапки, ҳозирда барчасининг ҳолати турлича.
Танаффус анчагача чўзилгани сабабли 13 июнгача тикланиш вақти кам эканлиги аниқ. Бу эса қийинчилик туғдириши мумкин. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳамма жамоалар бу борада бир хил даражада. Бу эса ўйинларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, айниқса, ўйиннинг темпига ёки жароҳатларга ҳам.
Шу билан бирга БАА чемпионатида фаолият олиб бораётган икки нафар ҳамюртимиз – Азиз Ғаниев билан Отабек Шукуровнинг юртимизга қайтишгани туфайли уларнинг вақтинча “Насаф” билан шуғулланиб туришлари ҳақида маълумотлар тарқалди. Ғаниев эса Рўзиқул Бердиевнинг шогирди ва мураббий ушбу масалани ҳам четлаб ўтмади.
- Азиз шу ерда бўлгани боис куни кеча машғулотларимизга қўшилди. Ўзи ҳам тайёргарлигини бир меъёрда ушлаб туришни хоҳлаяпти. Отабек Шукуров эса ҳали жамоамизга қўшилгани йўқ. Тўғри, Азиз бизга Отабек ҳам машғулотларимизга қўшилиши мумкин, деб айтганди. Бироқ ҳозирча у биз билан бирга эмас. Балки қўшилиб қолар, бизнинг қаршилигимиз йўқ. Уларнинг сафимизда бўлиши таркибимиздаги ёшларга ҳам яхши бўларди. Аммо шуниси ҳам борки, улар биз билан машғулот ўтказишлари учун ўз клубларидан рухсат олишлари ва огоҳлантириб қўйишлари керак бўлади. Бу ҳақида ўзларига ҳам тушунтирамиз.
Ҳозирги пайтда ўзбекистонлик легионерлар Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида, нари борса, энг кучлиси сифатида Жанубий Корея чемпионатига кетишяпти. Ўз ўрнида “Насаф” устози бу ҳолатга ҳам муносабат билдирди.
- Жанубий Корея чемпионатининг даражасини паст деб ўйламайман. У ерга борадиган ўйинчилар ўз даражасидан пастга тушиб кетишмайди. Тан олиш лозимки, масаланинг иккинчи тарафи бу молиявий ҳолат билан боғлиқ. Умуман, Кореяга кетадиган футболчиларимиз ўсишдан тўхтаб қолишмайди. Қўшимча равишда молиявий томондан ҳам ютишади. Агар кучсизроқ чемпионатга фақат пул учун кетишганида бу ёш футболчиларга бошқача туюлиши мумкин.
Азиз Ғаниевни ёшлигидан яхши билган мураббий ушбу шогирдининг шу даражага чиқишига катта ҳисса қўшган. Футболчининг БАА чемпионатига кетгани эса аслида ҳам тўғри йўлмиди? Легионерларимиз ҳақида гап кетар экан, Рўзиқул Саъдуллаевичдан ушбу шогирдининг танлаган йўли ҳақида ҳам фикр билдиришини сўрадик.
- Биринчи навбатда Ғаниевнинг БААга трансфер қилганимиз клубимиз учун катта фойда келтирди. Иккинчидан эса Азизнинг клуби БАА чемпионатининг етакчиларидан бири саналади. Учинчидан бу жамоа Осиё Чемпионлар лигасида мунтазам равишда қатнашиб туради. Азиз билан янги клуби ҳақида гаплашганимда ҳам таркибидаги кўплаб футболчилар терма жамоа аъзолари эканлигини ва легионерлари ҳам юқори даражадалигини айтганди. Ўйлайманки, футболчимиз ҳам у ерда ўсишда давом этади. Азизнинг характерини яхши биламанки, у янги жамоасида ҳам ўз ўрнини топа олади. Меҳнаткаш, тиришқоқ ва ўсишни истайдиган бола.
Бердиев юқорида айтганидек, “Насаф” Ғаниевни трансфер қилиш орқали чиндан ҳам яхшигина пул ишлаб олди. Хўш, бу қанча миқдорни ташкил қилади? Умуман олганда, Азизнинг трансфер нархи аслида қанча эди? Бизни қизиқтирган бу масала бўйича ҳам Рўзиқул Саъдуллаевичга мурожаат қилдик. Бироқ мураббий ҳаммасини ошкор қилишни истамади.
- Аниқ суммасини айта олмасам-да, аммо жамоамиз яхшигина фойда олди. Акс ҳолда Азиз Ғаниевнинг бу трансфери амалга ошмаган бўларди.
Бугунги кунда терма жамоаларимиздаги асосий ўйинчилар “Насаф”га тегишли. Клуб мунтазам равишда турли ёшдаги термаларимизга муносиб кадрларни етказиб бермоқда. Хўш, “Насаф”дан бугунги кундаги янги авлод вакилларидан кимлар юқори натижага эришиши мумкин? Мураббийнинг жавоби эса қуйидагича бўлди:
- Бундай ёшларимизнинг кўпчилигини айтишим мумкин. Мана, йигитларимизнинг аксариятини олимпия терма жамоамизда кўрдинглар, уларнинг имкониятлари катта. Ҳозирда эса ўринбосарларимиздан 4-5 нафар ёшларимиз асосий таркибимиз билан шуғулланишяпти. Бу билан чекланиб қолмаймиз ҳамда уларнинг даражаларини бундан ҳам юқорига кўтаришга ҳаракат қиламиз.
Ўйлайманки, ҳали жамоамиздаги маҳаллий йигитларимиз ўзларининг юқори даражасига чиқишгани йўқ. Дарвозабонимиздан ҳужум чизиғимизгача қарайдиган бўлсак, ҳали кўп ўйинчиларимизнинг имкониятлари юқори. Алиқулов, Бозоров, Насруллаев, Саитов, Абдуҳолиқов, Неъматов, Кенжабоев ва бошқаларнинг имкониятларини юқори деб ҳисоблайман. Уларда ҳали ўсиш захираси бор.
Рўзиқул Бердиевнинг қандай мураббийлигини ҳамма билади. У бир марта миллий терма жамоамизга ҳам бош мураббийлик қилган. Кўпчилик эса истеъдодли ёшларни кашф қилаётган мутахассисни миллий терма жамоамиз ролида ҳам кўришни исташлари бор гап. Тақдир тақозоси билан вақти келиб, терма жамоа бош мураббийлигини унга ишониб топширишса, “Насаф”даги фаолиятидан кўра янада яхшироқ бошқаришига қанчалик ишонаркин?
- Бу саволга жавоб бериш қийин. Шуни айтишим керакки, илгари миллий терма жамоамиз билан бир ҳафталик шуғулланганимда ўзимга ҳам хорижлик мутахассис излашаётгани ҳақида очиқ-ойдин айтишганди. Шу боис менга терма жамоани БАА билан ўйинга олиб бориб келасиз дейишганди. Ўшанда ҳам легионерларимизни чақирмасдан маҳаллий футболчиларимиздан фойдаланишимиз кераклигини айтишганди. Вазият шундай бўлишини ўзим ҳам билардим.
Натижада ўша пайтда терма жамоа менга ишониб топширилганди деб ўйламайман. Яъни, вазият аслида вақтинчалик эканлигини билиб тургандим. Умуман олганда, менинг терма жамоада ишлаш ёки ишламаслигимни вақт кўрсатади. Бу қанчалик амалга ошаркин, буни билмадим. Асосий мақсадимиз клубда бўладими ёки терма жамоадами, муҳими иқтидорли ўйинчиларни етиштириб беришда давом этамиз.
Мавсум бошида “Насаф”ни бир қатор футболчилар тарк этишди ва уларнинг орасида Рўзиқул Бердиевнинг куёви Дониёр Нарзуллаев ҳам бор эди. Ажабланарлиси, қишда бош мураббий жамоани тарк этган ўйинчилар хусусида фикр билдириб, Нарзуллаевни асосий таркибдан жой эгаллай олмагани ва унинг кетиши клуб учун катта йўқотиш ҳисобланмаслигини айтганди. Вазиятдан фойдаланган ҳолда ундан ўша гапи учун ҳам изоҳ сўрадик.
- Клубдан кетиш ўзининг қарори бўлди. Шартномаси тугагани учун унга “Бунёдкор”, “Металлург” каби жамоалардан таклифлар бўлди. Натижада ўз хоҳишига кўра бекободликлар сафига кетди. Жамоамиздан кетаётганида бу ҳақида иккаламиз маслаҳатлашганмиз. Асосий таркиб ўйинчиси эмас деганим шундаки, у кўпроқ захирада қолиши мумкин эди. Ўзига эса ўйин амалиёти керак эди. Балки шу боис бошқа клубга кетиш қарорига келгандир.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»