Пардалар туширилди, спектакль тугади. Бу иборани энди миллий биринчилигимизга нисбатан ҳам қўллай олсак бўлади. Ахир бизда ҳам чемпионат тугади ва жамоалар қишки таътилга чиқиб кетдилар.
Энди барчасини сарҳисоб қиладиган фурсат. Мавсум бошида ким қандай мақсад учун курашга киришганди-ю, энди ким қайси ўринда жойлашди?! Биз Суперлига иштирокчиларига ўтган йилги натижасидан келиб чиқиб, муносабат билдириб кўрамиз.
1-ўрин: “Пахтакор”. Ўтган йили 1-ўрин
Энг кўп чемпион бўлган “Пахтакор” мана учинчи йилдирки 1-ўринни ҳеч кимга бермай клеяпти. Тўғри, ҳадеб бир клубнинг чемпион бўлавериши ҳам чемпионатни зерикарли қилиб қўйиши бор гап. Аммо ҳеч ким “Пахтакор”дан чемпионликни тортиб ололмаяпти-ку. Ўтган йилгига нисбатан бу йил жамоа таркиби бироз кучсизлангандек кўринганди. Лекин шунда ҳам “Шерлар” яна муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштиришди. Албатта, ўтган йил билан солиштирганда кўрсаткичлари бироз пасайди. Масалан, 2020 йилги мавсумда 21 ғалаба, 2 дуранг ва 3 мағлубият билан 65 очко тўплган бўлса, бу йил 19 та ғалаба, 3 дуранг ва 4 бор мағлуб бўлиб, 60 очко жамғарди. Таъқибчиларини эса 13 очкога ортда қолдириб кетди. Шундай экан, “Пахтакор” ўз ишини қиляпти, бошқалар эса унга ета олмаяпти. Лекин Ўзбекистон Кубоги финалида “Насаф” чинакам қаҳрамонлик кўрсатиб, бир киши кам бўлишига қарамай, чемпионни мағлуб этди ва Кубокни қўлга киритди. Бу борада қаршиликларга танассо айтсак арзийди.
2-ўрин: “Сўғдиёна”. Ўтган йили 6-ўрин
Улуғбек Бақоевга шунчаки қойил қолиш керак. Ҳаммаси унинг меҳнати. Ўтган йили 6-ўринда якунлаган жамоа бу йил қанчалик сакрашга эришганини кўряпсизми? “Сўғдиёна” “чақилмас ёнғоқ” каби рақибларига жиддий муаммолар туғдирди. Тўғри, мавсум охирларига келганда жамоа очколарни бой берди. Аммо ҳал қилувчи охирги турда асосий рақобатчиси – АГМК майдонида охирги дақиқада урилган гол эвазига мавсумни иккинчи ўринда якунлашга эришди. Натижа учун ўйнаш қандай эканини Бақоевдан ўрганиш керак. Унинг жамоаси чемпионатда ўз дарвозасидан энг кам – 15 та гол ўтказди холос. Хуллас, ўтган йилги билан таққослаганда энг яхши натижа “Сўғдиёна”га тегишли бўлди.
3-ўрин: АГМК. Ўтган йили 3-ўрин
Миржалол Қосимов бошчилигадаги олмалиқликлар икки йилдан бери бронза медални ҳеч кимга бермаяпти. Аммо бу йил иккинчи ўрин учун уларда жуда яхши имконият ҳосил бўлганди. Охирги турда ўз уйида “Сўғдиёна”га ютқазмаганида АГМКни иккинчи ўрин билан табриклаётган бўлардик. Дарвоқе, ўтган йили АГМК 49 очко жамғарди, бу сафар эса 47. Ушбу очко ҳам жамоага учинчи ўрин учун етарли бўлди.
4-ўрин: “Насаф”. Ўтган йили 2-ўрин
Чемпионатда “Насаф”га бироз омад етишмади. Охирги турда ўз уйида “Локомотив”га ютқазмасдан ғалаба қозонганидами, ўтган йилги каби кумуш медалга эга чиққан бўларди. Бироқ Қаршидаги мағлубият туфайли “Насаф” медаллардан қуруқ қолди. Шу боис натижа бўйича пастлади. Лекин мавсум якуни қаршиликлар учун жуда омадли кечди. Кубок финалида “Пахтакор”ни мағлубиятга учратди ва Осиё Чемпионлар лигаси саралашида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Чемпионатда совринсиз қолгани бироз кайфиятни туширган бўлса, Кубокни ютиш орқали клубнинг хафагарчилиги тарқаб кетди.
5-ўрин: “Бунёдкор”. Ўтган йили 4-ўрин
Охирги марта 2019 йили учинчи ўринни қўлга киритган “Қалдирғочлар” шундан бери мавсумни совринсиз якунлашяпти. Ўтган йили 4-ўрин бўлса, бу сафар бир поғона пастлади. Қизиғи, ўтган йили 43 очко тўплаганди, бу йил 45 очко ҳам ўша натижани такрорлашга етарли бўлмади. Бунинг устига “Бунёдкор” асосан ўзининг тарбияланувчилари эвазига иштирок этаётганини айтиш жоиз. Бунда бош мураббий Шуҳрат Мақсудовнинг ҳам хизматларини алоҳида эътироф этсак бўлади. У қўлидаги бор масаллиқдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди.
6-ўрин: “Локомотив”. Ўтган йили 9-ўрин
“Мавсум-2020”га нисбатан солиштирсак, уч поғона юқорилади. Аммо умумий маънода айтганда, совриндор клуб учун ўрта ўринларда юриш у қадар ярашмаса керак. Жорий мавсумда мақсад жиддий эди ва кучли учталикка кириш учун бел боғланганди. Шу мақсадда португалиялик Микаэль Секейра таклиф қилинди. Лекин бир йилда натижа кўрсатиш осон иш эмас. Устига-устак шартномаси ҳам тугади ва у клубни тарк этди. “Локо” келаси мавсум яна аввалгидек кучли жамоага айлана оладими? Буни вақт кўрсатади.
7-ўрин: “Навбаҳор”. Ўтган йили 8-ўрин
Наманганликларнинг иштироки икки хил таассурот уйғотди. Биринчи даврада қониқарсиз, иккинчи даврада эса ўсиш бўлди. Ҳар йили ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўядиган жамоани мавсум якунида асосан ўрта поғоналардан топамиз ва бу сафар ҳам шундай бўлди. Лекин клубда олдинга интилиш учун жиддий ишлар қилиняпти. Чунки янги мавсумда Самвел Бабаян бош мураббий сифатида ишга киришади. Бу йил эса у мавсумнинг ярмидан маслаҳатчи мураббий сифатида Наманганда фаолиятини бошлади ва натижалар ҳам бироз яхшиланди. Фақат ўтган йилгига нисбатан бир поғона юқорилади холос.
8-ўрин: “Қўқон-1912”. Ўтган йили 5-ўрин
Бахтиёр Ашурматов жамоаси 2020 йилги мавсумни фахрли 5-ўринда тугатганди. Аммо бу йил таркибда у қадар жиддий ўзгаришлар кузатилмади ва деярли ўтган йилги футболчилар сақланиб қолинди. Албатта, клубнинг мақсади бор эди. Аммо барча ўйлаган режалари ҳам ўхшамади. Айниқса, ўз майдонидаги учрашувлардаги очколарнинг йўқотилиши қимматга тушди. Лекин эсда қоларли ғалабалар ҳам бўлганини унутмаслик керак. Ашурматов эса жамоасининг бу йилги иштирокидан қониқмагани аниқ. У талабчан мураббий ва жамоасини доим юқори ўринларда кўришни истайди. Балки янги мавсумда қўқонликларни ажойиб саргузаштлар кутаётган бўлса ажаб эмас.
9-ўрин: “Қизилқум”. Ўтган йили 11-ўрин
Навоий жамоаси биринчи даврада тўплаб қўйган очколари эвазига хотиржам бўлиб қолган кўринади. Иккинчи даврада ўзига ўхшамади ва кўплаб ўйинларда имкониятни бой берди. Чемпионат бошида клубнинг мақсади совриндорлар қаторидан жой олиш эканлиги айтилганди. Мавсум якунида эса “Қизилқум”ни 9-ўриндан топдик. Ўтган йили эса 11-поғонада якунлаганди. Аслида бу йил янада юқорироқ ўринлардан жой олишга ҳақли эди. Таркиби ҳам тажрибали ўйинчилар билан бойитилганди. Натижа эса шунга яраша бўлмади.
10-ўрин: “Металлург”. Ўтган йили 7-ўрин
Бекобод клуби сал қолса Суперлигадан тушиб кетиш хавфи остида қолганди. Клубда мураббийлар ўзгарди, кетма-кет мағлубиятли серияларга гувоҳ бўлдик. Оқибатда “Металлург” жуда қийин аҳволга тушиб қолганди. Мавсум охирида испаниялик мутахассис қутқарувчи ролига таклиф қилинди. Бир амаллаб клуб Суперлигада жон сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Умумий ҳисобда жамоада пастлаш бўлди. Бироқ Суперлигада қолиш йўлида “тирик” қолгани жамоа учун яхши ҳолат.
11-ўрин: “Сурхон”. Ўтган йили 12-ўрин
Ўтган йилгига қараганда “Сурхон”нинг кўрсаткичлари бир мунча яхшироқ кўриниш олди. Албатта, термизликлар бу йил ҳам Суперлигада қолиш учун курашди. Бу ишни яхши бажаришди. Чунки мавсум охирларига келганда “Сурхон” таъқибчиларини ортда қолдириб, муддатидан олдин элитада қолиш вазифасини бажарди. Афтидан, келаси йили биз бошқача “Сурхон”ни кўрадиганга ўхшаймиз...
12-ўрин: “Машъал”. Ўтган йили 10-ўрин
Ўтган мавсумда 10-ўринни эгаллаган клуб бу йил ҳам мавсум мобайнида элитада қолиш учун курашди. Бош мураббий Александр Хомяков асосан ёш, маҳаллий ўйинчилар ва африкалик легионерлар билан ишлади. Натижа эса энди ўзингизга аён. Жамоа 12-ўринни эгаллаб плей-оффга тушиб қолди. Про лига вакили – “Олимпик”ни мағлуб этса Суперлигадаги ўрнини сақлаб қоларди, бироқ муборакликлар ёш рақибига имкониятни бой берди. Натижада “Машъал” ҳам “Турон” ва “Андижон”га қўшилиб про лигага тушиб кетди. Муборакликлар жамоасида молиявий қийинчиликлар борлигини эшитгандик. Балки бу ҳам якунда натижага ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин.
13-ўрин: “Андижон”. Ўтган йили 13-ўрин
Ёдингизда бўлса, “Андижон” клуби ўтган мавсумда ҳам 13-поғонани банд этиб плей-оффдаги ғалаба орқали элитада жон сақлаб қолганди. Бу йил ҳам “Андижон” Суперлигада қолиш учун курашди. Бу борада уларда имконият яхшироқ кўринганди. Лекин аламли тарздаги очко йўқотишлар якунда жуда қимматга тушди. Ўтган йилги натижасини такрорлаган клубга бу етарли эмасди. “Бургутлар” бемалол жон сақлаб қоладиган ҳолатда эди-ю, бироқ бу борада уларнинг омади чопмади.
14-ўрин: “Турон”. Ўтган йили про-лигада
Суперлигада дебютини ўтказган “Турон” бир йилнинг ўзидаёқ жойига қайтди. Тўғри, клуб эгалари яхшигина маблағ сарфлашди, шароитлар яхшиланди. Таркиб яхши номлар эвазига кучайтирилди. Аммо футболда доим ҳам фамилиялар муҳим роль ўйнамаслигини кўрдик. “Турон” клуби бутун мавсум давомида аутсайдер мақомида бўлди ва бу тамғадан қутула олмади. Гарчи раҳбарият тарафидан барча шароитлар яратиб берилган бўлса-да, натижа ўзини оқламади. Маблағ тарафлама ҳам муаммо кўринмади. Демак, ҳамма гап мураббий ва футболчиларда.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ўзбекистонлик MMAчилар жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллашди