"Пахтакор" - "Навбаҳор" тўқнашувидан сўнг барчанинг эътибор марказида Ўткир Юсуповнинг "шерлар" мухлисига "ҳамла"си бўлди, аммо биз ўйиндаги ундан-да муҳимроқ омилга эътиборингизни тортмоқчимиз.
Турлича вазият
Баҳс якунлангач, кўплаб мухлислар "Навбаҳор"нинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаганини айтди. Ҳатто, "лочинлар" устози Самвел Бабаян ҳам жамоаси ҳужумда ҳеч нарса қила олмаганини таъкидлади. Баҳс олдидан Славче ва Бабаянда имкониятлар тенгмиди? Албатта, йўқ. Тўғри, кимдир икки мутахассис ҳам бир вақтда жамоа тепасига келди, дейиши мумкин, аммо...
Питер Хюистра Шота Арвеладзе ташлаб кетган тайёр ўйин схемасини сақлаб қолишга уринди ва буни уддалади ҳам. Бу унинг ўрнини эгаллаган Славче Войнески учун бир мунча қулайликлар тақдим этади. "Пахтакор" устози ҳаммасини бошидан бошлаши шарт эмас. Шунчаки, соатдек ишлаб турган механизмнинг "мурватини бураб қўйиш" кифоя. Самвел Бабаян борасида бундай деб бўлмайди. У жамоани қабул қилиб олгач, деярли янги таркиб шакллантиришга бел боғлади. Аввалига, ўз услубига мос футболчиларни жамоага жалб этган бўлса, кейин қулай схема асосида футбол қуришни бошлади. Бу унинг жорий мавсумдаги атиги расмий 4-баҳси, холос. Қандайдир тактик схемалар борасида хулоса қилишга ҳали эрта. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳам наманганликлар устози айнан шу ҳақда фикр билдирди:
"Бу ОЧЛ даражасидаги ўйин бўлди. Биз имкониятларимизнинг атиги 60 фоизини кўрсата олдик, холос. Қолган ўйинлар давомида ишлаб, бор потенциалимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз".
Қайсидир маънода, мағлубиятдан аламзада бўлган мухлислар учун бу баҳонадек кўриниши мумкин, бироқ асл ҳақиқат ҳам шу. Дунёдаги ҳеч бир мутахассис деярли 80 фоиз янги футболчилардан ташкил топган жамоа билан илк ўйинларданоқ ўз потенциалини 100 фоиз намойиш эта олмайди. Бунинг имкони ҳам йўқ!
"Пахтакор" билан баҳс тақдирини нима ҳал қилди?
Биринчи навбатда, Суперлигамиздаги энг кучли легионер Драган Черан эффектини алоҳида эътироф этиш шарт. Унинг даражасидаги футболчи Ўзбек клубларида бошқа йўқ. Шундай экан, бу "Пахтакор" учун ички биринчилик баҳсларида қўшимча имконият тақдим этади. "Навбаҳор" билан ўйинда ҳам айнан шу омил ҳал қилувчи вазифани бажарди.
Бугун футболимизда кучли плеймейкер ва ҳужумкор ярим ҳимоячилар тақчиллиги кўзга ташланмоқда. Нафақат клубларимизда, балки терма жамоада ҳам. "Navruz Cup" мусобақасида Сречко Катанец вариант йўқлигидан Азизбек Омоновни айнан шу позицияга жойлаштиришга мажбур бўлгани сўзимизга исбот бўлиши мумкин. Драган Черан эса, айнан шу зонанинг Ўзбекистондаги "қироли"га айланган. "Лочинлар" билан ўйинда Драган Азим Аҳмедов ва Жокични ўзи билан машғул қилибгина қолмай, керакли паллада ортга чекиниб, тўп назоратини жамоасига олиб беришни ҳам уддалади. "Пахтакор" эса, ўз таркибидаги асосий юлдуздан максимум наф чиқарди. Аслида, бу ҳам жамоанинг кучли жиҳатларидан бири.
Бугунги "Навбаҳор" таркиби номлар жиҳатида "Пахтакор"дан қолишмаслиги мумкин, аммо боғламлар, позицион ҳужум ва интенсив футболда бир қадам орқада. Футболда номлар роль ўйнаганида, ПСЖ ва "Манчестер Сити" ЕЧЛ олтин медалларини ҳеч кимга бермаган бўлар эди. "Пахтакор" грузиялик мутахассис даврида деярли 4 йил давомида ўз ўйин фалсафасини яратди ва уни 100 фоиз ўзлаштирди. Бугун эса, айнан ўша ўйин фалсафаси эвазига Ўзбекистондаги барча клублар билан ўйинда асосий фаворит мақомини ҳеч кимга бермай келмоқда.
"Навбаҳор"ни келажаги қандай?
Олдиндан бир нима дейиш мушкул, аммо захира ўриндиғининг кенглигидан келиб чиқиб, "Навбаҳор"ни чемпионлик пойгасидан чиқиб кетди, дейишга шошилмасликни маслаҳат берган бўлардим. Бугунги "Пахтакор"нинг фундаментини яратиб кетган Шота Арвеладзе ҳам ўзининг Тошкентдаги илк йилларида олтин медалларга яқин ҳам кела олмаган эди. Шундай экан, қандай қилиб Самвел Бабаяндан 100 фоизлик натижа талаб қилиш мумкин? Ҳали қанот футболчилари ўртасида "связка" йўлга қўйилмаган, марказ ва ҳужум чизиғидаги боғламлар ишланмаган, асосий марказий ҳимоячилар тандеми ҳали аниқланмаган жамоадан кечаги ўйинда ғалаба кутиш мантиққа тўғри келмайди. Энг асосийси, "шерлар" билан тўқнашувда "Навбаҳор"да руҳий қўрқув кўзга ташланмади. Айрим эпизодларда, ҳатто, мезбонлар босимда дош бера олмай чекинганини ҳам гувоҳи бўлдик.
Наманганликлар яхши савиядаги жамоа қуриш борасида тўғри йўлдан кетмоқда. Ҳозир уларга вақт керак. Улкан марраларга кичик қадамлар билан юриб борилади. Ортиқча босим, кераксиз ҳақоратлардан ҳеч қандай наф йўқ. "Лочинлар" ишқибозлари сабр билан жамоа шаклланишини кутиши шарт. Иккинчи даврага қадар уларнинг севимли жамоаси анча йиғиқ жамоага айланади. "Пахтакор" билан Намангандаги "реванш" баҳси эса, мухлислар қилган сабрнинг мевасига айланиши мумкин. Шундай экан, юракни кенгроқ қилинг, ҳурматли ишқибозлар! Суперлигадаги "гигантлар ўйини" энди бошланмоқда.
Я. У.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда